Мен битта ҳужайраман тўғрироғи, Ҳечкимман!!!

0
35

Рамазон бу Ўзлик Ойи!

Сенинг раҳмат уммонингда суза-суза иликларимизгача, ҳужайра ҳамда ундан ҳам кичик зарраларимизгача Раҳмати Илоҳий чашмасидан қониб-қониб тўйинмоқдамиз…Илоҳий Низом олдида ҳайратга тушмасдан, башарий ақл-заковат бўйин эгиб, тиз чўкмасдан иложи йўқ, албатта. Раҳмат-Мағфират-Иътқумминаннар кетма кетлиги… Уч илоҳий неъмат, учта илоҳий босқич, илоҳий тарбия ва тазкия (поклаш) поғоналари… Бандага ўзлигини, кимлигини, ўрнини ва вазифасини ўргатиш, таълим бериш, тарбия қилиш услуби… Назарий, амалий, баданий, жисмоний, нафсий ва ниҳоят, руҳий тарбия мажмуаси. Қулга қулликдан кечиб, Бутун Борлиқ Подшоҳига қуллик, Оламлар Парвардигорига ходимлик мақомига юксалиш мактаби… Бу тарбия, бу юксалтириш услубини бутун бани башар бир ёқадан бош чиқариб, асрлар давомида ақл ва куч сарфлаганида ҳам бу қадар мукаммал ишлаб чиқа олмаслиги кундек равшан!

Зеро, Роббимиз бизни ўзимиздан яхши билгувчидир! Дарвоқе, У бизга шоҳтомиримиздан ҳам яқинроқдир! Дунё яралганидан бери башарга оид неча-неча мактаблар, муассасалар, тарбия тизимлари йиқилди, бузилди, талабга жавоб бера олмасдан йўқликка юз тутди. Бироқ не ҳолки, Сарвари Коинотнинг шарафли мактаби ҳар доимгидай яп-янги, ҳар онгидай тик ва мудом фаолиятда… Саноқсиз талабалар, беҳисоб мутахассислар, ҳад-ҳисобсиз Ҳазрати Инсонларни бермади дейсиз башариятга! Беришда давом этмоқда ва то қиёматгача давом этгай…

Демак, инсонлик моҳиятига уйғун интизомдир тарбиянинг бу уч босқичи. Бошқага марҳаматли, раҳматли бўлмаган раҳматга лойиқ эмас, кечиримли, мағфиратли бўлмаган кишининг мағфиратдан насибадор бўлиши ҳам даргумон. Бошқаларни оловдан, қийинчилик ва мусибат оташларидан халос этиш учун ҳаракат қилмаган, чора изламаган ва томошабин бўлиб, айниқса, бу бало оловлари ичра бандаларни бечораликка маҳкум этганларнинг эса, иътқумминаннардан омон қолиши мутлақо Илоҳий Адолат мезонларини ларзага солиши табиий…

Рамазон бу Парвоз Ойи!

Ваҳоланки, нафс оч, нафс кучдан қолган, қувватдан мосуво… Энг кучли ёрдамчиси ҳибсда, қўл-оёғи кишанланган ҳолида, занжирбанд этилган! Модомики шундай экан, руҳнинг парвозига ким ҳам моне бўла оларди. Руҳий парвоз, руҳан юксалиш инсонни фазилат чўққилари сари етаклаши, айни ҳақиқат. Бу ҳақиқатни шу пайтгача яшаб ўтган анбиёю авлиё, олиму уламо, фозилу фузалодан тортиб, энг оддий чўпонгача бирдай эътироф этади…

Дунёдан узилиш… Нафс истакларидан узоқлашиш инсонда тафаккур эшикларини ланг очиб, хаёлот дунёсига ғарқ этади. Виждон, ақл, онг ва шуурнинг эркин ишлашига замин туғилади. Бир сўз билан айтганда, инсоннинг ўзини, ўзлигини англаши, кимлигини тушуниб етиши ҳамда ўз вазифа ва масъулиятларини қайта идрок этишига кенг имконлар пайдо бўлади. Дунё ва дунё моли учун, қорни ва баданий лаззатлари пешида нақадар елиб-югургани, оқибатда йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга бебаҳо умрини совуриб юборганининг фарқига бора бошлайди. Бутун саъй-ҳаракатларининг марказига моддани қўйиб қўйганини кўриб, кўзлари очилади, надомат чекади, кеч бўлса ҳам дунёга бошқача назар сола бошлайди…

Осмон ва Ер орасидаги пардалар очилган бу муборак ойда жасад истакларини унутдик, нафс хоҳишларини бир чеккага улоқтирдик. Биз ҳам малакут оламидан руҳимизни тўсиб турган ғафлат пардаларини парчалаб, барчага саодат кўрсатмаларини тақдим қилган саодатли, бахтли инсонлар томон парвоз қиламиз! Саодат сирларини кашф этиш пайида бўламиз. Ўзи саноқли, баракаси ҳисобсиз муборак кунларда Саодатли манзилни ихтиёр этамиз…

Рамазон бу Саодат Ойи!

Мана ўша Асри Саодат! Мана ўша Саодатли шаҳар! Мана ўша саодат манбаи бўлмиш дунё яралганидан бери мисли такрорланмаган Саодат муассасаси! Ҳа, ҳозирги ҳоли каби яшил гумбаз йўқ томида, мармар кошинлари ҳам кўринмаяпти негадир. Теварагини чароғон қилиб турган чироқлардан ҳам дарак йўқ. Бироқ нури Илоҳий ила чароғон, Арш билан алоқаси туфайли томи самолар бўйлашолмас даражада баланд. Оддийгина хурмо поясидан қурилган бу муассасанинг оддийгина лойдан ясалган деворлари ичида қиёматга қадар давом этиб кетадиган бахтиёрлик рецепти битилмоқда, фаровонлик формуласи тадбиқ этилмоқда…

Жазирама атрофни лов-лов ёндиради, тирик жон борки қовуриб ташлаш пайида… Шул боис, теваракни сукунат қоплаган, жимлик ҳукмрон… Қилт этган шарпа йўқ атрофда. Тўсатдан йирик одамнинг оёқ товушлари келади ташқаридан. Ким экан у паҳлавонкелбат баҳодир, кўринишида сал мажолсизлик намоён… Тавба, қарасалар, ичкарида яна бир нур юзли инсон ўтирган эканлар. Улар бир нималарни гаплашиб туришганида, ораларига яна бир Зоти Бабаракот келиб қўшилди. Мана, охирида келган муборак инсонга иккаласи қоринларини очиб кўрсатишмоқда. Ие, нима у? Тош! Қоринларига тош боғлаб олишган экан. Ўз навбатида, Ул Зот ҳам уларга қорнини очиб кўрсатдилар. Субҳаналлоҳ! Иккита тош бирданига бойлаб олинган экан! Ахир булар Коинот Сарвари саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳамда икки содиқ дўстларику! Сиддиқ ҳамда Фаъруқ разиаллоҳу анҳулар! Унда нега улар қорниларига тош боғлаб олишган? Иссиқда, бевақт нима мажбур қилди бу инсонларни кўчада юришга? Жавоби оддий – очлик! Салобати бутун дунёга кўланка солиб турган муборак Мадинаи мунавварага чор тарафдан бойликлар оқиб келиб турган бир пайтдая?!

Мана бани башарга саодат сирини улашган Зотларнинг ҳаёти… Мана уларнинг яшаш тарзи. Емасдан едириш, киймасдан кийдириш, кулмасдан кулдириш… Умуман олганда, ўз шахсий ҳаётини лаззатларга ғарқ қилиб юбормасдан, бошқалар ҳузури учун яшаш. Бошқалар бахтидан бахтланиш, бошқалар ҳузуридан ҳузурланиш. Ўзи яшамасдан, бошқаларни яшатиш ғояси!

Рамазон бу Қалб кўзларини очиш пайти!

Жасад кўзларимизни очганимизда, Асри Саодатга қилган сафаримиз қалбимиздан тошиб чиққан надомат ёшларига кўмилади… Эндиликда, бу кўзларга ҳожат қолмайди ҳақиқатни англаб етишимиз учун. Бу ёғига ақл ҳам, виждон ҳам, қолаверса қалб ҳам битта нарсани ҳайқиради: “Бас! Уйғон энди! Мавжудлигинг тақозосига кўра яша! Шумиди сенинг дунёга келиш ғоянг, бор бўлишинг сабаби?!”

Шууримизда минглаб саволлар ғужғон ўйнамоқда… Уларнинг ҳаммаси битта нуқтада марказлашади: Мен кимман ўзи?

Нафсимга қўйиб берса, менга етадигани йўқ. Аслидачи? Аслида мен каатта инсон ҳисобланувчи “Инсоният” аталмиш махлуқ танасининг бир ҳужайрасиман. Битта арзимас ҳужайра, холос! Коинот биносининг битта зарраси. Борлиғи ва йўқлиги ҳеч қандай оғирлик бермас даражадаги битта урвоғи. Бу ибора, бу ўлчов қолган бошқа ҳамма одамлар учун ҳам айнан ўринли.
У ҳолда, мен нега бошқаларга бегона назар билан боқаман? Нега фақат ўзимни, ўз яқинларимни ўйлайман? Нега баъзи кишиларни кўргани кўзим йўқ? Баъзиларининг мушкул аҳволига бепарвоман? Ахир уларнинг шу ёқимсиз ҳолларида менинг ҳам ҳиссам йўқми? Бу ва бу каби саволлар ёғилиб келаверади ногаҳон…

Ўнг қўлим чап қўлимга қарши курашса, бир оёғим иккинчисини чалса, бармоғим кўзимни ўйиб олишга уринса?! Ақл бовар қиладими бу ишларни? Одам фарзандларининг бугунги ҳолатини бунга муқояса қилиб кўрсакчи? Низоми илоҳийда бир-биримиз билан танишиб, дўстлашиш, бирлик-бирдамлик қилиш тараннум этилмаганми, ахир?!

Оламларга раҳмат Пайғамбари ниманинг ғамида яшадилар бир умр? Ахир бугунги ўлчовларга кўра мезон оладиган бўлсак, қорин ғамида юрмайдими инсон? Бир умрлик уринишларидан сўнг, ғалабани қўлга киритган бўлсалар?! Нега оч юрибдилар у ҳолда?!

Мана шу ерга келганида англаб етгандай бўламиз асл ҳаётий фалсафани. Ҳа, айнан рамазонда, айнан лаззатлардан узоқ қолганимизда буни янаям чуқурроқ ҳис қилишимизга имкон туғилади.

Рамазон Хулосалар чиқариш фурсати!

Катта тана ҳисобланмиш дунё миқёсидаги парвозимиз ниҳоялангач, кичик дунё ҳукмидаги танамиз ичра сайрга отланамиз. Ҳар бир аъзо бир ўлка мисоли мустақил ва шу билан бирга бошқа аъзоларга ёрдамчи ва мададкор. Биров бировнинг йўлини тўсиш, безорилик ва талончилик қилиш ҳолатига учрамайсиз бу оламда. Бадан бўйлаб жойлашган олтмиш триллион ҳужайра бир хилда, бир маромда илоҳий интизом ичра истиқоматда. Битта жойда муаммо пайдо бўлса, бутун куч, бутун имконият шу нуқтага йўналтирилади. Бу ишда ҳатто қайсидир ҳужайралар ўзларини ем қилиб юборса, қай бирларидир қалқон бўлиб жон фидо қилишади. Хуллас, оёққа тикан ботса, кўз ёш тўкади… Бу Илоҳий ҳикматларга бой ажойиб оламга бир бор кириб кўрган киши Ер юзига, оддий ҳаётга қайтиб чиққиси келмай қолади. Лекин, анави битта хужайрани қаранг! Нима бўлган унга ўзи? Ҳаммадан кўп ея бошлади. Натижада сал семириб қолди. Ие, энди у атрофидагиларниям ейишни бошлаб юборди. Нима бўлди бу ҳужайрага? Нега у худбинлашиб кетди? Ҳаа, айтгандай “хавфли ўсимта” дейилади бунга тиббиёт тилида. Ахир, ўзи ўтирган шохни арралашку бу?! Унинг бу худбинлиги яшаб турган дунёсини, ҳаёт кечираётган оламини ҳалокатга олиб келадику. Унинг бугунги очкўзлиги нафақат ўзининг эртасини, балки бутун борлиғини маҳв этишини тақозо этмайдими, ахир?! Э-воҳ, аттанг!!!

Кўзларимни очиб ўзимга келганимда анча нарсанинг фарқига бора бошладим. Ҳа, дарҳақиқат бир сиқим тупроққа тўладиган кўзлар бу. Ваҳоланки, борлиқни ҳалокатга етакловчи унсур худбинлик! Роббим бизга нафсимиздаги ва атрофимиздаги оят-аломатларни ўқиб, хулосалар чиқаришимизни бежиз тавсия этмаган, албатта. “Нафсини таниган, Роббини танийди!” қоидаси ҳам бекорга эмас.

Эй Буюклар Буюги Роббул Оламин! Ўзингнинг оламлар узра яратиб қўйган оятларингни кўришга очиқ кўз бер!

Эй Мени Мендан яхши билувчи Эгам! Ичимдаги Менга қул бўлишдан Мени асра! Барчамизни бундай тубанликдан халос эт!

Рамазоннинг баракатини ўртага қўйиб, Ўзингнинг Раҳматингдан ўтиниб сўраймиз!

Бани Одамни Гўзал хулқлар Соҳиби соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Саодат кўрсатмалари билан яшаш шарафига ноил эт! Ҳар биримизни бадан ҳужайралари каби бир-биримизга меҳрибон, умум муаммолар, умумий манфаатлар йўлида яшаш, худди ўша митти зарралар, тана аъзолари каби ҳамоҳанг, дўстликда, биродарликда умргузаронлик қилиш фаросатини ато қил!

Рамазоннинг улуғлигини восита этган ҳолда, Ўзингнинг Мағфиратингдан ёлвориб сўраймиз!

Инсониятга Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берган усулда бағрикенглик, кечиримлилик, бошқалардан келган азиятларни унутиш ҳамда қўлидан ва тилидан ҳеч кимга озор етказмаслик фазилатини бахш эт! Ўзингнинг мағфиратинг булар устига қурилажагини туйдир биз ожиз бандаларингга!

Рамазон шафоатини шафеъ қилиб, Ўзингнинг ғазабингдан яна Ўзингга қочамиз! Паноҳни яна Ўзингдан қидирамиз! Бошқа қаерга ҳам борар эдик…

Башар вужудини “хавфли ўсимта”лардан асра! Худбинлик, миллатчилик ва ирқчилик оловларини сўндир куррамиз аҳлидан! Битта одамдан тарқаганимизни эслат моғор босган ақлларга! Ўзингнинг даргоҳингда бирон қийматга эга бўлиш учун аслида ҳеч ким эмаслигимизни ҳис қилишни насиб қил бизга! Амин!

Усмонова НИГОРА,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг