Сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир…
(Нисо сураси, 79-ояти)

Жасад тўйиб, руҳ оч қолмасин!

Баданнинг, жасаднинг озуқаси ейиш-ичиш ва нафас олиш. Ақлнинг озуқаси илм. Қалбнинг озуқаси севги ва эътибор. Руҳнинг озуқаси Аллоҳга таслим бўлиш. Ибодат ва Қуръонга уйғунлашиш, Аллоҳнинг розилигига интилиш. Бизнинг озиқ манбаларимиз тоза, соф, зарарсиз. Улардан ўз ўрнида, тўғри фойдалана олсак ҳар жиҳатдан кучли, енгилмас бўламиз.

Шу кунларда ёппасига жисмоний, моддий тозаликка кучли эътибор қрата бошладик, бу бир жиҳатдан жуда тўғри ҳаракат. Ваҳоланки Расули Акрам алайҳиссолату ва саллам “Поклик имоннинг ярмидир” мезони билан энг муҳим критерияни белгилаб берганлар. Аммо! Баданимизни тоза тутишга уринганимиздек, ҳеч бўлмаса шунинг ярмичалик бўлса ҳам маънавиятимизни поклашга ҳаракат қиляпмизми? Имон, ҳаёни, садоқатни, вафони, меҳр-оқибатни, жасоратни, ғайратни ва умуман юксак маънавият маҳсуллари бўлмиш олий ахлоқни қанчалик авайлашга интилмоқдамиз?

Аслида ёмон хулқлар, бад феъллар, хиёнат ва разолат, иккиюзламачилик, миллатчилик, ирқчилик, бир-бировни камситиш, кибр-ҳаво ва қўйинг-ки жамиятни, дунёни хорликка судровчи, тубсиз жарликларга етакловчи, боши берк кўчаларга тиқиб ташловчи барча иллатлар биринчи бўлиб инсон қалбида илдиз отади. Шайтони лаъиннинг нишони бўлмиш нафс, унинг зарбаларига дош беролмай қолган онидан бошлаб, унинг ҳамтовоғига айланади-қолади. Демак, энг катта кураш бу нафсимиз билан кураш экан. Шуни енгиб ўтсаккина бошқаларга нафимиз тега бошлайди. Моддий-маънавий покликка эриша бошлаймиз.
Ҳозирги ҳолимиз…

Ҳозирги аҳволимиз барчамизга ҳаётимизни бир бор қайта кўздан кечиришимиз лозимлигини кўрсатиб қўйди. Бошимизга мусибат келганида энг ишончли бошпанамиз, доимо биз учун ғамхўр-ғамгусоримиз, энг яқинларимиз оила аъзоларимиз, оиламиз эканлигини яққол намоён қилди.

Инсоннинг илк моддияти ҳам маънавияти ҳам оилада шаклланади. Ота ва она, эр ва хотин, фарзандлар… мана шу боғлар заифлашган бир даврда яшаётган эдик. Аллоҳ бу қадриятнинг қадрини унута бошлаганимизда ҳаммамизни яна ўша ошиёнга қайтарди, уйларимизга қамади.

Кўчада эркаклар бегона аёлларга қараб маънавиятимизни ҳимоя қила олмаётган эдик. Аёллар эса эркакларга ўзини кўз-кўз қилиб. Бир-бировни алдаб, товламачилик қилиб, кераксиз нарсаларнинг ортидан кече-кундуз югуриб-елиб маънавиятимизни тор-мор қилиб юборётганимизнинг фарқига бормаётган ҳам эдик.

Ҳозир ҳамма уйига кирди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамма ўзининг уйига қайтди. Шу ўринда, ҳар ким ўзига тегишли хулоса чиқариб олишини ният қилиб, барчамизда топилиши мумкин бўлган иллатларга, нафсимизнинг ёмон жиҳатларига хитоб қилиб кўрсак!
Ҳар ким ўз ўрнини билса…

Эй эркаклар! Кўчадаги бегонлар билан қилган муомалангиз, бошқаларга кўрсатган ҳурматингиз қани? Нега уйда хушмуомала эмассиз? Балки аёлингиз ўқимагандир, илмсиздир, чиройли кийиниб, ясан-тусан қилишни эплолмас. Бироқ у сизнинг шу ҳолда савлат тўкиб юришингиз учун нақадар хизмат кўрсатгани, кечани кундузга улаб, фарзандларингизга, айниқса сизнинг ўзингизга, у ҳам етмаганидек, ота-онангизга беминнат хизмат қилмадими? Сиз унинг учун нималар қилдингиз? Аёлингиз зиёли бўлиши, маданиятли бўлиши учун нима қилиб бердингиз? Фарзандларингизнинг ўқиши, тарбияси билан қачон, қанча вақт шуғулландингиз? Виждонан бир бо кўздан кечирингчи ҳаётингизни…

Энди эса, эй аёллар! Ва ниҳоят, коронавирус сабабли уйига қайтган аёллар! Оилангизни, эрингизни қанчалик қадрлайсиз? Эрингизни нега одам ўрнида кўрмайсиз? Меҳмонларга, зиёфатдошларга, бегоналарга қилган муомала, назокатингиз қани? Нега эрингизга бундай муомала қилмайсиз? Уйингизни уй қилган, ҳаммангизнинг яхши еб-ичишингиз, яхши кийинишингиз, фарзандларингизнинг яхши таълим тарбия олиши учун кеча-ю кундуз тиним билмаётган шу эрингиз эмасми, ахир?! Еган-ичганининг, ўтирган-турганининг тайини йўқ, қачон бемалол ухлаб, қачон хотиржам дам олганини эслаёлмайди ҳам. Қани биир сарҳисоб қилиб кўрингчи ўзингизни…

Ўзимиз сабабчимиз

Аксар касалликлар асабийликдан келиб чиқади. Асабийлашиш эса аввало оилада юзага келади. Ўзаро ҳақларга риоя қилинмаган оилада. Меҳр-оқибат, севги-муҳаббат асосида яшалмаётган оилада. Эр-хотин ўз вазифаси, ўз ўрнини билмаган оилада. Бу оиладаги фарзандлар ҳали болалигиданоқ асаби бузуқ, тарбияси эгри, таълими паст бўлиб улғайса, не ажаб…

Биз қандай қилиб биз бу ҳолга тушиб қолдик? Кўзи кўчада бўлганнинг қалби ҳам кўчада бўлади. Аллоҳ бунинг бадалини тўлатади. Аслида, кўзимиз ҳам қалбимиз ҳам ичкарида бўлиши керак эди. Чунки биз мана шу оиламиздан, ичкаридан қувватланамиз. Бизни коронавирус ҳеч нарса қилолмайди. Биз ўзимизга ўзимиз қиламиз. Аллоҳ феълимиз сабаб бало йўллайди. Корнавирус пандемиясидан ибрат оладиган жуда кўп нарсалар бор. Аллоҳ энг муҳим маънавий марказимиз оила эканлигини, бу масалага жиддий ёндошишимиз зарурлигини эслатиб қўйди. Уйимизга қолиб, оиламиз билан жиддий шуғулланишимизга мажбур қилди.

Ажабмас, бу карантин натижасида, оилаларимиздан янги-янги истеъдодлар, қобилият соҳиблари, дунёга довруғи кетадиган генийлар “бўй кўрсатса!” Дарвоқе, Навоийни ҳам, Амир Темурни ҳам, Мирзо Улуғбекни ҳам тарбия қилган энг аввало онаси, кейин эса отаси, қолаверса оиласи эмасми, ахир?!

Уйда қолинг!

Уйда қолинг, Азизлар! Уйда қолинг ва энг аввало нафсингизни тарбияланг! Уйда қолинг ва ўзингизни тарбияланг! Уйда қолинг ва оилангизни тарбияланг! Уйда қолинг ва фарзандларингизни тарбияланг! Уларни юксалтиринг, кўкларга парвоз қилишига замин ҳозирланг! Самога тирмашишга тайёрланг! Керак бўлса оёғининг остига елкангизни тиргак қилинг! Уйда қолинг ва бу қолишни бўш ўтказманг! Уйда қолинг ва асло бебаҳра қолманг! Бу қолишни фойдага, маънавий манфаатга айлантиринг! Уйда қолинг ва келажакка уйдан туриб юриш қилинг! Пухта режалар тузинг, мустаҳкам тайёргарлик кўринг! Оилангиз билан бир тан-бир жон бўлиб истиқболга юриш қилишга ҳозир бўлинг!

Нигора УСМОНОВА,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

147010cookie-checkУЙДА ҚОЛИНГ! ёҳуд вақтида уйимизга келганимизда эди…
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting