Қуръони карим нозил бўла бошлаган пайтидан бошлаб ер юзидаги барча мўмин-мусулмонлар бу ишга алоҳида эҳтимом билан ёндошиб келадилар. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари давридан бошланган бу улуғ анъана ҳозирга қадар ҳам давом этмоқда. Саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги даврда яшаб ўтган уммат кишилари орасида кўплаб қироат устозлари, Қуръон ҳофизлари яшаб ўтган. Бугун уларнинг ҳар бирининг ҳаётини атрофлича ўрганмоқ, уларнинг бу борада тутган йўлларидан бохабар бўлмоқ, машҳур қорилар ҳаётидаги таъсирли лавҳалар қалбимизда Қуръони каримни ёд олиш ва ўрганишга бўлган рағбат ва муҳаббатимизни ошириши шубҳасиз.

Қуръон карим Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи, инсонларга саодат манбаи эканидан уни ўқиш, ёд олиш алоҳида ибодат саналади. Бу борада Қуръон каримнинг ўзида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида кўплаб тарғиб ва ташвиқлар келган. Аллоҳ таоло Фотир сураси 29-30 оятларида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ (29) لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

“Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради, ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам беради. Албатта, У мағфиратли, ўта шукр қилувчидир (яъни, озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот беради)”.

Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Абу Зарр, эрталаб барвақт туриб, Аллоҳнинг Китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракъат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир. Эрталаб туриб, амал қиласанми ёки йўқми, илмдан бир боб ўрганишинг сен учун минг ракъат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир”, дедилар”.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”.

Мазкур ҳадисда Қуръон тиловат қилиш, Каломуллоҳдан узоқ юриш қандай самара бериши ажойиб ўхшатиш орқали баён этилмоқда. Унда тўрт тоифа киши икки хил мева ҳамда икки хил ўсимликка ўхшатилмоқда: мўмин утружжага, хурмога, мунофиқ эса райҳонга, ҳанзалага менгзалмоқда. Бу билан мўмин банданинг шаъни нақадар улуғлиги, тилида мусулмонликни даъво қиладиган кимсанинг ҳолати нақадар ёмонлигини билиб оламиз. Қолаверса, ҳадисда Аллоҳнинг Каломи банданинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам таъсир қилиши таъкидланмоқда. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу ҳадис шарҳи билан яқиндан танишадиган бўлсак, қуйидаги хулосаларга эга бўлиш мумкин.

“Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”. Утружжа – апелсинга ўхшаган мева. Унинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг хушбўй ҳиди, тотли мазаси бор. Утружжа мевалар ичида энг яхшиси бўлгани учун ҳам мўмин киши шу мевага ўхшатилмоқда. Мўминнинг қалбида имони бор, нифоқ йўқ. У Қуръон ўқийди. Қуръон ўқиши шундоқ юз-кўзидан билиниб туради. Мўминнинг ташқи кўриши гўзал, хулқи чиройли. Асосийси ички олами – қалби гўзал. Қалбни ислоҳ қилишда, етук мўмин бўлишда Қуръоннинг аҳамияти жуда катта. Қуръон ўқийдиган мўминнинг – худди утружжа каби – таъми мазали: қалбида имон мустаҳкам ўрнашган, ҳиди хушбўй – одамлар унинг қироатини эшитиб роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар, Қуръон ўқишни ўрганадилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.

“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Бу ҳам ажойиб ўхшатиш. Ҳар бир бандадан талаб этиладиган асосий нарса имондир. Мўмин банда имони билан қадрли. Лекин Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатяптилар. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳиди йўқ. Бундан Қуръон ўқимаслик, ўқишни ўрганишга ҳаракат қилмаслик мўмин банда учун айб саналиши чиқмоқда. Бугунги кундаги кўп мусулмонлар бошига тушаётган кўп ташвишлардан чиқишнинг бирдан-бир чораси – Қуръонга қайтиш, Аллоҳнинг каломини қунт билан ўқиб-ўрганиш.

Шуни таъкидлашки, мўмин банда Қуръон ўқимаса ҳам унинг асли пок, чунки қалбида имон бор. Қуръон ўқимагани ёки ўқий олмагани билан унинг ботини гўзал, аммо зоҳири ислоҳталаб.

“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб мунофиқ дилида касаллик бор, тилида мусулмонликни даъво қилади. Лекин қалбида имон йўқ, ихлос йўқ. Маълумки, райҳоннинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй. Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Чинакам мўмин банда Қуръон ўқиш билан қанчалик юқори даражага кўтарилишини шундан ҳам билиб олса бўлади.

“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”. Ҳанзала – таъми, ҳиди ёқимсиз ўсимлик. Қалбида нифоқ бор, Қуръондан узоқ банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак ҳиди ҳам бадбўй. Бу – тўрт тоифа ичидаги – энг паст поғона эгасидир. Мунофиқлик тамғаси бандани жуда паст даражага тушириб юборади. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси янада пасайиб кетади. Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган.

Ҳадиснинг мана шу қисмидан хулоса чиқарадиган бўлсак, аввало нифоқдан узоқ юриш, сиртдан мусулмон бўлиб кўриниб, Исломга тескари ишлардан қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қолаверса, Қуръонга эътиборимизни кучайтирайлик. Зотан, мўмин-мусулмон бўла туриб Қуръон ўқимаслик маъқул эмас. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган.

Машҳур саҳоба Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил! Чунки барча ишларнинг боши тақводир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, яна насиҳат қилинг”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон тиловат қил. Зеро, бу сен учун ерда нур, осмонда захира бўлади”, деб марҳамат қилдилар”.

Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деган. Бу гапни бутун бошли давлат раҳбари айтаётганини ўйласак, уларнинг Қуръони каримга бўлган муносабатларини ангалймиз.

Абу Умома розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳ азза ва жалла Китобидан бир оят ўрганса, (ўша оят) қиёмат куни бандани кулиб турган ҳолда қарши олади”.

Ҳадисдан англашиладики, қайси банда Қуръондан бир оятнинг ўқилиши ва тафсирини ўрганса, ўша оят охиратда бандани хурсанд ҳолда кутиб олади, яъни Аллоҳ таоло ўша оятни банда қиёмат куни хурсанд бўлишига сабаб бўладиган восита қилиб қўяди.

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Қуръонни ўқиса ва ёдласа, (Қуръон) ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деганини ҳаром деб тан олса, Аллоҳ ўша бандани жаннатга киритади ва унга оила аъзоларидан дўзах(га тушиши) вожиб бўлган ўн нафарини шафоат қилиш имконини беради”.

Яъни, ким Аллоҳнинг Китобини тўлиғича ёд олиб. Қуръондаги ҳалол нарсани аҳлол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилса, Аллоҳ у бандани жаннатга киргизади ва унга оила аъзоларидан дўзахга тушганлар ичида ўн кишини шафоат қилиш имконини беради. Жаннатга киришнинг ўзи осон иш эмас. Бунинг учун кўп амал қилиш, машаққат чекиш. Аллоҳ йўлида тер тўкиш, турли мусибат ва қийнчиликларни мардонавор енгиб ўтиш, сабр қилиш керак бўлади. Жаннатга кириб, яна ўзгаларни шафоат қилиш эса бу улуғ мақом. Бу мартаба Қуръонни тўлиқ ёд олиб, унга амал қилган қориларга берилади.

Аллоҳ таоло қиёмат куни нафақат Қуръон соҳибини ажр-савоб билан мукофотлайди, балки Қуръоннинг барокатидан унинг ота-онаси ҳам Аллоҳнинг раҳматига эришади. Саҳл ибн Муоз Жуҳаний отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиб, ундаги нарсаларга амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига зиёси дунёда (агар сизларда бўлса,) қуёш зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилган банда ҳақида нима деб ўйлайсиз”.

Кўриниб турибдики, Қуръоннинг файзи, баракасидан қорининг ота-онаси ҳам манфаат кўради. Қуръон ўқиб, унга амал қилган қорининг дунёга келишига сабабчи бўлган ота-оналар бошига зиёси қуёшникидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Қуръон ўқиган қорининг ота-онаси шундай мақомга эришганларидан кейин қорининг ўзи эришадиган даражани тавсифлашга қалам ожиз, уни тасаввур қилишга ақллар қосирдир. Бунинг қандай эканини жаннатга кирган қориларгина биладилар. Ёки Абдуллоҳ ибн Бурайд Асламий отаси Бурайда розийаллоҳу анҳу у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадига эътибор қаратайлик.

“Ким Қуръонни ўқиса, уни ўрганса ва унга амал қилса, қиёмат куни унга нурдан бўлган тож кийдирилади. (У тожнинг) зиёси қуёшнинг зиёси кабидир. Унинг ота-онасига икки кийим кийдирилади. У иккисига дунё тенг келолмайди. Улар: “Бу бизга нима сабабдан кийдирилди!” дейишади. Шунда: “Фарзандингизнинг Қуръонни ёдлаб (унга амал қил)гани учун (шундай марҳаматга сазовор бўлдингиз)”, дейилади.

Мазкур ривоятда ота-оналар фарзандларини ёшлигиданоқ Қуръонни ёд олишга қизиқтиришга тарғиб қилинмоқда ва улар эришадиган мартабалар ажойиб услубда ифодаланмоқда. Ота-оналарнинг бундай илоҳий марҳаматга эришишларига сабаб улар фарзандларини ёшлигидан яхши тарбиялаб, фойдали амалларга, жумладан, Қуръонни ёд олишга ундаганлар ва бунга жиддий аҳамият берганлар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни Қуръон келади ва: “Эй Раббим, уни (яъни, Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!” дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: “Эй Раббим, унга зиёда қилгин!” дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): “Эй Раббим, ундан рози бўлгин!” дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): “Ўқи ва кўтарилиб боравер”, деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади”.

Юқорида келган ривоятларда Қуръон охират куни бандани шафоат қилиши айтилганди. Бу ривоятда ўша шафоат қандай бўлиши батафсил баён қилинмоқда. Демак, Қуръон қиёмат куни Аллоҳдан ўз соҳибини безатишни, унга иззат-икром кўрсатиш ва ўша бандадан рози бўлишини сўрар экан. Қуръоннинг бундай шафоатига эришиш учун банда Қуръон ўқиши, бир сўз билан айтганда Қуръон ҳақларини адо қилиши керак.

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръон ўқиб, уни ёдламасидан олдин вафот этса, бир фаришта келиб, қабрида унга Қуръонни ўргатади ва у Аллоҳга Қуръонни ёдлаган ҳолида йўлиқади”, деганлар”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Ким Қуръон ўрганган бўлса ва ўзидан бошқа кишига унга берилган Қуръондан ҳам афзалроқ нарса берилган, деб билса, кичик нарсани улуғ санаган ва улуғ нарсани кичик санаган бўлади», деганлар.

Абдулҳамид ибн Абдурраҳмон Ҳимоний айтади: «Мен Суфён Саврийдан «Сиз учун ғазот қиладиган киши яхшими ёки Қуръон ўргатадиган кишими?» деб сўраган эдим, у киши: «Қуръон ўргатадиган киши», дедилар. Чунки Набий алайҳиссалом: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръон ўрганган ва уни ўргатган кишидир» деганлар».

Маълумки, ҳамма ҳам Қуръони каримни бирдек осон ўқий олмайди. Кимдир Қуръон ўқишга бироз қийналади, айрим ҳарфлар талаффузига тили келишмайди ёки ҳижжалаб ўқийди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”.

Ҳадиси шариф мазмунига кўра, Аллоҳнинг топшириқларини етказувчи, банданинг ҳар бир ишини номаи аъмолига ёзиб борадиган итоатгўй фаришталар қандай улуғ мавқега эга бўлса, Қуръонни моҳирона ўқийдиган қорилар ҳам худди шундай мартабага эришади. “Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”. Ҳадисда ана шундай инсонларга далда берилмоқда, кўнгиллари кўтарилмоқда. Зеро, уларнинг Қуръон ўқиш йўлида чеккан машаққатлари бесамар кетмайди. Ҳатто моҳир қоридан ҳам кўпроқ савоб олишлари мумкин.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Қуръон ўқиса, нубувватга (яъни, пайғамбарлик даражасига) поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди холос. Демак, Қуръон маъноларини дилига сингдирган мўмин киши секин-аста юксак мартабага кўтарилади. У энг гўзал одобларни Қуръондан ўрганади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳнинг Каломидан битта ҳарф ўқиса, унга битта савоб ёзилади. Ўша савоб ўн баравар кўпайтирилади. Мен алиф лом мимни битта ҳарф демайман. Алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим бир ҳарфдир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Қуръон ўқинглар! Зеро, (Каломуллоҳ) қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлади”.

Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни авф этишни ёки айрим бандаларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишни сўраш шафоат, дейилади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламоларига кўра, қиёмат кунидаги шафоат ҳақдир. Унга имон келтириш – вожиб. Чунки гуноҳкор мусулмонларнинг қиёмат куни шафоат қилиниши ҳақидаги ҳадислар мутавотир даражасига етган. Охират куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, яна солиҳ кишилар шафоат қилишларини биламиз.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “(Парвардигорим,) мен уни кундузи таомдан, нафс хоҳишларидан тўсганман. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Қуръон айтади: “(Парвардигорим,) мен уни кечаси уйқудан қолдирганман. Уни шафоат қилишим учун изн бер”. Шунда (рўза ва Қуръонга бандани) шафоат қилиш имкони берилади”. Бу ҳадисга кўра, холисаллиллоҳ рўза тутган, Қуръон ўқиган банданинг гуноҳлари кечирилиши Аллоҳдан сўралар экан.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон (тиловати) ва зикрим қайси бандани Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, ўша бандага сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ёки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати – Қуръон ўқиш”, деганлар.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ банданинг икки ракат намозидаги (қироати)га қулоқ солганидек бошқа афзалроқ нарсани эшитмайди. Банда намозда экан, боши узра яхшилик ёғилиб туради. Одамлар Аллоҳга (Қуръондан) чиққан бошқа (афзалроқ) нарса билан яқинлашолмайдилар”.

Хулосаси ўлароқ шуни айтиш керакки, Қуръони карим тиловати бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Унинг даргоҳида юксак мақомга лойиқ қиладиган энг улуғ амаллардан саналар экан. Кимки ана шу фазилатга эга бўлса унинг Аллоҳ таоло даргоҳида юксак мақом эгасига шубҳа бўлмайди.

Манбалар асосида Ўктам Қурбаниязов Амударё тумани “Нўғой эшон” жомеъ масжиди имом хатиби Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлим битирувчи талабаси

147130cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМНИ ЁДЛАШНИНГ ФАЗИЛАТИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting