Толиби илм ва уламолар таъминоти умматнинг вожибидир!-3

0
79

Толиби илмга кўмаклашган одам қанча ажр олади?

(Араб миллатига мансуб бир шайх билан бўлиб ўтган савол-жавобни ҳавола қиламиз):

Ассалому алайкум. Муҳтарам Шайх ҳазратлари!

Талаба олим бўлиши учун бир қанча маънавий ва моддий машаққатли босқичларни босиб ўтади. Бир киши Аллоҳ насиб этиб, шу босқичларда талабага моддий таъминотчи бўлиб, дафтар-китоб, турар жой, еди-ичди, агар уйланган бўлса, оилавий харажатларига ёрдам берган киши ҳамда кам таъминланган олимларга ҳам кўмакчи бўлиб, ундан фарзандларини ғам-ташвишига овора бўлмай, илмини ривожлантириб, ўз устида ишлаб, халққа манфаатли китоблар ёзиш талаб қилиб, ўзини фақат илмга бағишлашини айтиб, унинг ўрнига барча юмушларини бажариб, фарзандларини уйли-жойли қилиб, ўқимоқчиларини ўқитиб, керак бўлса, олимнинг ёзган китоблари чоп этилишига ҳам таъминотчи ва кафил бўлган киши Қиёмат кунида ўша олим ва талабалардек ажр-мукорфот оладими?

Шайхнинг жавоблари қуйидагича:
Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга ҳамда саҳобаларига салавот ва салом бўлсин!
Талабанинг ўқиши давомийлигини таъминлашга ёрдам бериш инфоқ-эҳсон қилиш керак бўлган энг муҳим ва савобли ўринлардан биридир. Агар бир кишига Аллоҳ таоло талаба ёки моддий ёрдамга муҳтож олимнинг иқтисодий кафил-ҳомийси бўлишни насиб этган бўлса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади дея умид қиламиз. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур» – деганлар. (Имом Термизий ривояти). Яна бир ривоятда У зот: «Кимки одамларни ҳидоят-тўғри йўлга чақирса, унга чақириғига эргашган кишиларнинг ажрларича ажр-савоб бўлур. Бу (яъни чақирувчига ажр берилиши) уларнинг ажрларидан бирор нарсани камайтирмайди» – деганлар. (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда эса: «Ким рўзадор ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг ажридек ажр бўлур (ёки ёзилур)» – деганлар.
(Имом Аҳмад ривояти).

Бу ва бошқа шу маънодаги ҳадисларни чуқур ўрганган олимлар улардан қуйидаги умумий қоидани хулоса қилганлар: Аллоҳнинг тоат-ибодаларидан бирини бажарувчи кишига ёрдам берган шахсга ўша тоат-ибодатни бевосита бажарган кишининг ажр-савобича ажр ва савоб бўлур. Ёрдамчига берилаётган ажр ибодат қилувчига берилажак ажрни камайтирмагай!

Толиби илм закот олишга шаръан ҳақлими?

Ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ «Танқийҳул фатовол Ҳомидийя» китобида бундай деганлар: «Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур. Агар унга етарли маблағни ажратмасалар, шу маблағ улардан қозининг буйруғи ила мажбуран ундириб берилур. Шунингдек, закотни вақтида адо қилмай, зиммасида закот бериш қарзи бўлган кишиларни ҳам уни адо этишга (толиби илмга беришга) мажбурланурлар».

Моликий мазҳабининг етук фақиҳи Қасрий ибн Муҳаммад ал-Мухтор ибн Усмон ибн ал-Қасрий, ал-Ийдайлабий раҳимаҳуллоҳ «Толиби илмлар ҳар йили мусулмонлардан юз динор миқдорида молиявий маблағ олишга ҳақли бўлурлар» – деб фатво берганлари айтилган.

Ҳамда Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: «Раддул Муҳтор» китобида бундай деганлар: «Байтул-мол яъни давлат бюджетидан ажратиладиган ёрдам пулларининг бериладиган ўринларидан бири – олимлар ва бошқа ишларни ташлаб, шаръий илм олишга астойдил киришган талабалардир». Валлоҳу аълам.

Дунёвий илм ўрганаётган талабага закот бериш жоизми?

Савол:

Ислом динига оид бўлмаган тиббиёт, ҳандаса-архитектура, физика каби илмларни ўрганувчи талабага закот беришнинг ҳукми нима, унга ҳам закот бериш шаръан дурустми?

Жавоб:

Биринчидан, закот оятда зикр қилинган ҳақдорларга берилур: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир) лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)…». (Тавба. 60-оят).

Илм аҳли закот мазкур саккиз тоифа одамларга берилиб, бошқа ҳеч кимга берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун Умар разияллоҳу анҳу: «Булар(закот моллари) булар(мазкур саккиз тоифа) ларгадир» – деганлар…

Иккинчидан, илм аҳли закот фақир талабаларга берилишига ҳам иттифоқ қилганлар. Зеро фақирлар закот олишга энг ҳақли кишилар.

Учинчидан баъзи олимлар: «Фақир талаба агарчи касб-ҳунарга қодир бўлса ҳам, ўзини илм талабига бағишлагани учун унга закот берилади. Шу эътиборданки, улар «Аллоҳ йўлида» – дея саналган ҳақдорлар қаторига кирадилар. Бу оятдан «Толиби илмлар» назарда тутилган» – деганлар.
(Ад-Дуррул-мухтор. 2/343).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ баъзи ҳанафийлардан оятда «Аллоҳ йўлида» дейилган жумлани «Толиби илм» – деб тафсир қилганини нақл қилган.

Баъзи ҳанафий фақиҳлар: «Толиби илмга – гарчи бой бўлса ҳам, ўзини илм бериш ва олишга бағишлаб, касб қилишдан ожиз қолгани, зарурий эҳтиёжларини қоплаш учун – закотдан улуш олиш жоиздир» – деганлар.
(Ҳошиятут-Таҳтовий. 392-бет).

Тўртинчидан, бир гуруҳ олимлар тиббиёт, ҳандаса, физика каби илмларни ўрганувчи толиби илм – ўша ўрганаётган илми мубоҳ ва мусулмонларнинг эҳтиёжи тушадиган илм бўлса, у талаба ўқиши ва ўзининг эҳтиёжларига яраша маблағ топиш учун касб қилишга кучи етмаса, у – ҳам закот берилиш жоиз толиби илмлар сирасига киради – деган фикрга қарор қилганлар.

Доктор Юсуф Қаразовий бундай деган: «Илм олишга ўзини тўла бағишлаган талаба фойдали илм ўрганишга бор имконини сарфласа, касб ва илм талабининг орасини жамлай олмаса, унга ўз вазифасини адо қилишга кўмак берадиган, эҳтиёжларини қондиргудек миқдорда закот олиши мумкин. Дини ва дунёсининг манфаатига зарур бўлган китоблар ҳам шу эҳтиёжлар қаторига киради. Талабага закот бери-лишининг сабаби шуки, у фарзи кифояни адо этади. Унинг илмини фойдаси фақат ўзигагина чекланиб қолмаган. Балки бутун умматга фойдадир. Шундай экан, у закот молидан ёрдам берилишига ҳақли. Зеро, закот икки тоифа одамга: ё муҳтож мусулмон кишига ёки мусулмонлар унга муҳтож бўладиган кишига берилур. Талаба икки сифатни ҳам ўзида жамлагандир.

Баъзи олимлар талабанинг закот олишга ҳақли бўлиши учун унинг келажакда пешқадам олимлардан бири бўлиши, ундан мусулмонларга манфаат етишига умид боғласа бўладиган, аълочи талаба бўлишини шарт қилганлар. Бордию, ундай бўлмаса (сустроқ талаба бўлса), касбга қодир бўла туриб, закот олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. (Касби билан тирикчилигини қилади. Имкон қилса, ўқийди, бўлмаса, йўқ). Бу ҳам жуда ажойиб гап. Ҳозирга замонавий давлатлар ҳам шу гапга амал қилиб, иқтидорли талабаларга инфоқ таризида қўшимча алоҳида бепул дарслар ташкил қилиб беради ёки уларни хорижий ёхуд ички малакаларини оширишларга юбоадилар.
(Юсуф ал-Қаразовий. Фиқҳуз-Закот. 2/560-561).

Исломнинг бағрикенглигини қаранг, илмларни диний-дунёвий турларга ажратмасдан, балки фойдали-фойдасизга таснифламоқда. Шаръий илм ўрганувчи талаба аълочи бўлмаса, унга закот берманг! – деб, тиббиёт, ҳандаса, физика илмларини ўқиётган талабанинг жамиятга нафи тегиши кутилаётган бўлса, унга закот бераверинг! – деб буюрмоқда…

Толиби илм ва уламолар таъминоти умматнинг вожибидир!

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу илм олиш ёки одамларга илм бериш учун ўзини бағишлаган ҳар бир кишига давлат хазинасидан доимий тарзда майян маош бериб борилишига амр қилган. Сўнг бу шарафли вазифани барча одамлар хайрия вақфи шаклида яхши адо этиб турганлар. Бугунги кунда ҳам бу масъулият умумий мусулмонларнинг саховатпеша ва аҳли хайрларини вожиб-вазифаларидир: улар иқтидорли талабаларнинг моддий таъминотини етказиб беришни кафолатга олишлари лозим. Зеро, бу иш Аллоҳ таолони наздида ажри буюк амаллардандир ҳамда мусулмонларнинг келажаги учун – нақадар ажри буюк амал бўлмиш – етимни ўз қарамоғига олишдан ҳам самараси улкандир.

Бугунги кун одамлари – мусулмонию ғайридини – тошқинлар, довуллар ва зилзилалар туфайли жабр кўрган давлатларни қутқариш ҳақида бонг урмоқдалар. Бошқаларни қўя туринг, ақалли, мусулмонлар ҳам уламоларни бой бериш офати ортидаги асосий мусибатлари ҳақида сўз ҳам очмаяптилар. Ахир, бу уммат ўзининг уламолари ва диний мурожаатгоҳларининг вафот туфайли бошига тушаётган мусибатларини ўрнини қандай қоплайди?! Бу эса албатта, ўз фарзандларидан иқтидорлиларини шаръий илмларни ўрганишга йўналтириш ҳамда уларни илм олишдан чалғитувчи ҳар қандай омиллардан ҳар томонлама – ақлий ва жисмоний – холи этиш билан амалга ошади. Бунинг учун таъминот керак!

Мусулмонларнинг уламоларни бой бериш офатини бартараф этиш ҳақида сўз очмаслиги ва бу борада жиддий фикр юритмаслиги бу офат устига офатдир, дард устига чипқондир! иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун .

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Баҳодир Баҳромжон ўғли

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг