Қарангки, болажонлар, фаришталар орасида Иблис ҳам яшаркан. Аслида у фаришта эмас, жинлардан экан. Шунинг учун манманлик қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунмабди, Одамга сажда қилишдан бош тортибди. Бу итоатсизликдан ғазабланган Аллоҳ таоло лаънати шайтонни Ўзининг марҳаматидан узоқлаштирибди ва уни Жаннатдан чиқариб юборибди. Бундан маъюс бўлган иблис Одамни яна ҳам қаттиқ ёмон кўриб қолибди. Аллоҳга қасам ичиб, энди Одам ва унинг фарзандларига душманлик қилишга, уларга барча ёмон ишларни чиройли кўрсатишга, уларни ҳам ўзидек ғазабга йўлиқтиришга аҳд қилибди.

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг хотини Ҳаввони жаннатга киргазибди. Иккаласига Жаннатдаги биргина мевадан ташқари барча меваларни хоҳлаганча ейишга рухсат берибди. Уларни иблисдан эҳтиёт бўлишга буюриб, шундай дебди: «Эй, Одам, албатта, бу сенга ҳам , жуфтингга ҳам душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин»(Тоҳа сураси, 117-оят).

Лаънати иблис эса энди бу Жаннатда мазза қилиб яшаб турган Одам ва Ҳавони қандай қилиб Аллоҳнинг тўғри йўлидан адаштирсам, уларга гуноҳ иш қилдирсам, уларни ҳам ўзимга ўхшатиб Жаннатдан қувғин қилдирсам экан, деб роса ўйланибди. Ўйлай-ўйлай, охири ўзининг шайтоний режасини тузибди ва Одамнинг олдига келиб: “Эй Одам, мен сенга мангулик дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?“, (Тоҳа сураси, 120-оят) – деди. Одам ва Ҳавони ўзининг ёлғон сўзига ишонтириш учун гапининг орасида “Мен сизларга яхшиликни илиняпман“, – деб ёлғон қасам ҳам ичибди. Афсуски, у лаънати шайтоннинг ёлғон қасамига Одам ва Ҳавво ишонишибди.

Давоми бор…

141110cookie-checkБолажонлар саҳифаси – Пайғамбарлар қиссаси. Одам алайҳиссалом (иккинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting