Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан юртимиз ҳудудида туғилиб илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган мумтоз алломаларимиз фаолиятини кенгроқ ёритиш мақсадида www.moziy.edu.uz сайти ишга туширилди.

Ушбу сайт ва унда эълон қилинадиган лойиҳалар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Абсоатов билан суҳбатлашдик.

– Юсуф Абсоатов, ушбу сайтни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида айтиб ўтсангиз?

– Тарихда, умуман бугунги кунга қадар илм фан соҳасида катта илмий тадқиқотларни амалга оширган олимларимизни авлодларга яқиндан таништириш, ўзбек илм-фан дарғалари номлари ва қутлуғ саналарига бағишлаб турли лойиҳалар ҳамда онлайн олимпиадалар ўтказишни мақсадида ушбу сайтни ташкил қилдик. Бунда асосан, машҳур алломаларимизнинг кўпчиликка маълум бўлмаган қирралари ҳақида туркум мақолалар бериб бориш, умрини илм-фанга бағишлаган, бироқ бугунги авлод танимайдиган фидойи олимларимиз, уларнинг ихтиролари ҳақида маълумотлар тўплаш ва эълон қилиш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Шунингдек, маълумотлар базасини шакллантириш учун республикамиздаги етакчи илм масканлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, олимларимиз номи билан аталувчи республика ва халқаро олимпиадаларни онлайн тизимда ташкил қилиш ва ғолибларни рағбатлантириш вазифалари мавжуд. Сайтнинг расмий телеграм канали(@мозиедууз) ва бошқа ҳамкор каналлар орқали мақолалар, лойиҳалар ҳақидаги маълумотларни кенг кўламда бериб боришни, амалга оширилаётган ишлар хусусида фойдаланувчиларнинг фикрларини ўрганиб камчиликларни бартараф етиш ва таклифлар асосида янги рукн ва лойиҳаларни ташкил этишни режалаштирганмиз.

– Агар сир бўлмаса, ушбу ғоянинг пайдо бўлиш тарихини айтиб бера оласизми?

– Устозимиз кимё фанлари доктори, профессор Ҳамдам Акбаров билан суҳбат асносида, Ўзбекистон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган кимёгар олимларимиздан бири профессор Р.Тиллаев хотирасига бағишлаб телеграм орқали онлайн олимпиада ўтказиш фикри келди. Бу икковимизга ҳам маъқул тушди. Кейин фикримиз кенгайиб, бошқа фанларда ўз ҳиссасини қўшган олимлар хотирасига ҳам ўтказсак бўлади, деган ғоя туғилди. Буни вазирлик ходимлари билан муҳокама қилдик ва ушбу олимларимизни нафақат республикага, балки халқаро миқёсда танитиш кераклиги муҳим эканини таъкидланди. Вазирлик томонидан олимпиадани фақат телеграм орқали эмас, балки платформа орқали ўтказиш кераклиги ва сайт номини www.мозий.эду.уз шаклида ташкил этиш таклифи киритилди.

– Лойиҳа доирасида қайси олимлар хотирасига бағишлаб олимпиада ўтказишни режалаштиргансизлар?

– Жорий йилнинг 18 май куни кимёгар олим профессор Раҳим Тиллаев хотирасига, июнь ойида ахборот технологиялари соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Жўра Абдуллаев хотирасига бағишланган онлайн олимпиадаларни ўтказишни режалаштирганмиз. Республика ва Халқаро олимпиадаларимиз тест шаклида ташкил этилади. Унинг саволлари 25 та бўлиб, шулардан 2 таси олим ҳаёти ва фаолиятига бағишланади. Бундан мақсад ёшларимиз ўзбек олимларининг фаолиятини ўқиб ўрганиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек мамлакатимиздагидек бой тарих ва буюк алломалар ҳеч қаерда йўқлигига ишонч ҳосил қилади.

Манба: uza.uz

138250cookie-checkЁшларни илм-фанга йўналтирувчи янги лойиҳа ишга тушди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting