Нақшбандия таълимотининг XV асрдаги буюк намоёндаларидан бири шошлик Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий (1404-1490) ўз даврининг маданий-маърифий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган.

Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ал-ҳаёт» («Ҳаёт булоқларидан томчилар») номли асарида ёзилишича, Хожа Убайдулла – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чаҳорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чаҳорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган.

Хожа Аҳрор Валий мусулмон оламининг улуғ мутасаввиф донишмандлари орасида ўзига хос мўътабар ўрин тутади.
Тарихдан маълумки Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни «Қутби тариқат» деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий «Каъбаи мақсуд» – деб билган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса «Ҳазрат Хожа Убайдулло» – деб, ҳурмат билан тилга олган.

Бу зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносида, Валий сўзи кароматлари, валийликларига нисбатан лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина «қутб ул-ақтоб» сифатида эътироф этилган бўлиб, мазкур уч авлиёнинг бири – Хожа Аҳрор Валий бўлган.
Хожа Аҳрорнинг буюклиги шундаки, унинг табаррук сиймосида исломий фидоийлик, адолатпешалик, инсофу тавфиқ билан бирга саховат, меҳр-мурувват, ғарибпарварлик, фақирлик ва давлатмандлик мужассам эди.

Хожа Аҳрорнинг қалб сирларини ўзи ёзиб қолдирган «Рисолаи волидия» (Ота-оналар рисоласи), «Рисолаи ҳавория» (Ҳурлар рисоласи), «Фақирот ул офарин» (Донолар фақирлиги) каби асарлардан ўқиб олишимиз мумкин.
Ўз даврининг улуғ мутафаккир, хассос шоирлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳамда забардаст шоҳ, сухандон шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Хожа Аҳрорни ўзларининг маънавий пири муршидлари сифатида эҳтиром қилганлар. Унга атаб асарлар битганлар, айни вақтда унинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, тавсифлардилар.

Афғонистонлик олим Абдулҳай Ҳабибий ўзининг «Жомий тариқати» номли мақоласида «Саъд Кошғарий ва Хожа Аҳрор ўз асрининг улуғ руҳий пешволари эдилар» – деса, инглиз Шарқшуноси Чарлз Амброуз Стори ўзининг «Форс адабиёти» номли машҳур асарида, уни «Йирик валий Убайдуллоҳ Аҳрор», – дейди. Шунингдек, чех олими Феликс Таузр эса «Хожа Аҳрор номи билан шуҳрат қозонган туркистонлик табаррук авлиё нақшбандий сулукнинг шайхи Насириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Шоший», – деб, эҳтиром билан тилга олади.

Хожа Аҳрор нақшбандия тариқатининг йирик арбоби Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг давомчиси сифатида танилиши баробарида, айни вақтда деҳқончилик ва тижорат ишлари билан машғул бўлган, ўз даромадларининг аксар қисмини саховат ва кўмак ишларига йўналтирган.

“Рашаҳот” асари муаллифи Фахриддин Алининг келтиришича, Хожа Аҳрор ерлари Тошкент вилоятидан то Амударё соҳилларигача бўлган ҳудудда 1300 дан ортиқ экинзорларни ташкил этган. Эътиборга молик жиҳати, майда мулкчилар солиқлардан қутулмоқ учун ўз ерларини саховатли Хожа Аҳрор ихтиёрига ўтказишган.

Хожа Аҳрорнинг саховат ва ҳомийлик бобида нуфузи шу қадар бўлганки, у ушр, мол, закотдан ташқари фавқулодда солиқларни меҳнаткашлар гарданига юклашдан уларни ҳимоя этган. Хожа Аҳрор ерларининг кўпайиб боришига бу омил ҳам бир сабаб бўлган, холос.

Деҳқончилик, чорвачилиқдан ташқари Хожа Аҳрорнинг шаҳарларда ҳам ҳунармандчилик расталари, устахоналари бўлган ва булардан келиб турган катта даромад хайрия, молиявий ёрдам учун сарфланган.

Савдо-сотиқ масалаларида Хожа Аҳрор нафақат Мовароуннаҳр ҳудудида, балки Хуросон, Ҳиндистонга ҳам молларни юбориб, савдо қилган.

Хожа Аҳрорнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий фаолиятига назар ташлар эканмиз, эл орасида унинг саховат ва ҳомийлик бобида нуфузи жуда юқори бўлгани, фуқаролар осойишталиги, ҳунарманд ва тижорат аҳлининг равнақи йўлида ҳар қандай муаммоларни урушсиз, музокара ва тинч-осойишталик асосида келишув йўли билан ҳал қилиниши тарафдори бўлганига гувоҳ бўламиз.
Шу боис бўлса керак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо ўзининг «Бобурнома» асарида Султон Аҳмад Мирзо ҳақида сўз юритиб «Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзонинг замонасида рафоият ва фароғат билан ўткариб эдилар, аксар муомала Ҳазрат Хожа Убайдулло жиҳатидан адл ва шаръ тариқи била эди» – деб ёзган эди.

Хожа Аҳрор ўз хўжалик фаолиятидан олган даромаднинг кўпгина қисмини аҳоли бошига тушган оғир солиқларни тўлаш, аҳоли учун зарур бўлган маънавий-маърифий, диний ва маданий қурилишларни амалга ошириш каби ишларга сарфлаган.

Чунончи, Умар Шайх Мирзо (1456-1494) Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 000 динор ҳажмида солиқ талаб қилганида Хожа Аҳрор бу маблағнинг ҳаммасини ўзи тўлаб саховатпешаликнинг юксак намунаси бўлган. Яна қўшимча 70 000 динорни ҳам оддий инсонларга молиявий кўмак сифатида солиқ йиғувчиларга топширган. Шунингдек, ўз вақтида, Султон Аҳмад хазинасига 10000 кумуш тангани топширган.

Абу Тохир Хожа ўзининг «Самария» асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини ҳурмат-эҳтиром ва эъзоз қилар ҳамда уларга кўп саховат кўрсатиб, ёрдам берар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла эди. Бинобарин, у илм аҳлини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлар эди, шу сабаб Самарқанд, Тошкент ва Қобулда мадрасалар қурдириб, уларнинг тўлиқ моддий таъминотини ўз зиммасига олган эди.

Хожа Аҳрор Валий нақшбандия таълимотида олға сурилган, ҳар бир киши фойдали юмуш билан шуғулланиши лозимлиги ҳақидаги ғояни янада бойитди. Фуқаролар ўзларининг ижтимоий фойдали меҳнатлари натижасидан саховат ва кўмак бериш билан ўзгалар кўнглини шод этишлари даркор, деб ҳисоблади. Ўзгалар кўнглини шод қилмоқ, саховат, меҳр-мурувват чинакам мусулмончилик белгиларидан эканини тарғиб қилган.
Одамларнинг турли юмушларини осон қилиш, ижтимоий жиҳатдан кишилар учун фойдали бўлиш, уларга роҳат ва хурсанчилик ато этиш каби фазилатларни инсон ахлоқининг кўрки деб билди.

“Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний буюрмишларки, – дейди у Али Сафийнинг “Рашаҳот” асарида келтирилишича, – халқнинг оғирини енгил қилмоқ даркор, аммо бунга ҳалол касб билангина эришилади. “Қўл иш билан, дил ёр (Аллоҳ) билан” шиори Хожагон тариқатида муқаррардир”.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори
Уйғун ҒАФУРОВ

135240cookie-checkХожа Аҳрор Валий – саховат пешвоси ва меҳнаткашлар ҳомийси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting