ДУО ҒАНИМАТДИР

0
35

Мана, барчамиз интиқиб, интизор бўлиб кутган моҳи Рамазон ҳам қалбларимизни йиғлатиб ўз поёнига етиб бормоқда. Мусулмонлар учун улкан аҳамият касб этадиган, йил давомида йиғилиб қолган дунё-охиратдаги эҳтиёжларини, тавба-истиғфорларини, дуо-ю саловотларини меҳрибон Роббисига тортиқ этиш билан ижобатини кутадиган муборак ой тугаяпти. Албатта, ҳар бир иймонли қалб бундан маҳзун. Рамазоннинг охирги ўн кунлиги дўзахдан паноҳ экани ҳадиси шарифларда таъкидлаб ўтилган. Демак, ҳар биримиз бу улуғ кунларни, буюк соатларни, улкан неъматларни ғанимат билиб, ибодату дуоларни кўп-кўп қилиб қолишимиз керак.

Келинг азиз биродар ушбу муборак онларда диёримиз, динимиз, халқимиз, аҳли оиламиз, ўзимиз, фарзандларимиз, яқинларимиз, барча мусулмонлар ҳақларига эзгу тилаклар сўрайлик. Зора, меҳрибон Аллоҳ ожизона қилган тавба-ю дуоларимизни қабул қилиб, ниятларимизга етсак. Шоядки, фақирона қилган ибодатларимизни, амалларимизни меҳрибон Роббим ўз фазли карами билан ҳусни мақбул айласин.

Шунингдек, солиҳ инсонлар, ота-оналаримиз ва устозларимиздан ҳам дуо олишга шошилишимиз керак. Яна бир-биримизни хайрли дуоларимизда унутмайлик. Чунки биродаримизни дуо қилган онларимизда Роббимни изни билан фаришта «Сенга ҳам бўлсин!» деб туриши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Зеро, қабулиятга энг яқин дуолардан бири дўстларимиз ҳаққига қилган ғойибона дуоларимиздир.

Аллоҳим, Ўзинг улуғ, буюк Зотсан. Фазлинг чексиз. Сендан ўзга сўрайдиганимиз йўқ. Дуоларимизни ижобат қил! Буюрганингдек Ўзингдан тиламоқдамиз, ваъда қилганингдек дуоларимизни қабул айла, эй меҳрибон Зот!

Аллоҳим! Ҳолимизни ислоҳ эт! Динингга қувват бер, бандаларингни Ўзинг қўлла! Бошимизда турган синовларни тез кунда кўтаргин!

Юртимиз равнақи, мумин-мусулмон авлодларимизнинг тараққиёти билан кўзларимизни қувнат! Мазлумларга нажот бер! Аллоҳим, мусулмон юртлардаги урушларга Ўзинг барҳам бер! Ҳаммага тинчлик, қалб хотиржамлигини насиб этгин! Мусулмонлар қалбларини бирлаштир, ўрталарини ислоҳ қил!

Аллоҳим! Мусибатимизни динимизда қилма! Гуноҳларимиз туфайли бизни азоблама! Бизга раҳм қил! Бандаликда билиб-билмай қилган гуноҳларимизни авф айла!

Аллоҳим, нафсимизга тақвосини бер, уни покла! Бизга дунё ва охират яхшилигини бер! Ўтганларимизни раҳматингга ол! Қолганларимизни ҳидоятда, омонликда қил!

Илоҳим, барча қадрдонларимизнинг дуоларини ижобат айла, бизларнинг илтижоларимизни ҳам уларнинг дуолари қаторида қабул эт! Янаги Рамазонларга тинчлик-хотиржамликда, юрту элимиз билан етказ! Бошимизда имтиҳон бўлиб турган синовларингни фазлинг билан кўтаргин! Синовларингга гуноҳларимиз сабаб бўлса ўзинг Ғоффор Зотсан мағфират қилгин!

Парвардигоримиз барчамиз дуо талабмиз, бас, тутган рўзаларимиз ва тоат ибодатларимизни қабул айла, улуғ, муборак рамазон ойингда, улуғ кун ва тунларингда, минг ойдан ҳам хайрли бўлган қадр кечада қилган барча ибодатларимиз, бедорликларимиз ҳаққи ҳурматидан гуноҳларимизни кечир! Зеро, сен авф этгувчисан, авф қилмоқни севасан, барчамизни авф айла! Омин!

Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг