Қуръони каримни таълим бериш энг савобли ишлардан биридир. Ёш болаларга Қуръон ёдлатишни бошлаган киши уларни Қуръонга муҳаббатини оширадиган турли хил йўллардан фойдаланиши керак. Ёш бола осон ва тез ёдлаши учун Қуръонга муҳаббатли бўлиши керак. Қўйидаги ишлар орқали муҳаббатини пайдо қилиш мумкин:

1. Болани олдида кўп Қуръон ўқиш ва эшитиш.
2. Болани ўзига алоҳида Қуръон совға қилиш.
3. Ҳар хатм қилганда байрам қилиб нишонлаш.
4. Қуръондан қиссаларни ҳикоя қилиб бериш.
5. У учун Қуръон мусобақалари ўтказиш.
6. Қуръоний мажлисларга доим олиб бориш.

Уй шароитида болаларга Қуръон ёдлатиш бўйича баъзи бир кўрсатмалар:

1.Ота-оналардаги иҳлос ва тўғри ният (болаларга ҳам шуни ўргатиш керак). Фақатгина Аллоҳ учун қилинган амал ёки ибодатлар қабул қилинади ва охиратда мукофоти берилади.

2.Ўрнак бўладиган ота-она. Болам Қуръонни яҳши кўрсин, ҳурмат қилсин, ёдласин, унга амал қилсин деган ота она энг биринчи ўринда ўзи унга ўрнак бўлиши керак. Агар болалар ота оналарини доимо Қуръон ўқиётганларини, ёдлашга ҳаракат қилаётганларини, тушунишга ҳаракат қилаётганларини кўрсалар уларга тақлид қилишга харакат қилади. Афсуски баъзи ҳолатларда ота-оталар болаларини қори бўлишларини хоҳлашади, лекин ўзлари Қуръондан анча узоқда ёки етарли вақт сарфлашмайди. Бу нарса болада ҳам тушунмовчиликлар уйғотади.

3.Қуръонни тўғри ўқишни ўрганиш (тажвид ва тартил билан) – ота оналар аввал ўзлари Қуръонни тўғри ва чиройли ўқишга ҳаракат қилишлари ва кейин болаларга ҳам ўргатишлари керак. Мукаммал ўқиш қийин лекин доимо одам ўз устида ишлаб борса албатта яхшиланади.

4.Доимийлик ва мунтазам режим. Кунлик тартибни ўзгартирмасдан олиб боришлик Қуръонни ёдлаш ва ёдлаганларини эсидан чиқармаслик учун жудаям зарур.

Биздаги кунлик режим-30-35 дақиқа қайтариш ва 30-35 дақиқа янги оятлар ёдлаш. Дам олиш кунларида фақат қайтариш дарслари бўлади, янги оятлар ёдланмайди.

5. Қуръон дарси учун тўғри муҳит- кунлик тартиб билан бирга дарс қилинаётган муҳит ҳам тўғри бўлиш керак. Ҳар хил эътиборни оладиган нарсалар, чалғитадиган (телевизор, компьютер, ўйинчоқлар каби) дан ҳоли бўлган тинч жой жуда муҳим. Ўқитаётган/кузатётган ота-она ҳам имкон қадар тўлиқ эътибор бера олиши керак (телефонда гаплашишлик, бошқа ишлар/юмушлар билан машғул бўлиш каби).

6.Доимо қайтариш- ёдлаган сураларни агар доимо қайтариб турмаса тез эсидан чиқиш мумкин. Шунинг учун ҳар куни маълум вақтни доимо фақат қайтаришга ажратиш керак. Биз барча ёдлаган сураларни 7 кунга бўламиз ва Қуръон дарсини бошидаги 30-35 дақиқаси қайтаришга бағишланади. Шу аснода ҳар бир сура ҳеч бўлмаганда ҳафтада 1 марта қайтарилади. Ҳатолари кўпроқ бўлаётган сураларни кўпроқ қайтариш керак.

7. Болани имконияти ва қобилятига қараб қанча оят ёдлаш учун тайинли мақсад қўйилади. Биз учун (6-7 ёшдаги болалар) кунига ўртача 3 қатор етарли. Бундан камроқ ёки кўпроқ бўлиши мумкин албатта.

8.Маънавий ва моддий рағбатлантириш.
Маънавий рағбатлантириш: Доимо Қуръон ёдлаганлар учун бериладиган мукофатлар ҳақида, уни Қиёматда ёрдам беришлиги, Жаннатда айнан мана шу ёдлаган Қуръони билан одамнинг даражасини кўтарилиши ҳақида эслатиб туришлик керак. Айни пайтда Қуръонга бефарқ бўлганлар, унга амал қилмаганлар, ҳурмат қилмаганлар ҳақида ҳам гапириб туришлик мумкин.

Қуръонни чиройлик ўқийдиган, ёдлаган болалар, қорилар, ҳофизлар, имомлар, шайҳлари билан таништириш, кўришиб туришлик, ёки эшиттириб туришлик ҳам болада яхши таасурот қолдиради.

Моддий рағбатлантириш: Катта одамлар учун маъваний рағбатни ўзи етарли албатта, лекин ёшроқ болаларни қизиқтириш учун қўшимча моддий мукофатлар ҳам ёрдам беради. Масалан: фойдали китоблар ёки ўйинчоқлар; ўқув жиҳозлари; музей, хайвонот боғи, парк кабилар жойларга саёҳатлар; табиат қўйнида оилавий пикниклар; болага қизиқ бўлган асбоб-ускуна, ҳунармандчилик жиҳозлари ва бошқалар. Биз одатда ҳар битта ёдланган саҳифа учун пул берамиз, болалар тўплаб юради ва вақти вақти билан ўзларига керакли, қизиқарли лекин фойдали нарсалар учун сарфлашлади.

9. Алоҳида мусҳаф бўлишлиги- ҳар бир бола, ота она учун алоҳида мусҳаф бўлишлигини ҳам катта аҳамияти бор. Хамма доимо ўз Қуръон китобидан фойланса осон бўлади, ота-она учун таржимаси, маънолари бор нусҳа янаям яхши.

10. Ёдлашдан ташқари алоҳида пайтни фақат тажвид ва тартилга бағишлашлик- Қуръонни бошидан охиригача кунига 1 ёки 2 саҳифасини тажвид қоидалари билан секин ўқиб борилади.

11. Эрта бошлаш. Қуръонни болага ўргатиш учун қанча эрта бошланса шунча яхши. Оналар ҳомиладорлик пайтида ҳам, фарзанди энди туғилиб ҳали тили чиқмаган пайтларида ҳам доимий Қуръон ўқиб, ёдлаб, эшитиб юришлари тавсия қилинади. Тили чиққач секин аста кичкина сураларни ёдлаб боришлари мумкин. Каттароқ бўлганда Қуръонни ўқишга ҳаракат қилинади, узунроқ сураларни ёдлаш бошланади.

Ушбу кўрсатмаларга амал қилиб секин асталик билан ёш болаларга Қуръонни ўргатиб бориш лозим. Аллоҳ таоло юртимиздан кўплаб қориларни чиқаришни барчамизга насиб этсин.

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қурьон” кафедраси 404-гуруҳ талабаси Маҳмараимов Суҳайл

146240cookie-checkЁш болаларга Қуръон ёдлатиш
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting