Республикамизда ўтказилаётган “Сирдарёликларга кўмак” акциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча таълим муассасалари фаол иштирок этиб келмоқда. 

Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси жамиятимизнинг барча қатламлари қатори, диний ташкилотлар томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Хабарингиз бор, Тошкент ислом институти жамоаси томонидан Сардоба туманида содир бўлган офатдан азият чеккан сирдарёликларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси ташкил этилди. 

Қисқа вақт ичида саховатли ҳамюртларимиз томонидан жамғармага 15 миллион сўм пул маблағи ва оила учун бирламчи зарурий ашёлар (эркак ва аёллар, болалар кийими ва юмшоқ ўйинчоқлари, гиламлар, чойшаблар, кўрпачалар, жойнамозлар, рўзғор буюмлари ва зарур гигиеник воситалар ҳамда тиббиёт ниқоблари) келиб тушди. 

Шаҳримиздаги  саховатпеша инсонлар томонидан тўпланган маблағларни ўз “эга”ларига топшириш мақсадида 7 май куни институт ректори Уйғун Ғафуров бошчилигида бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлар 1 та Damas LABO ва 6 та енгил автомашиналарда Сардоба туманига ташриф буюрдилар.


Олий маъҳад вакиллари Сардоба тумани имом-хатиблари ҳамроҳлигида сув тошқинидан зарар кўрган маҳаллаларда бўлиб, азият чеккан шахслар билан учрашдилар. Суҳбат давомида уларга руҳий далда бўлиб, йиғилган биринчи зарурий маҳсулот ва маблағлар ёрдамида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига тарқатилди. Акция доирасида йиғилган 15 миллион сўм 15 та оилага 1 миллион сўмдан тақсимлаб берилди.


Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлларини чўзаётган азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилганидек: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (Моида, 2). Ҳадиси шарифда эса: “Мўмин киши мўмин биродарини ёрдамсиз қолдирмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти) Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин.

“Сардобага ёрдам” хайрия акциямиз давом этади, навбатдаги саховат карвонига ўз ҳиссангизни қўшинг:
Узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш учун алоқа телефони: +99890 955 39 75
Пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Мадаипов Аҳрор номида):
8600021978323304
Хориждаги ҳамюртлар томонидан пул маблағларини ўтказиш учун пластик карта (Абдуҳаким Олимов номида):
4790912210624575
Манзил: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом инсититути. Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Мўлжал: Ҳазрати Имом масжиди

Аллоҳ таоло қилаётган хайру саҳоватингизни қабул қилиб савобларини кўпайтириб берсин, юртимизни барча балолардан асрасин. Сирдарё аҳлини бу кулфатдан тез фурсатда чиқиб олишларини насиб этсин!

136880cookie-checkОлий маъҳаддан “Сардобага ёрдам” хайрия акцияси: 15 миллион сўм ва оила учун зарурий ашёлар сирдарёликларга етказилди
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting