Янги коронавирус пандемияси фонида турли хил гап-сўзлар, унинг келиб чиқиши борасида турфа хил фикрлар пайдо бўлди. Ҳамма унга ўз дунёқарашидан келиб чиқиб ҳар-хил изоҳлар берди. Дунё бўйлаб бир-биридан фарқли, бир-биридан ажойиб ва ғаройиб бўлган очиқламалар афкори оммани эгаллаб олди.

Бошида бу Хитойнинг мусулмонларга нисбатан амалга оширган зулмлари учун Аллоҳ томонидан юборилган бало деган даъволарни илгари сурдилар. Лекин, вабо Хитойдан чиқиб мусулмон давлатларга ҳам тарқалиб кетгач, бу фикр сувга тушган туздек эриб кетди.

Кейин мазкур вабо аёл кишилар учун динда ниқоб муҳим ўрин тутишини балки, унинг фарз эканлигини кўрсатиб қўйиш учун юборилган деган иддаолар пайдо бўлди. Ваҳоланки, коронавирус туфайли тиббий ниқобни ҳозир нафақат аёллар балки, эркак-у аёл баб-баробар тақяпти.

Шунингдек, Сovid-19 вирусининг қандайдир махфий лабораторияларда ўта қудратли ва ўта яширин бўлган қора кучлар томонидан ёвуз мақсадларда қасддан яратилгани ҳақида ҳам гапирмаган одам деярли қолмади.

Коронавирусни ҳозирда атайин чиқарилган, қасддан тарқатиляпти деган эътиқодда бўлганлар аввалига уни умуман йўқ нарса, бу шунчаки, масжидларни ёпиш учун дин душманлари томонидан ўйлаб топилган, дейишди.

Кейин эса коронавирус масонлар томонидан яратилган дедилар. Яна бир тоифа конспирологлар эса коронавирусни масонлар эмас, шайтонга сиғинувчи секталар ишлаб чиқарган, дедилар. Ўз даъволари учун келтираётган далиллари эса далил бўлишга арзимайдиган нарсалар. Қайсидир машҳур қўшиқчининг клипидаги сурат, 1 долларлик купюранинг орқа тарафидаги қанақадир расм ва ёзув, қайсидир фантаст ёзувчининг китобида айтиб кетилган сўзлар ва ҳоказо.

Лекин, доим бир нарсани назардан қочиряпмиз. Ва шу нарсани назардан қочираётганимизни ҳам назардан қочирмоқдамиз. Вирусология ва эпидемиология бу катта бир илмий майдон. Масалани, ўз мутахассисларига ҳавола қилмай, уларнинг ҳаққини улардан олиб қўймоқдамиз.

Қайси масала бўлишидан қатъий назар, хоҳ у диний билимлар бўлсин, хоҳ дунёвий билимлар бўлсин, ўз аҳли ва мутахассисларининг сўзига қайтилади.

Шу вақтга қадар вирусология ва эпидемиология билан шуғулланувчи бирор-бир нуфузли ташкилот, бирор-бир нуфузли тиббий муассаса вирус лабораторияда сунъий равишда яратилганлигини тасдиқламади. Балки, соҳа мутахассислари бу гапларни инкор этдилар.

Ҳатто, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дек зот “Дунёнгизга тааллуқли ишларда сизлар билгувчироқсиз“ дея ваҳий келмаган ҳолда ўз раъйлари билан айтган масалаларда янглишишлари мумкинлигини эътироф этганлар.

Имом Нававий саҳиҳи муслимдаги ушбу ҳадиснинг шарҳи олдидан қуйидаги сарлавҳа билан боб очади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга маиший ҳаётга тааллуқли бўлган нарсаларда ўз фикрлари билан айтган нарсаларда эмас балки, шаръий масалаларда айтган сўзларига итоат қилиш лозимлиги ҳақидаги боб“.

Баъзи ҳолатларда саҳобалар сўрардилар: “ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада Сизга ваҳий келганми ёки ўз фикрингиз билан айтмоқдамисиз?“. Агар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “йўқ, балки, ўз раъйим билан айтяпман“, десалар мазкур саҳобий одоб билан ўзидаги фикр ва таклифни билдирар ва натижада унинг таклифи Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам маъқул келса, олардилар.

Вирусология ва эпидемиология фани пайдо бўлганига кўп бўлмади. Қадимда мазкур фанлар умуман бўлмаганлиги учун одамлар ваболар ҳақида ҳар хил тушунчаларда бўлганлар. “Касаллик юқмайди“ деган янглиш тушунча катта-катта дин олимларида ҳам бўлган. Чунки, у вақтда тиббиёт бугунги кундагидек илдамлаб кетмаган бўлган ва касаллик ташувчи вируслар ўзининг юқиш табиатига қараб ўз юқиш йўллари орқали сабаби топилганда юқиши мумкинлиги илм-фан даражасида исботини топмаган бўлган.

Номини эшитганда одамлар “воҳ!“, деб юборадиган Ибн Ҳажар Асқалонийдек катта олимлар ҳам юқоридаги сабаблар туфайли ҳадиснинг зоҳирини тутиб, “касаллик мутлақ юқмайди балки, ҳар бир касаллик юқмаган ва бошқа одамдан интиқол этмаган ҳолда ҳар бир инсонда янгидан яратилади“ деган фикрда бўлганлар. Албатта, бу Тавҳид масаласига оид эътиқод бўлмаганлиги учун ва шу эътиқодга олиб келган зоҳирий сабаблар мавжудлиги ҳамда унинг тескарисини исботлайдиган илм ҳали пайдо бўлмаганлиги учун улар бу фикрларида маъзурдирлар. Лекин, фаразан олиб қарасак, агар бугуннинг илми ўша вақтда бўлганда ва Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам ўз кўзлари билан касаллик ташувчи вируслар бир одамдан иккинчисига ўтиш ҳолатига гувоҳ бўлганларида албатта фикрларини ўзгартирган бўлардилар. Зеро, Ислом дини ҳар бир масалада унинг эгасига қайтишни тақозо қилади.

Ибн Ҳажар Асқалоний ўша пайтда қора ўлат деб аталувчи вабони жин тегиши туфайли тарқаляпти деган эътиқодда бўлганлар ва бу фикрларини “базлул моъувн фий фазли-т-тоъувн“ китобларида баён қилганлар. Аммо, ўша китобнинг ўзида одамлар ўлатдан паноҳ сўраш учун худди истисқо намозидаги каби тўпланиб, дуо қилишни динда пайдо қилинган бидъат ишлардан эканлигини таъкидлаганлар. Шунингдек, 749 ҳижрий йили Дамашқ шаҳрида пайдо бўлган ва 833 йили Қоҳирада тарқалган вабо пайтида оддий одамлар ва шаҳарнинг катталари саҳрога чиқиб, жамоавий тарзда Аллоҳга ёлвориб дуо қилганларида вабо баттар кучайиб кетгани ҳақида ёзганлар (328-329).

Шофеий мазҳабига мансуб катта олимлардан Суютий ҳам вабо юқмайди деган эътиқодда бўлганлар ва жума намозида издиҳомда айнан вабо ҳақида маъруза қилганлар ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан вабога йўлиқиб вафот этганлар.

Лекин, қадимда айрим саҳобаларнинг вабо келганда тутган йўллари ҳамда айрим ҳадиси шарифлардаги кўрсатмаларга диққат назари билан қарайдиган бўлсак, тиббиёт ривожланмаган ўша даврларда ҳам кимлардир вабо юқумли эканлигини билганини кўрсатади.

Имом Аҳмад ўз муснадларида, Табарий ўз “Тарихи“да келтиришича Умар (розияллоҳу анҳу) даврларида Шом ўлкасида амвос ўлати деган ном билан машҳур бўлган бир вабо тарқалади. У вақтда Шомнинг амири Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) эдилар. У киши вабога чалиниб вафот этдилар. Сўнгра, у ерга Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) волий қилиндилар лекин, у киши ҳам вабога чалиниб вафот топдилар. Шундан кейин Шомга Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)ни волий қилишди. У киши волий қилиб тайинлангач, одамларга нутқ қилар эканлар шундай дедилар: “эй одамлар, бу вабо қачонки, бирор ерда воқе бўлса, бамисоли олов каби алангаланиб, атрофидаги ҳамма нарсани ёқиб юборади. Шундай экан, тоғу тошларга чиқиб, ундан ҳимояланинг!“. Сўнгра, Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи ҳам, бошқа одамлар ҳам тоғ-у тошларда беркиниб олишди ва Аллоҳ мазкур ўлатни улардан даф қилди.

Яъни, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу мазкур ишлари билан таъбир жоиз бўлса, карантин тартибини жорий қилганлар. Одамлар бир-бирига аралашмаган ва турли жойларда беркиниб олишган. Шунингдек, у кишининг бу ишлари вабо юқумли эканлигини тан олиш ҳисобланади. Юқорида Ибн Ҳажар Асқалонийнинг одамлар вабодан паноҳ тилаш учун катта сайҳонликларда тўпланиб, дуо қилганларида вабо баттар кучайиб кетганлиги ҳақидаги сўзларини ҳам ўқидик. Бу ҳам бўлса, мазкур олимнинг бевосита бўлмаса-да, билвосита касаллик юқишини эътироф этиши сифатида баҳоланиши мумкин.

Бугунги кунда инсониятнинг янги коронавирус қаршисида ожиз қолаётганлиги бу муваққат ожизликдир. Дунё олимлари уни енгиш, унга қарши вакцина ишлаб чиқиш устида тинмай меҳнат қилмоқдалар. Иншаллоҳ, яқин келажакда бу вирусни ҳам Аллоҳнинг изни билан ортда қолдирамиз, енгиб ўтамиз.

ТИИ ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев

139290cookie-checkМишмишларга эмас, мутахассиснинг сўзига ишонинг
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting