Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар юқорида қайд килганимиздек, «ал-Жомиъ ал-кабир». («Катта тўплам»).

Сахихи Термизий, «Сунани Термизий» (Термизий суннатлари) каби номлар билан хам юритилади. Тарихчи ибн Хажар Асқалонийнинг айтишича, Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 милодий) йилда, яъни деярли олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, Имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган.

Ушбу асар кулёзмалари дунёнинг бир канча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сакланмокда. Муҳим манба сифатида «АлЖомиъ ас-сахийх» бир неча марта нашр килинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митохда, 1292 (1875) йили Қохирала, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. Термизийнинг бу мухим асарига бир катор шарҳлар хам ёзилган бўлиб, улардан ибн Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 148 мелодий йили) номи билан машҳур бўлган Имом Хориз Абу Бакр Мухаммад ибн Абдулла Ашбилийнинг «Оридатул-Ахиазий ала китоби Термизий» номли 13 жузъ (кисм здан иборат шарҳини келтириш мумкин. Ушбу шарх дастлаб 1931 йилда Қохирада нашр килинган.

Аввал эслатиб ўтганимиздек, ҳижрий учинчи аср (милодий тўккизинчи аср) хадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Дастлаб бу даврда яшаб ижод қилган Имом Бухорий, Имом Муслим каби алломаларнинг сермаҳсул фаолияти катта аҳамият касб этади.

Ўз устозлари Имом Бухорий, Имом Муслим асос солган хайрли ишни Имом Термизий чукур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди. Хадисшуносликнинг илмий асосда ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли мухаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» олим машаққкатли меҳнатининг маҳсули сифатида ҳадис илмида катта хамиятга эга. Энг аввало шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алохида алоҳида бобларга бўлади, имкони борича ҳар бир ҳадис ровийларини келтиради. Хар бир хадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини аниқлаб алоҳида кўрсатади. Олдинрок бошқа асарини «Ас-Сунан» («Cуннатлар») номи билан аталишини хам эслатиб ўттанлик. Бу ном билан аталишига асосий сабаблардан бири – унда фиқҳ масаласига доир аҳком ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда панд-насихат, аҳлоқ-одоб, гўзал худқу фазилатлар хусусида хам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилганки, бу даражадаги ҳадислар хеч бирор муаллиф асарида учрамайди, десак муболаға бўлмайди.
Таркибий жиҳатдан асар куйидаги бобларга бўлинади. Ундан тахорат,
салот (намоз), закот, рўза, хаж, жаноза, никох эмизиш, талок, савдо-сотиқ қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, сайд, курбонлик, назр-нузур, имон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар ичимликлар (ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, хайрихоҳлик ва тақдир, хуружу фитналар, башоратлар, шаходатлар, зоҳидлар, жаннат ва жаханнам сифатлари, илм, изн сўраш, одоб ва ахлок, масаллар, Қуръони карим фазилатлари, кироат, тафсир, дуолар. фазилатлар, иллатлар хакидаги боблар келтирилган.

Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлинган бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала буйича муаллиф бир канча хадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошка уламою факиҳларнинг фикрларини хам батартиб баён этади. Ундан кейин ривоят килинган хадиснинг сахих, хасан, заиф ёки ғариблигининг даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг хадис ровийлари, саналлари ва санаддаги иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.

Юқорида айтилган фикримизга мисол тариқасида Абу Исо Термизийнинг «Ал-Жомеъ ас-сахих» асарида «Тахорат» бобида «Сафардаги ҳар бир жойда муқим турган киши махсисига масҳ тортиши хакида келтирилган бир ҳадис хусусида муфассал тўхталамиз.

«Бизларга Қутайба сўзлаб берди, унга Абу Авона ривоят қилган, у Саид ибн Масрукдан, у Иброхим Таймийдан, у Амр ибн Маймундан, у Ау Абдуллох Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у пайгамбар алайхиссаломдан ривоят киладилар. Расули акрамдан махсига масҳ тортиш хакида савол билан мурожаат килганларида, пайгамбар алайхиссалом:

«Сафардаги киши учун уч кеча-кундуз, бир жойда муқим киши эса бир кеча кундуз ўз махсисига масҳ тортади», деб жавоб қилганлар. Яхё ибн Маин масх ҳақидаги Хузаймадан ривоят қилинган ушбу хадисни саҳих (ишончли) дейдилар. Юкорида зикри ўтган Абу Абдуллоҳ Жадалийнинг исми эса Абу Абдуллоҳ ибн Абд бўлиб, баъзан уни Абдурахмон ибн Абад ҳам деб аташар эди.

Имом Абу Исо Термизий айтадилар: «Бу хадис ҳасан (маъқул) ва саҳиҳдир». Шу боб хақида Али, Абу Бакр, Абу Хурайра, Сафвон ибн Уссол, Авф ибн Молик, Ибн Умар ва Жарирдан ривоят этилган хадис бор. Бизларга Хаддод ривоят килди, у Абул Аҳвасдан, у Осим ибн Абу Нажуддан, у Зар ибн Хубайшдан, у Сафвон ибн Уссоддан, у айтди: «Расулуллох саллоллоҳу алайхи васаллам сафарида бирга бўлган чоғларимизда бизларга уч кечао уч кундузгача чориқ – махсиларимизни ечмасликка буюрардилар. Фақат жунуб бўлгандагина ечиб, катта ва кичик тахорат синганда хам, уйкудан кейин хам ечмас эдик». Абу Исо Термизий айтдилар: бу ҳадис саҳиҳ ва хасандир. Ҳакам ибн Утайба ва Ҳаммад Иброҳим Нахаъийдан, у Абу Абдуллоҳ Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан ривоят қилган ҳадис саҳиҳ эмас. Али ибн Мадийний хабар беради: «Менга Яхё ибн Саид айтди, унга Шуъба шундай деган: Иброхим Нахайи «Масх хакидаги хадисни Абу Абдуллох Жадалийдан хеч қачон эшитмаган зоида Мансурдан эшитганига таяниб шундай дейди: «Биз Иброҳим Taймийнинг ҳужрасида ўтирган эдик, бизлар билан бирга Иброхим Нахайин хам бор эди. Шунда Иброхим Таймия бизларга ҳадис ривоят килди, У Амр ибн Маймундан, у Абу Абдуллох Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у Пайғамбар алайҳиссаломдан махси – чорникқа масҳ тортиш хакидаги хадис эди. Мухаммад ибн Исмоил Бухорий: «Ушбу бобдаги энг маъкул хадис Сафвон ибн Уссол томонидан ривоят этилган хадисдир»,дейдилар.

Абу Исо Термизий айтадилар: Масх бобидаги бу сўз Пайгамбар алайҳиссаломнинг аксар сахобаи киромлари ва тобеинлари ҳамда улардан сўнг ўтган Суфён, Ибн Муборак, Шофеий ва Исхок каби фукахоларнинг сўзларидир. Улар: «Бир жойда муқим турган киши бир кеча-кундуз, сафардаги киши эса уч кеча-кундузгача масх тортади», дейдилар. Баъзи бир аҳли илмлардан ривоят килишларича, улар махс-чорикка масх тортишда муддатни белгиламайдилар. Бу Молик ибн Анаснинг сўзидир. (Аммо) Абу Исо Термизий айтганлар: «(Масҳ тортишда) вакт (муддат) белгилаш ва унга риоя килиш туғридир». Дарҳакикат, ушбу хадис (аввал зикр килинганидек) Сафвон ибн Уссолдан ривоят килинган эди.

Муаллиф ровийларнинг фикр-мулоҳаза, қарашлари, Пайғамбаримиз алайхиссаломга яқин бўлган сахобалар ва бошқа уламолар фикрига таяниб ҳадис ҳақидаги фикрларини баён этади. Асарга киритилган бир неча минг хадисни шундай тадкик килиш муаллифдан тинимсиз меҳнат, сабр-токат, иродани талаб қилганлигини тасаввур килиш кийин эмас.

Чунончи, Термизий китобларида бу хилдаги хадисларнинг бирмунча кўплиги унинг беназир изланишларидан далолатдир. Ушбу асар хақида муаллифнинг ўзи хам:«Ал-Жомиъ»ни ёзиб тугатиб Хижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик билан бир овоздан маъқул топдилар. Ростдан хам кимнинг хонадонида бу китоб булса, гўёки бу уйда Пайғамбар алайхиссаломнинг Ўзлари сўзлаётгандек”, деб ёзади. Машҳур олим Тошкўприйзода ИмомТермизий фаолиятига юкори бахо бериб шундай ёзади: “Имом Термизийнинг ҳадис илми соҳасида кўплаб таснифотлари бор. Ул зотнинг «Ас-Сахих» асари ушбу китобларнинг энг яхшиси ва ғоят фойдалисидир. Бу китобда «саҳиҳ», «ҳасан», «ғариб» каби турли хилдаги ҳадислар баён этилади. Китобнинг “Китобул-илал” кисми иллатли хадисларга бағишланган ҳолда фойдали мулохазаларни ўз ичига олган. Ушбу асарни мутолаа қилган хар бир киши унинг кўпгина ноёб дурдоналаридан бахра олади»

Термизий уз замонидаги олимлар унинг хадис илмидаги хизматларини юксак баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан бири Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисий «Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган имомлардан биридир», деб ёзса, Тақиуддин ибн Таймия «Абу Исо Термизий биринчи бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заифга тақсим қилган олимдир», деб гувоҳлик беради. Ҳофиз ибн Ражаб ўзининг “Шарҳу илалил-Жомеъ” номли китобида “Билгилки, Имом Термизий биринчилардан бўлиб ўз китобларида ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ва ғарибга бўлганлар» деб алломанинг ҳадис илмидаги хизматларини алоҳида таъкидлайди. Термизий асарининг барчага –кенг оммага фойдаси хакида Ҳофиз Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Муқаддасий (у 507-ҳижрий – 1113 милодий йилда вафот этган) «Мен учун Имом Термизийнинг «ал-Жомиъ» таснифи Имом Бухорий ва Имом Муслим ибн Хажжож асарларидан кўра хам фойдалироқдир. Чунончи Бухорий ва Муслимнинг китобларидан кўпинча фақат уқимишли, зиёли кишиларгина фойдаланади. Аммо Абу Исо Термизийнинг асаридан эса, хар бир истаган киши бемалол файдалана олади» деб ёзган эди. Шу нарсани алоҳида қайд этиш зарурки, Имом Термизийнинг ушбу асарида ҳадис илмининг турли масалалари каби ровийлар масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу жиҳатдан мазкур асар муаллифнинг бошқа асарларидан тубдан фарқ қилади. Имом Термизий асарининг ушбу фойдали томонлари хусусида Хоким Найсобурий «ал-Мадхал ило маърифати китобил иклил”, Мукаддасий “Шурутул аимматис-ситта» каби асарларида алоҳида таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга ҳадис илмининг истилоҳларини яратишда ҳам Имом Термизийнинг хиссаси катта. Ҳадис илмига доир истилоҳларни ўрганишда асосий манбалар хисобланган “Улумул ҳадийс” (“Хадис илмлари”) китобларида учрайдиган барча истилоҳлар «ал-Жомиь» асарида кенг куламда келтирилган. Термизий услубига тақлид қилиб асар яратган муаллифлардан Имом Дороқутнийни (995 йилда вафот этган) кўрсатиш мумкин. У ўзининг улкан асари “ас-Сунан”ни яратишда ҳадисларни турли тоифаларга ажратиб, уларни саҳиҳ, ҳасан ва заиф даражаларда келтиради. Шунингдек, Имом Аблулазим Мунзирий (1258 йилда вафот этган) ҳам «Аттарғиб ваттархиб»да Имом Термизий услубидан юриб ҳар бир ҳадис хақида алоҳида фикр юритади. Имом Термизий ҳақида Аллома Идрисий «ал- Жомиь”, “Тарихлар”, «ал-Илал» каби юксак асарлар тасниф этди. Хифзда (ёдлашда) у хақида масаллар келтирадилар”. Муаррих Ибн Асир у ҳақида: “Ҳадис илмида иқтидо қилинадиган буюк олимлардан бири, у энг буюк хофизлардан ҳам саналади» , деб ёзган. Имом Термизий ўз устози ва сафдоши Имом Бухорий суҳбатида бўлганда у Термизийга “Мен сендан кўрган фойда сен менден кўрган фойдадан кўпроқ” , деб ақл-идрокига юксак бахо берган.

Имом Бухорий номидаги Тошкент
ислом институти 403-гуруҳ талабаси
Эркинжонова Нодира

139880cookie-checkИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ”АСАРИДА КЕЛТИРИЛГАН ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАР
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting