Мамлуклар Арабистон ярим оролини, айниқса Маккаю Мадина ва уларнинг орасидаги Ҳижозни назорат қилардилар. Милодий 1279, ҳижрий 678 йилда Мамлук султони Мансур Қалавун ҳукмронлиги даврида Пайғамбар алайҳиссалом қабри устига ёғочдан гумбаз қурилган бўлиб, дастлаб рангсиз, кейинчалик оқ ва кўк рангларга бўялди. 1481 йилда масжидда кучли ёнғин содир бўлганидан сўнг, гумбаз ёниб кетади. Шу каби офатлар сабаб гумбаз бузилиб кетмаслиги учун мақбара устига ғиштли иншоот қурилди ва гумбаз усти ёғочнинг ўрнига қўрғошин плиталари билан қопланади. Ўша йили масжид, жумладан Пайғамбар алайҳиссалом мақбараси мамлук султони Абулносир Сайфуддин бошчилигида кенгайтирилди.

Ҳозирги кўринишдаги гумбаз 1818 йилда Усмонли Султон Маҳмуд II томонидан қурилган. Гумбаз илк бор 1837 йилда яшил рангга бўялган. Яшил гумбаз ҳозирги давргача Пайғамбар алайҳиссалом қабрини атрофдаги кумуш рангдаги бошқа мақбаралардан ажратиб туради.
Яшил гумбаз учидаги олтиндан тайёрланган бўлак Усмонли Султон Абдулҳамид буйруғи билан ўрнатилган.
Усмонлилар тасарруфида Арабистон ярим ороли, Фаластин, Шом-Сурия, ҳозирги Ливан ва Иордания бор эди. Улар 1517 йилдан бошлаб Биринчи Жаҳон уруши тугагунига қадар, 1918 йилгача ҳукмронлик қилдилар.

Сауд оиласининг биринчи ҳумкдори, Саудия давлатини тузишда дастлабки қадамни қўйган Сауд ибн Абдулазиз 1805 йилда Мадинани эгаллаб олганида, унинг тарафдорлари Мадинадаги деярли барча мақбара ва гумбазларни вайрон қилдилар. Масжидун Набавийдаги олтин безаклар қўпориб олинди, аммо Пайғамбар алайҳиссалом мақбараларидаги гумбаз конструкцияси жуда пишиқ ва мустаҳкам ишланганлиги сабабли уни бузишга эриша олмадилар.
Шунга ўхшаш воқеалар 1925 йилда Саудия қўшинлари томонидан қайта содир этилди ва бу сафар ҳам бузишга муваффақ бўлмадилар.
Тhe Independent нашрининг ёзишича, 2007 йилда Саудия Арабистони бош муфтийси томонидан маъқулланган ва Саудия Ислом ишлари вазирлиги томонидан нашр этилган рисолада «яшил гумбаз бузилиши ва масжиддаги учта қабр текисланиши» ҳақида айтилганди.

Ўша йили Британиянинг change.org сайтида гумбазни бузилишига қарши мусулмонлар  томонидан петиция эълон қилинган эди.
Бироқ, бу хабарнинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида бирор бир асос мавжуд эмас, мақбаралар бузилиши тўғрисида эса бошқа бирор бир ишончли нашр ёзмади.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting