Мусулмон киши томонидан ҳаёти давомида энг кўп ишлатиладиган сўз, бу албатта, “бисмиллаҳ” лафзидир. Уни илмий истилоҳда “басмала” дея аташ ҳолати кўб учрайди. Шу билан бирга баъзи ўринларда “тасмия” лафзидан ҳам, айнан “бисмиллаҳ” тушунилади. Унинг тўла шакли сифатида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни айтиш мумкин.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”нинг фазилати ёки мазкур жумла билан боғлиқ бўлган ҳукмлар ҳақида бир қанча изланишлар, мақола ва тезислар таёрланган. Шундай бўлса ҳам “басмала”нинг фазилати билан боғлиқ ҳар қандай маълумот, сўзсиз муҳим аҳамият касб қилади. Зеро, у “Аллоҳ” лафзини зикр қилиш бўлиб, ҳар бир ишнинг бошидир.

Ҳар қандай хайрли бўлган иш олдидан тасмия айтишнинг савоблигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Зотан, бунга уламолар ижмоъ қилган. Мазкур ишнинг ибодат бўлиши талаб қилинмайди. У ибодат бўлмаса ҳам “басмала” айтиш ила савобли амалга айланади ва ўша ишдан дунё ва охират манфаати умид қилинади. Дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бисмиллаҳ”сиз бошланган ишнинг охири йўқ эканлигини айтганлар.

Намоз, Қуръон тиловати, зикр қилиш, масжидга, уйга ёки шуга ўхшаш қандайдир иморатга кириш ёки ундан чиқиш, таҳорат олиш, ғусл қилиш, еб- ичиш ва бошқа ҳар қандай қабиҳ саналмаган ишларни Аллоҳнинг исми билан бошлаш мандуб амалдир. У «бисмиллаҳ» ёки «бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» шаклида бўлиши ҳам мумкин.

Келинг шу ўринда пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи увасалламнинг муборак ҳадисларида келган “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”нинг фазилати ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтсак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом менга Аллоҳ таолодан ваҳий олиб келганида, аввалги айтган калимаси “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” бўлар эди”, деб марҳамат қилганлар.

Бундан кўринадики, Жаброил алайҳиссаломнинг Пайғамбаримизга ўргатган илк таълими бу айнан “басмала”дир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиста Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни нозил бўлиши ҳақида шундай деганлар: “Вақтики “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” нозил бўлганда малоикалардан иборат самовот аҳли хурсанд бўлиб, шодландилар. Унинг нозил бўлиши билан Арш титради. У билан мингта фаришта нозил бўлди”.

Малоикаларни ҳурсанд қилган ва уларнинг ерга нозил бўлишига сабаб бўлган, шу билан бирга Аллоҳ таолонинг энг ҳайбатли махлуқоти ҳисобланган Аршни титратган “бисмиллаҳ” лафзининг фазилати нақадар баланд эканлигини билиш қийин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни ишонч ва иймон билан айтса, тоғлар ҳам у билан бирга тасбеҳ айтади”, дедилар.

Яна Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиста: “Кимки дўзахнинг Забония фаришталари чангалидан омонда бўлмоқни ҳоҳласа, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни кўп ўқисин. Аллоҳ таоло “бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”даги ҳар бир ҳарфни ҳар бир Забония фариштага қалқон қилади”. деди.

Мазкур ҳадсилардан шуни англаш мумкинки, ким “бисмиллаҳ”ни кўп зикр қилар экан, у албатта, дунёда бахтли ва охиратта нажот топувчилардан бўлади.

Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим битирувчиси 
Саъдиллаев Одилжон

144120cookie-check“БАСМАЛА”НИНГ ФАЗИЛАТИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting