Сувдан фойдалана олмаслик сабабли узрли бўлиш бирор касаллик туфайли ёки совуқлик туфайли бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда узрли ҳисобланиш қуйидаги нарсалар орқали собит бўлади:

1. Бирор аломат ё тажирбага кўра сув ишлатса зарар кўриш эҳтимоли устун бўлиши;

2. Соҳа мутахассиси бўлган мусулмон табиб сув ишлатиш зарарли эканини айтган бўлиши.

Бирор касаллик туфайли сувдан фойдалана олмайдиган кишиларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

1. Таҳоратда ювиладиган барча аъзоларига сув ишлатишдан узрли бўлган кишилар. Бундай кишиларнинг таяммум қилишлари билиттифоқ жоиз саналади;

2. Таҳоратда ювиладиган аксар аъзоларга сув ишлатишдан узрли бўлган кишилар. Масалан бир кишининг бошида, юзида ва икки қўлида сув ишлатишдан тўсадиган жароҳати бўлса таяммум қилади.

3. Таҳоратда ювиладиган аксар аъзоларига сув ишлатишдан узрли бўлмаган кишилар. Масалан бир кишининг фақат оёқларига сув ишлатишдан тўсадиган жароҳати бўлса, таяммум қилиши жоиз эмас. Бу одам соғлом аъзоларини ювиб, жароҳатига масҳ тортиши лозим бўлади.

4. Ғусл қилишда ҳам худди шундай жароҳатнинг қанчалигига қаралади. Агар баданнинг аксарида сув етказиш узрли бўладиган жароҳат бўлса таяммум қилинади. Бунинг аксида эса яъни, баданнинг аксар қисми соғлом, баъзиси жароҳатли бўлганда, соғлом жойлар ювилади, жароҳатга масҳ тортилади. Бу ҳукмда жароҳатга сув теккизмасдан ювиш мумкинлиги ҳам эътиборга олинади. Масалан бир кишининг орқасида жароҳати бўлиб, унга сув теккизмасдан бошини ювиш иложи бўлмаса ўша жароҳатдан юқори жойлар ҳам жароҳатнинг ҳукмида бўлади.

5. Танада жароҳатли жой билан соғлом жой тенг бўлиб қолса, нима қилиниши ҳақида бирорта ривоят келмаган. Шунинг учун бу масалада ихтилоф қилинган. Баъзи уламолар таяммум қилиши вожиб, чунки таяммум билан комил поклик ҳосил бўлади, деганлар. Баъзи уламолар эса соғлом жой ювилади, агар зарар бермаса жароҳатга масҳ тортиш лозим бўлади, деганлар. Аммо кўпчилик уламолар биринчи қавлни маъқуллаганлар.

Совуқлик туфайли сувдан фойдалана олмайдиган кишилар ҳақида эса қуйидагича баҳслар қилинган: Муқим киши қаттиқ совуқ пайтда жунуб бўлиб қолса, ғусл қилишга илиқ жой ва илиқ сув топиш имкони бўлмаса таяммум қилиши жоиз ҳисобланади.

Аммо қаттиқ совуқ пайтида муқим киши бетаҳорат бўлиб қолса, сувни иситишга имкони ҳам бўлмаса, бундай ҳолда таҳорат ўрнига таяммум қилиши жоиз бўлиши ҳақида ихтилоф қилинган:

А) Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларига кўра таяммум қилиш жоиз.

Б) Имомайн раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг қавлларига кўра, таяммум қилиши жоиз эмас.

“Хулоса” ва “Фатавои Қозихон” сингари ҳанафий мазҳабидаги энг мўътабар фатво китобларида бундай ҳолатда ғусл ўрнига таяммум қилиш жоизлигига, аммо таҳорат ўрнига таяммум қилиш жоиз эмаслигига фатво берилган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

147950cookie-checkСувдан фойдалана олмаслик сабабли узрлилар кимлар?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting