Рўза араб тилидаги «сиём» сўзидан олинган бўлиб, «бир нарсадан ўзини тиймоқ» деган манони билдиради. Фиқҳий китобларимизда бўлса, «тонг отгандан то қуёш ботгунгача ният билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан ўзини тийиш» га айтилади. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳижрий иккинчи санада фарз бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деб рамазон рўзасини тутишни барча мусулмонларга фарз қилди. (Бақара сураси, 183-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада рамазон рўзасини тутиш бу янгидан кириб келган ибодат эмас, балки барча динларда бор эканлигини уқтирмоқда. Бошқа динлардаги рўза билан Аллоҳ таоло мусулмонларга фарз қилган илоҳий ибодат ўртасида ўзига яраша фарқлари бор. Баъзи динларда чегараланган нарсалардан белгиланган муддат давомида тийиладиган бўлса, муқаддас ислом динида мусулмонларга фарз қилинган рўза – 30 ёки 29 кун давомида ейиш-ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишга нисбатан ишлатилади.

Бу оятга яна бир назар ташлаган инсон унда ажиб бир ҳикматни кўради. Аллоҳ таоло бутун мусулмон умматига хитоб қилиб: «Шоядки, тақво қилсангиз», деб рамазон ойи бу Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан қўрқув ҳисси бўлган тақвони кучайтириш учун яна бир имконият манбайи еканини чуқур ҳис етади. Кимки Рамазон рўзасини тутиб туриб, қалбида заррача Аллоҳ таолога нисбатан қўрқув бўлмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Ва яна қайси бир инсон иймон ва эътиқод билан рўза тутадиган бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандасини «тақво» деб аталадиган икки дунё саодатига элтувчи мукаммал бахтга муяссар қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Ўзбошимча шайтонлар кишанланади. У ойда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», деди».
Имом Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло мусулмонларга рамазон ойи рўзасини тутишни фарз қилганини зикир қилмоқда. У ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати ила лаънатланган шайтонлар кишанланади. Жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Мана шу рамазон ойида минг ойга тенг Қадр кечаси бор бўлиб, уни ҳар бир мусулмон интиқлик билан кутади ва ўша кунда ибодат билан истиғфорлар айтиб, Аллоҳ таолодан билиб-билмай қилган гуноҳларининг кечирилиши сўраб дуо ва илтижолар қилади.

Демак, бу муқаддас ойда шунчалик кўп фазилатлар бор екан, ундан ҳар бир мусулмон кейинги йил келадиган рамазон ойигача ўзига зарур бўлган нарсаларни ҳосил қилиб, иймон билан савоб умидида ўтказиши керак екан.
Мана юқорида биз рамазон рўзасининг қандай фарз бўлгани ва унга оид ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқдик. Энди рамазон ойи рўзасини тутган инсон ўзига қандай фойдаларни касб қилишини келтириб ўтамиз.

1. Аввало, рўза тутган одам биз юқоридаги оятда айтганимиздек, ўзига тақво малакасини ҳосил қилади. Бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан то бизгача етиб келган барча уламолар айтиб келишган. Ҳаттоки, ҳозирги кундаги инсонларни очлик билан даволайдиган табиблар ҳам инсон оч қолган пайтида Аллоҳдан қўрқиш, Уни доимо ҳис этиб туриш ҳосил бўлишини айтмоқда. Шу инсонларнинг қўлидан даво топган одамларга: «очлик сабабидан нимага эришдингиз?» деб савол берсангиз, «Аллоҳ таолони доимо ҳис қилиб туриш, ибодатда мустаҳкам бўлиш ва енг асосийси тақво деб аталган кўникмани ўзида ҳосил қилганини айтишади.

2. Рўза тутишнинг фойдаларидан яна бири – инсон соғлигининг тикланишидир. Рўза тутиш инсонни турли хил касалликлардан ҳалос этиши билан бирга инсон баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсон организими енгиллашиб, кучли ва бақувват бўлади.

3. Рамазон ойи рўзасини тутган инсон ҳавойи нафсига берилмайди. Оддий рўза тутмайдиган инсондан фарқи ҳам ҳудди шу нарсада. Рўза тутмаган инсон йил 12 ой давомида нафси хохлаган нарсани ейди, ичади ва нафси қай тарафга бошласа, ўша тарафга қараб кетаверади. Лекин рўза тутган одам кун давомида ўзи ейишга ҳалол бўлган нарсалардан нафсини тийиб туради. Шу орқали у ҳавойи нафсининг ҳоҳиш истакларини синдиради. Ҳеч эътибор бериб кўрганмисиз, ифторлик қилиш пайтида инсон оз нарса еса ҳам қорни туйгандай бўлади. Кун давомида ифторлик пайти ейман деган нарсаларини ҳам ейишга нафси йўл қўймайди.

4. Рўза тутган инсоннинг рўзаси сабабли унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу олий бир ҳикматдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бу борада бир қанча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.

5. Рўза тутган инсон ўз рўзаси сабабли фаришталарнинг мақомига кўтарилади. Биз биламизки, фаришталар фақатгина Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Унга тинмасдан мақтовлар айтиш билан машғулдир. Уларга нафс яъни ейиш-ичиш ва жинсий яқинлик қилиш каби нарсалар берилмаган. Бу фаришталарга хос бир сифатдир. Рўза тутган инсон айнан мана шу сифатларни ўзида ҳосил қилади.

6. Рўза тутган инсон ўзида сабр деган улуғ бир сифатга эга бўлади. Бу сифат барча инсонларга зарур бўлган ва ҳар бир одам боласи егаллаши керак бўлган сифатлардан ҳисобланади. Ўттиз кун давомида кўнгли тусаган барча нарсалардан ўзини четга олади. Бу эса, ҳар бир инсонни сабр-бардошли бўлишга ўргатади.

Юқорида биз Қуръони карим оятларида, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифларида бу ойда рўза тутишнинг улуғ бир ибодат экани, рўза тутган инсон ўзида қандай фазилатли сифатларга эга бўлишини зикр қилиб ўтдик. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг савоб умидида Ўзининг розилиги учун тутаётган рўзаларимизни қабул қилсин! Шундай улуғ ойларда юртимизнинг бошига тушган бало-офатларни қилаётган дуоларимиз, айтаётган истиғфорларимиз сабабли Ўзи даф қилсин! Омин!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Ҳайтмурат Ережепов таёрлади.

135380cookie-check“Унда осмон эшиклари очилади…”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting