Хорижий меҳмонлар олий мадрасага келишларидан бир кун олдин Асрорқул домла мадраса дарвозаси пештоқига «Маъҳадул-исламий бисмил-Бухарий» деб ёздириб қўйдилар. Анжуман қатнашчилари мадраса ёнида суратга тушганларида ушбу ном дунё матбуоти орқали тарқалган. Асрорқул домла ўшанда: «Ёзилган нарсани тасдиқлатиш осонроқ», – дегандилар. Шу тариқа у кишининг тадбиркорликлари, узоқни кўра билишлари туфайли ҳозирги Ислом институти пойдевори қўйилган ва унга домланинг шахсий ташаббуслари билан Имом Бухорий номи берилган.

Асрорқул Мавлонқулов 1939 йилнинг 19 февралида Қўқон шаҳрида зиёли оилада туғилган. 1957-1962 йиллари Бухородаги Мир Араб ва Тошкентдаги Бароқхон мадрасаларида таълим олди.

1962 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати буйруғи билан Ўзбекистондан уч талаба: Мир Араб мадрасасининг 3-босқичида ўкиётган Асрорқул Мавлонқулов, чинозлик Умрзоқ Турсунов, тошкентлик Абутуроб Юнусов (кейинчалик Тошкентдаги Тиллашайх масжидининг имом-хатиби, Тошкент Ислом институтида мударрислик қилган) Фос шаҳридаги Коравейин халқаро университетининг шариат факультетига ўқишга юборилади. Асрорқул Мавлонқулов бирданига 3-босқичга қабул қилинади ва уч йил Марокашда таҳсил олади.

Диний таълим билан бир қаторда дунёвий билимларни ҳам мукаммал эгаллаш мақсадида 1961-1965 йилларда Қўқон Давлат педагогика институтининг тарих бўлимида  ҳам сиртдан ўқийди.

Мир Араб мадрасаси. Бухоро. 1960 йил (иккинчи қатор, чапдан биринчи)

1965 йили Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига аввал ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари, кейинроқ директор қилиб тайинланади.  Бу даврда мадрасанинг иситиш тизими қурилади, дарс жараёни тубдан ўзгартирилиб, тизимли равишда ишлайдиган ҳолга келтирилади. Асрорқул домланинг ғайрат-шижоати, одамлар билан хуш муомаласи сабабли тез орада устоз ва талабаларнинг ҳам ҳурматини қозонади.

Мир Араб мадрасаси директори Асрорқул Мавлонқулов ва муфтий Зиёвуддинхон ибн эшон Бобохон мударрис ва талабалар билан. Бухоро. 1965 йил

Ўғли Мансуржон Мавлонқулов бундай хотирлайди: «2-3 яшар бўлганим учун кўп нарсалар ёдимда қолмаган бўлса-да, дадам билан мадрасага етаклашиб борганларимиз, мени кўча-бозорларда айлантириб юрганларини эслайман. Билганлар дадам тўғриларида кўп ҳикоя қилиб беришади. Айтишларича, Мир Араб мадрасасидан уйга етиб келгунларича одамлар «чиройли директор келяпти», деб қўл бериб кўришиш учун йўлак ҳосил қилиб, кўчанинг икки четида тизилиб туришаркан. Дадам директорлик фаолиятларини мадрасани иситиш масаласидан бошлаган эканлар. 1965 йилга қадар қиш-қировли кунларда мадрасанинг панжара деразалари амаллаб тўсилган, ҳужралар танча билан иситилган. Дадам мадрасани газлаштириш режаси билан Бухоро вилояти раҳбариятига мурожаат қилганларида, рад жавобини олган эканлар. Тошкентда ҳам ижозат беришмаган, ёш ди­ректорни писанд қилишмаган. Дадам қўлларида ўзлари чизган бинони газлаштириш тарҳи, унга кетадиган харажат ҳисоб-китоблари билан Москвага, Маданият ишлари вазирлигига борганлар. У ерда рухсат олишга эришганлар. Москвадан «ёрдам кўрсатилсин» мазмунида қўнғироқ бўлган. Ўшанда Бухоро обкоми раҳбари (вилоят ҳокими) дадамга иш бошлаш мумкинлиги, аммо бинога зиён етказмасликни шарт қилиб қўйган. Газ ўтказиб бўлингач, бу ерга текшириш учун келган мутахассислар ҳам айб тополмай, қойил қолиб кетишган экан».

Асрорқул домла Баҳоуддин Нақшбанд масжид-зиёратгоҳидан тушадиган даромад ҳисобидан Мир Араб мадрасаси толиби илмларига йилда бир неча бор уст-бош олиб бериб, моддий рағбатлантириб борарди.

1967 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назоратида масъул котиб лавозимига тайинланди. Бу лавозимда ишлайдиган киши иш бошқарув, расмий хат ёзишмалар, қабулга келувчиларга муносиб равишда жавоб қила олиш, тил билиш хусусиятларига эга бўлиши керак эди. Диний ва дунёвий илмлар соҳиби, араб, рус, инглиз, француз тилларини пухта ўзлаштирган Асрорқул Мавлонқуловда ана шундай сифатларнинг барчаси мужассам эди.

1971 йили диний назорат қошида имомлар малакасини ошириш курси ташкил этилди. Асрорқул домланинг ташаббуслари, таклифлари ва Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу курс Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига айлантирилди. Кейинчалик, 1972 йили Асрорқул Мавлонқулов институтнинг ректори этиб тайинланди.

Тошкент ислом институтининг биринчи битирувчиларидан машҳур хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ бундай ҳикоя қилади: «1971 йили Яман Араб Республикаси бош муфтийси шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Забара, Сурия Араб Респуб­ликаси бош муфтийси шайх Аҳмад Куфтору, Марокаш, Тунис, собиқ Иттифоқ республикаларидан уламолар, қозилар Дўрмонда ўтказилган Тошкент конференциясига йиғилишган.

Асрорқул Мавлонқулов Намозгоҳ олий мадрасаси (бўлажак Тошкент ислом институти) билан Индонезиялик меҳмонларни таништирмоқда

Меҳмонлар олий мадрасага келишларидан бир кун олдин Асрорқул ака мени чақириб: «Ҳабибуллоҳ, Мадраса дарвозаси пештоқига «Маъҳадул-исламий бисмил-Бухарий» деб ёзиб қўйсангиз», дедилар. Ёзувни кечаси билан Асрорқул аканикида битиб, азонлаб меҳмонлар келгунга қадар пештоққа илиб қўйганман. Анжуман қатнашчилари мадраса ёнида суратга тушганларида ушбу ном дунё матбуоти орқали тарқалган. Асрорқул домла ўшанда: «Ёзилган нарсани тасдиқлатиш осонроқ», – дегандилар. Шу тариқа у кишининг тадбиркорликлари, узоқни кўра билишлари туфайли ҳозирги Ислом институти пойдевори қўйилган ва унга домланинг шахсий ташаббуслари билан Имом Бухорий номи берилган».

Институтда ректорлик даврларида Асрорқул домла камтарлиги ва ширинсўзлиги билан ажралиб турарди. Ўша давр талабаларидан Мустафоқул домла Меликов устозни эслаб бундай деган эди: «Асрорқул домламиз биз талабалар билан юрсалар, ташқаридан келган одам у кишини бизлардан бири деб ўйлар эди. Буни мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келган меҳмонлар у баракотли зотнинг саҳобалар билан бирга меҳнат қилаётганларини топганларига ўхшатаман».

 1975 йили институтнинг биринчи битирувчиларига дипломлар топширилди. Уларнинг орасида кейинчалик динимиз равнақига катта ҳисса қўшган, Ўзбекистонда ва Ҳамдўстлик мамлакатларида обрў-эътиборга эга бўлган дин арбоблари бор эдилар.

Асрорқул домла 1975 йили яна диний назоратнинг масъул котиблиги вазифасига тайинланди.

Марҳум Каримуллоҳ Файзуллоҳ ўғли (Ҳазрати имом жомеъ масжиди имом-хатиби) Асрорқул домлани бундай эслаган эди: «1975 йилларнинг ёз палласи «Хонадон» дан (Асрорқул домланинг буваларининг уйи) дуо олиб, Тошкентга кетаётганимда, Муҳаммадқул ҳожи фарзандларига салом хатларини етказишни сўрадилар. Номани келтириб бердим, Асрорқул домла уни икки қўллаб лабларига тегизиб, майин бўса қилдилар, сўнг кўзга суртдилар ва очиб ўқидилар. Отага бўлган эҳтиромни кўриб, таҳсинлар айтдим». Дарҳақиқат, ота-онанинг дуоси инсонни қўллашини Асрорқул Мавлонқулов сиймосида кўриш мумкин эди.

1975-76 йилларда Диний назоратга юқоридан қўнғироқ бўлиб, Рамазон ойида Қуръон хатм қилиш, жаноза намозларини ўқиш тўхтатилсин, деган буйруқ келади. Шунда Асрорқул домла барча масъулиятни ўз зиммасига олиб: «Мусулмончиликни белгилайдиган асосий маросимларни ўтказиш тақиқланадиган бўлса, бу муассасанинг кераги йўқ», – деб идорани ёпиб қўядилар. Хориждан собиқ Иттифоқда диндорлар сиқувда яшайдилар, деган дашномлар эшитилиб қоладиган пайтлар эди. Ўзини Москвага яхши кўрсатмоқчи бўлган раҳбарларнинг мазкур қарори сиёсий тус олиб кетиши ҳам мумкин эди. Демак, муаммони силлиқлик билан ечиш талаб этиларди. Ўшанда Асрорқул Мавлонқуловнинг саъй-ҳаракати билан масала ижобий ҳал бўлди. Таъқиқлар бекор бўлиб, мусулмонлар идораси ўз фаолиятини тиклади.

Асрорқул ака хорижий меҳмонларни кутиб олиб, бирор меҳмонхонага жойлаштирадиган бўлса, сафар якунида ўша меҳмонхона раҳбарияти ва ходимлари номига ташаккурномалар ёздириб олиб қоларди.

Асрорқул Мавлонқулов ва муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Иордания бош шариат қозиси Абдуллоҳ Ғўша қабулида. Иордания.1974 йил

1977 йилнинг февралида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бошлиқ мусулмонлар сафида Асрорқул Мавлонқулов ҳаж сафарига боради. Улар зиёрат давомида Жаҳон Ислом Уюшмасининг VIII сессиясида ҳам иштирок этади. Ҳаж зиёратидан эсон-омон қайтган Асрорқул Мавлонқулов яна хайрли юмушларга шўнғиб кетади. 27 март куни эса Асрорқул Мавлонқулов Тошкент вокзалида қариндошларини Қўқонга кузатаётганида, жияни Юсуфжон Махмудовнинг қўлида тўсатдан жон таслим қилади. Ўшанда Асрорқул ака 39 ёшда эди. Асрорқул домланинг жаноза намози Қўқондаги уйида ўқилди ва жасади оилавий қабристонга дафн этилди.

 

Маълумот ва расмлар “Мир Араб” олий мадрасаси ректори

Ҳайдархон Юлдашхўжаевнинг

“Ўзбекистон уламолари” китобидан олинди

144700cookie-checkТошкент ислом институтининг 2-ректори
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting