Инсонлар орасида аксарият ҳолларда маълум бир маблағга эга бўлиб, лекин ундан тўғри фойдалана олмайдиган, ёки аксинча қўлида ҳунари, маҳорати ва тажрибаси бор, лекин маблағга эга бўлмаган шахслар учраб туради. Мана шундай ҳолатда ислом мазкур икки тоифадаги шахсларга қандай тавсия беради, албатта бу савол барча учун бирдек қизиқ! Ислом иқтисодиётида музораба усули бундай ҳолларнинг олдини олиш ёки бир-бирига муҳтож фаолиятларнинг тўғри келишида айни муддаодир.

Музораба сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (бундан кейин ишчи дейилади) тажрибали ишчи орасидаги тижорат шартномаси бўлиб, ҳар келишув ниҳоясидаги фойда улар ўртасида келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасига юкланади. Музораба амалини юритувчи эса, бу жараёнда меҳнатига куяди. Агар зарар ишчининг лоқайдлиги билан юзага келса, адолатли қозининг ҳукмига кўра зарарни қоплаш ишчи зиммасига тушиши мумкин. Зеро, ушбу шартномада сармоя эгаси бир тараф, ишни идора қилиш ва сармояни тасарруф қилиш иккинчи тарафдан содир бўлади.

Музораба шартномаси билан икки тарафнинг, сармоя эгаси ва ишчининг манфаатлари юзага чиқади. Биринчи тарафнинг сармояси бўлсада, лекин у билан тижорат қилишда вақти ёки тажрибаси бўлмайди. Иккинчи тарафнинг эса тижорий ишларда билими бўлади-ю, лекин ушбу билимни амалда қўллаш учун баъзан маблағи бўлмайди.

Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган Қуръоний оятларнинг умумий ёки мутлақ маънолари далолат қилади. Аллоҳ таоло “Муззаммил” сурасининг 20-оятида марҳамат қилади:

“…ва бошқалари ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини…”
Бақара сурасининг 198-оятида шундай дейди:

“Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик даврларида Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг моллари билан Шомга бориб музораба ақдига кўра савдо қилганликларини айтганлар.

Саҳобалар музораба билан шуғулланишар, улардан бирортаси бу ишга қарши чиқмас эди. Турли асрларда музорабанинг жоизлигига бутун уммат ижмо қилиб келди.

Музорабани амалга ошириш ёки татбиқ қилиш осондир. Банк ёки ундан бошқа тараф сармоя эгаси сифатида молни тақдим қилади. Иккинчи тараф эса, фойдадан келишилган муайян ҳисса муқобилига ушбу молни ўстириш, кўпайтириш ишини амалга оширади.

Музораба муддати ниҳоясида  бирор шартнома бажариб бўлингач ёҳуд тижорий режа охирига етгач ёки даврий босқичлардан ҳар бир босқич амалга ошгач ва ёки тижорий босқичлардан аксари босиб ўтилгач, нақд пул қўлга тушса, сарф ҳаражатлар қопланиб, қолган соф фойда келишувга кўра тақсимланади. Агар тақсимот чоғида маблағнинг баъзи қисми товар ёки савдо моли ҳолатида бўлса, уларинг қиймати ҳисобланиб, келишувдаги нисбатта тақсимот қилинади.

Қачон зиён бўлса ушбу зиён сармоя эгаси сифатида банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорнинг зиммасида бўлади. Банк фойдаларни тақсимлашдан олдин сармояни қайтариб олади. Бу: “Фойда сармояни сақлаш учундир” қоидаси асосида бўлади. Қачон тижорий амалиёт тугашидан олдин фойда тақсимланса, асосий киритилган сармоя бутун қолиши таъминланади.

Хулоса шуки, музораба жамиятнинг иқтисодий ривожланишида ижобий таъсир кўрсатиб, ҳар хил тоифадаги шахслар ўртасида бирга ишлаш ҳолатинини юзага келтиради. Лекин, албатта бу музорабанинг барча шарт ва қоидаларига амал қилган ҳолдагина тўғри бўлади.

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси
Эрқулов Халилуллоҳ

146690cookie-checkМУЗОРАБА ШИРКАТИ ВА УНИНГ ШАРЪИЙЛИГИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting