Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломини араб тилида нозил қилди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам араб бўлганлар ва у зот араб тилида гаплашганлар. Аллоҳ таоло охирги пайғамбарига китоб нозил қилиши учун араб тилини танлаши, ўзи бу тилнинг шарафли эканига кифоя қилади. Араб тилини ўрганиш ва ўргатиш фарзи кифоядир. Чунки усиз Қуръон ва ҳадисни тушуниб бўлмайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Албатта биз уни (Китобни) англашингиз учун арабий Қурьон тарзида нозил қилдик” , (Юсуф сураси, 2-оят).

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Араб тилини ўрганинглар, чунки у динингиздандир.”, деганлар. (Байҳақий ривояти)

Бошқа бир ривоятда: “Араб тилини ўрганинглар, чунки араб тили мурувватни зиёда қилади” деганлар. (Байҳақий ривояти)

Араб тили дунёдаги тиллар ичида кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. Луғат бойлиги билан ва қоидаларининг турли-туманлиги, бир сўзни бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги, комиллиги билан бошқа тиллар ичида ажралиб туради. Балки, дунёда шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам аввалги ўринни эгаллайди.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий: «Тилга эътибор, элга эътибор», деган эдилар. Бу сўзлар бекорга айтилмаган, албатта. Чунки ҳар бир тил маълум бир ҳудудда алоқа воситаси, қолаверса миллатлараро танишув, дўстлик воситасидир.

Ўрта Осиёга ислом дини тарқалиши билан араб тили ҳам кириб келди. Ўша даврда араб тилини билмасдан киши юксак маърифат эгаси бўлиши мушкул эди. Албатта аждодларимиз бу тилни чуқур ўрганиб, унда китоблар ёздилар ва машҳур бўлдилар. Ҳозирги кунимизда ҳам араб тилининг аҳамияти йўқолган эмас. Чунки, муқаддас динимиз исломнинг она манбаълари араб тилида, бобокалонларимиз қолдирган буюк адабий мерос аксар қисми араб тилида. Демак ҳар бир, тил ва тарих фани ўрганувчилари учун араб тилини билишлари зарур экан.

Ҳинд океанидан то Фрот дарёсигача, Форс қўлтиғидан то Қизил денгизгача чўзилган катта ярим орол Арабистон деб аталади. Ана шу катта майдонда қадимдан араблар яшайди.

Араб тили тараққиёти уч босқичга бўлиб ўрганилади:
1. Қадимий адабий араб тили.
2. Классик адабий араб тили.
3. Замонавий адабий араб тили.

Ҳозирда араб тили ер юзидаги 500 миллионга яқин инсонлар учун она тили ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг ҳалқаро сўзлашув тили ҳисобланади. Араб тили дунёдаги 22 та араб давлатининг расмий тили бўлиб, улар шу тилда гаплашади. Қолаверса, араб тили ҳозирда олтита жаҳон тилларининг бири ҳисобланади.
Араб тили форс ва яҳудий тиллари каби ўнгдан чапга қараб ёзиладиган нодир тиллардандир. Араб тилидаги сўзлар сони 12,5 миллионни ташкил қилади. Солиштирадиган бўлсак, инглиз тилидаги сўзлар сони 600 мингдан ошмайди. Араб тили“Қуръон тили”, “Доод тили”(бу ердаги “дзод” сўзи араб тили алифбосидаги “ض”ҳарфига нисбатан қўлланилган. Чунки бу ҳарф бошқа тиллардаги алифболарда учрамайди) деб ҳам номланади. Араб тили хаттотлик фани дунёдаги энг гўзал фанлардандир.

Ҳар йили декабрь ойининг 18-санаси «Халқаро араб тили куни» сифатида нишонланади.

Ҳар йили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида халқаро араб тили анжумани ўтказилади. Мазкур анжуманда араб тилидаги 100 га яқин тадқиқот ишлари ва илмий мавзулар муҳокама этилади.

Араб тили фанлари кўп бўлиб улар луғат илми, сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат, араб адабиёти, имло ва китобат, аруз, шеър, қироат ва илмул асвот кабилардир. Мана шу каби араб тили илмларини мукаммал билиш билан инсон араб тилини ҳам мукаммал билади. Унинг сир-асрорларини тушунади.

Тошкент ислом институти
701-гуруҳ талабаси
Абдуллаев Абдикарим

141750cookie-checkАраб тили ва уни ўрганишнинг аҳамияти
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting