Ушбу китобнинг ҳақиқий номи борасида муҳаққиқ алломалар турли фикрларни билдириб ўтганлар. Жумладан:

1. Баъзи тарихчилар Мулла Али Қорининг таржимайи ҳолини ёритиш асносида унинг китоблари орасида “Шарҳу-н-нухба” номини зикр қилиб ўтишган.

2. Бошқа бир ўринда: “Мусталаҳоту аҳли-л-асар фи нухбати-л-фикар” номини ҳам учратиш мумкин .

3. Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Ат-таълиқоту-с-санийя ала-л-фавоиду-л-баҳийя” номли китобининг бир ўрнида Мулла Али Қорининг китобларини номма-ном айтиб, “Шарҳу-н-нухба” номини, бошқа ўринда эса “Шарҳу шарҳи нухбати-л-фикар” номини тилга олади.

4. Айни Абдулҳай Лакнавийнинг ўзи “Ат-таълиқу-л-мумажжад” номли китобида биз ўрганаётган китобнинг номини “Шарҳу шарҳи нухбати-л-фикар” дея айтиб ўтади.

5. “Ҳадийяту-л-орифин” номли китобда “Мусталаҳоту аҳли-л-асар ала нухбати-л-фикар ли Ибн Ҳажар” номи келтирилган.

6.“Ийзоҳу-л-макнун”да эса “Мусталаҳоту аҳли-л-асар ала нухбати-л-фикар фи усули-л-ҳадис” номи келтириб ўтилган .

Илмий изланиш мобайнида биз ўрганаётган китобнинг номи борасида тарихчи муҳаққиқ уламолар томонидан турли фикрлар билдирилганининг гувоҳи бўлдик. Бунинг сабаблари ўрганилганда, Мулла Али Қори “Нузҳату-н-назар”ни шарҳлаб тугатганидан сўнг уни номламаганлиги, балки, ўзининг бошқа китобларида унинг номини турли кўринишда келтириб ўтгани маълум бўлди . Масалан: “Фатҳу боби-л-иноя” китобида қуйидаги жумлалар келади:

…كما حققناه في «شرحنا على شرح النخبة» للحافظ ابن حجر العسقلاني …

Яъни: “…биз буни ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Шарҳу-н-нухба” асарига ёзган шарҳимизда таҳқиқ қилганимиздек…”.

“Мирқоту-л-мафотиҳ шарҳу мишкоти-л-масобиҳ” китобида эса қуйидаги жумлалар келган:

…وقد اختاره العسقلَاني في شرح النّخبة، وبسطنا الكلام معه في شرح الشرْح …

Яъни: “… Ибн Ҳажар Асқалоний “Шарҳу-н-нухба”да уни ихтиёр қилган. Биз бу борада “Шарҳу-н-нухба”нинг шарҳида батафсил баён қилганмиз. … ”

“Ал-ҳирзу-с-самийн ли-л-ҳисни-л-ҳасийн” номли китобида эса қуйидаги сўзларни айтиб ўтган:

… وتحقيق الإجازة وأنواعها بينتها في شرحي على شرح النخبة …

Яъни: “…Ижоза ва унинг турлари ҳақида аниқ маълумотларни “Шарҳу-н-нухба”га ёзган шарҳимда баён қилганман. …”.

Юқорида келтириб ўтилган маълумотларни ҳамда ушбу китобнинг бир неча қўлёзма нусхаларида “Шарҳу шарҳи нухбати-л-фикар” номи келганини этиборга олиб – китобнинг ҳақиқий номи “Шарҳу шарҳи нухбати-л-фикар” деган тўхтамга келинди.

Тошкент ислом институти
4 босқич талабаси Ҳумоюн Нодиров

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting