Ҳадиси шарифларда ҳам куфр сўзи бир қанча фарқли маъноларда келган:
1. Шаҳодат калималарини узрсиз равишда айтмаслик маъносида:

عَنْ اَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ اِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « اُمِرْتُ اَنْ اُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ فَمَنْ قَالَ لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ عَصَمَ مِنِّى مَالَهُ وَنَفْسَهُ اِلاَّ بِحَقِّهِ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّه». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен “ла илаҳа иллаллоҳ” дегунларигача инсонларга қарши курашишга буюрилдим. Бас, кимки “ла илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, мендан молини ва жонини сақлаб қолибди, фақат бунинг (Исломнинг) ҳаққи бундан мустаснодир. Унинг ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда шаҳодат калималарини айтмасликка бирор узри бўлмасдан туриб уларни айтмаган кишига дунёда мўминлик ҳукми берилмаслиги баён қилинган. Инсон умри давомида бир марта “ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши унинг мўмин бўлишига кифоя қилади.

2. Мусулмонни кофирликда айблаш маъносида:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « إِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهِ أَحَدُهُمَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўз мусулмон қардошига “эй кофир” деса, албатта улардан бири унга қайтади”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда мусулмонни куфрда айблашда айтувчининг ўзини куфрга олиб бориш хавфи борлиги баён қилинган. Яъни бу гапни айтувчининг сўзи ёлғон бўлса, иймонни куфр деган бўлиб қолади. Мўминнинг иймонини куфр дейиш эса куфр бўлади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

141940cookie-checkКУФР СЎЗИНИНГ ҚУРЪОН ВА СУННАТДА КЕЛГАН МАЪНОЛАРИ (иккинчи мақола)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting