Ислом суннатларидан бири дуодир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Дуо ибодатдир», деганлар. Бу борада Аллоҳ таоло ўз каломида:

وَقَالَ رَبُّکُمُ ادْعُونِی أَسْتَجِبْ لَکُمْ إِنَّ الَّذِینَ یَسْتَکْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِی سَیَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِینَ

Роббингиз «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар» деди. деб марҳамат қилган.

Дарҳақиқат, банда чин қалбдан дуо қилар экан, Аллоҳга маънавий яқинлик хосил қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар: «Сизларни душманларингиздан ҳимоя этувчи ва ризқларингизни мўл-кўл қилувчи бир нарсага йўллаб қўяйми?! Кечаю кундуз Аллоҳга дуо қилинг, чунки дуо мўминнинг қуролидир!».

Дуонинг бир қанча одоблари борки, улар тўлиқ бажарилса қабул бўлиш эҳтимоли янада ортади. Қуйида Росулимиз алайҳиссалом ва уламоларимизни дуо қилиш тартиблари ҳақидаги тавсияларини келтириб ўтамиз:

Ҳалол луқма.

Яъни дуо қилувчининг егулиги ҳалолдан бўлсин. Саъд ибн Абу Ваққос дуолари ижобат бўлмаганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда жанобимиз унга шундай маслаҳат бердилар: «Эй Саъд, ҳаром (луқмани емак)дан чекингин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирар экан, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас».

Дуо деганда фикримизга дастлаб Аллоҳни ёдга олиш, У Зотга эҳтиёжларини билдириш, истакларини сўраш, гуноҳлари учун мағфират тилаш кабилар келади. Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса дуода самимий бўлиш лозим.

Дуо қилишда: Аллоҳ таолога ҳамд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат, ота онани хаққига дуо қилиб сўнгра ўз ҳожати сўралади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат билан дуони якунлайди.

Дуонинг ижобат бўлишлигида ноумид бўлиб бўлиб қолмаслик керак, чунки Пайғамбарларнинг баъзилари талабларини йиллар давомида дуо орқали Аллоҳдан истаб келишган. Аллоҳ эса уларнинг баъзиларининг истагини тез, баъзилариникини эса йиллар ўтганидан сўнг берган.

Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғли Юсуф алайҳиссалом билан дийдорлашиши, Юсуф алайҳиссаломнинг йиллар давомида ётган зиндондан чиқиб мулк эгаси бўлиши, Айюб алайҳиссалом етган зарардан раҳимлиларнинг раҳимлиги бўлган Аллоҳга қилган дуолари кўп йиллар ўтгандан сўнггина қабул бўлган. Иброҳим алайҳиссалом зурриётларидан мусулмон уммат чиқишини, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юборишни сўраб қилган дуосини эса Аллоҳ кўп асрлардан сўнг ижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборган. Бундан кўриниб турибдики, чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади, лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Албатта, Қуръондан келган бундай мисолларда буюк сабр намунасини кўриш мумкин.

Аллоҳ солиҳ бандаларининг дуоларини маълум вақт ўтгандан сўнг қабул қилиш билан уларга хайр истаган. Бу муддат ичида улар янада комиллашган, тарбияланган, садоқат ва ихлослари янада мустаҳкамлашган, жаннатга лойиқ кишилар қаторидан ўрин олганлар. Кўриниб турибдики дуонинг натижасини кўриш учун шошилиш мўминга асло хос эмас. Мўминнинг ягона вазифаси Яратувчисига итоат этиш, ўзи учун аталган тақдирга рози бўлишдир. Ана, мўмин кишининг дуосини Аллоҳ ўз вазифасининг бир қисми сифатида адо этади.

Аллоҳ таоло қилаётган дуоларимизни  ҳусни қабул айласин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Муҳаммадсолиев Сайфуллохон Ҳадятуллоҳ ўғли.

145070cookie-checkДУО ИБОДАТДИР
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting