Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида диндор, зиёли оилада таваллуд топди. У кишининг йигитлик даври улуғ Ватан уруши йилларига тўғри келди. Урушнинг охирги йиллари ва урушдан кейинги тикланиш йилларида жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишладилар. Илмли инсонлар фарзанди бўлган Юсуфхоннинг ҳам оилавий муҳит таъсирида диний илмларни ўрганишга рағбати бор эди. Дастлабки билимни оталари диний арбоб Олимхон тўрадан олдилар.

Юсуфхон Шокиров оила ўчоғида олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида 1948 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Мадраса таълимининг учинчи йилида оталари Олимхон тўра муборак ҳаж сафарига бориб келадилар. Муборак зиёрат ҳақида ўз таассуротларини сўзлаб бериш вақтида Саудия Арабистонига Миср Араб Республикаси орқали борганлари ва у ерда  бутун дунёга машҳур Ал-Азҳар университети борлигини сўзлаб берадилар. Шу кундан бошлаб Шайх Юсуфхоннинг фикру зикри мазкур университетда таҳсил олиш бўлиб қолади. Шу мақсадда Москвадаги раҳбар ташкилотларга мактуб йўллайди. Тикланиш даври ва диндорларга бўлган ўзгача муносабат натижасида марказдан жавоб хати келиши 1955 йилга, яъни Мир Араб мадрасасини тугаллаётган пайтларига тўғри келди. Шу йили Юсуфхон Шокиров анчадан бери орзу қилиб келгани Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилади. Мазкур университетнинг араб тили ва адабиёти факультетини аъло баҳоларга тугаллаган Юсуфхон тўра 1961 йили олган билимлари асосида динга хизмат қилиш учун ўз ватанига қайтади ва меҳнат фаолиятини Диний идора халқаро бўлими мудири вазифасидан бошлайди.

Илмга чанқоқ Юсуфхон тўра диний билим билан бирга дунёвий илмни ҳам уйғунлаштириш мақсадида 1962 йилда Тошкент Давлат университетининг Шарқ филологияси факультетининг кечки бўлимига ўқишга кириб, 1967 йили уни муваффақиятли тугатади. Кейин Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Беруний номидаги шарқшунослик илмий текшириш институтида тадқиқотчи бўлиб, Ал-Азҳар университети – минг йиллик тарихга эга бўлган араб филологияси маркази» мавзуидаги илмий тадқиқот ишларини бошлаб юборадилар. Юсуфхон Шокировнинг араб, инглиз, форс, турк тилларини пухта билиши илмий изланишида жуда қўл келади ва 1975 йилда Москва шаҳрида номзодлик ишини ҳимоя қилишга муваффақ бўлади.

1971 йил 1 ноябрда муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан Имом Бухорий номидаги Тошкент Олий маъҳади ташкил қилингач, бу таълим даргоҳини бошқариб, фаолиятини тўғри ташкил этиш учун муносиб номзод зарур эди. Бу масуълиятли лавозимга Юсуфхон Шокиров муносиб кўрилди ва 1971-1972 йиллари Тошкент ислом институтида ректорлик қилди.

Юсуфхон тўра 1975-1997 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раислари Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон, Шамсиддинхон Бобохонов каби  муфтийларнинг ўринбосари вазифасида, 1997 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Бош маслаҳатчи сифатида фаолият юритди. Шу давр мобайнида Юсуфхон тўра Осиё ва Африка мамлакатлари ҳамкорлиги ташкилоти ва Тинчлик комитети аъзоси сифатида кўплаб хорижий мамлакатларда хизмат сафарларида бўлди. Йирик диний арбоб сифатида диний ва дунёвий ташкилотлар билан халқаро дўстлик алоқаларини тиклашда ўз ҳиссасини қўшди.

Диний идорадаги маъмурий ишлар билан бир қаторда Шайх Юсуфхон тўра Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берди.

 

 

          Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида 74 ёшда Тошкент шаҳрида вафот этди. Жаноза намозларини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ҳазратлари ўқиди. Қабрлари «Минор» мозоридадир.

 

Маълумотлар Мир Араб Олий мадрасаси ректори Ҳайдархон домла Юлдашходжаевнинг “Ўзбекистон уламолари” китобидан олинди

 

136280cookie-checkТошкент ислом институтнинг 1-ректори ким бўлган?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting