Баъзиларда шундай гап бор: “ўн минг доллар”дан тепасида ҳалол-ҳаром рол ўйнамайди”, деган. Яъни, қачонки, баҳс мавзуси катта пул бўлса, бу ҳолда ҳеч нарса суриштирилмайди. Худди шунга ўхшаш гаплар бошқа миллатларда ҳам бор. Бу албатта, жаҳолат. Катта бўлсин, кичик бўлсин, ризқ масаласида эҳтиёткор бўлиш лозим.

Орттираётган мол-мулкларимиз ҳалолдан бўлишига ғоят қаттиқ эътибор беришимиз керак.

Одамни қўрқитадиган, ўйга толдирадиган бир нарса бор. Агар инсон ҳаромлиги аниқ бўлган молидан закот ёки бошқа хайр-эҳсонларни савоб умидида амалга оширса, уламоларимиз ундай инсон диндан чиқади, деганлар. Унинг яхшилигини қабул қилган киши мазкур инсоннинг моли ҳаромданлигини билган ҳолда унинг ҳаққига дуои хайр қилса, у ҳам кофир бўлиб қолади, дейишган.

Молида ҳалол ёки ҳаромлигида қатъий билим эмас бироқ, шубҳа мавжуд бўлса, ундай ҳолатда мазкур молидан садақа ва эҳсонларни амалга оширса бўлади. Аммо, ҳаромлигини аниқ билса, ундан Аллоҳ йўлида бирор эҳсон ва садақа қилишда фойдаланиши дуруст эмас.

Чунки, Аллоҳ пок ва хушдир, фақат пок ва хуш (ҳалол) нарсаларни қабул қилур. Ҳаромдан қилинган эҳсон ва садақани қабул қилмас.

Хўш унда, молининг ҳаром йўл билан топилганлигини аниқ билган киши эҳсон қилмоқчи бўлса, нима қилиши керак?-деган савол туғилади. Бу ҳолатда у инсон савоб умид қилмаган ҳолда мазкур ҳаром маблағдан қутилиш учун молидан эҳтиёжмандларга бериши мумкин.

Бу нарсалар топаётган молларимизнинг қаердан келаётганига эътиборлироқ бўлишга ундайди. Тасаввур қилинг, ўн миллионлаб, юз миллионлаб пулингиз бор бироқ, ҳаром йўллар билан орттирилган. Ва Аллоҳ сизни мазкур пулингиздан савоб ва ажр умидида эҳсон қилишдан ҳам маҳрум қилиб қўйган. Бу даҳшат!

ТИИ ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев

144560cookie-checkҲаром молдан эҳсон қилса диндан чиқадими?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting