“Мавсуъатул фиқҳия” китобида бу масалаларнинг таҳқиқи қуйидагича баён қилинган:

“Намоз ўқувчи қироатда хатога йўл қўйса, агар оятнинг маъноси бузилмайдиган даражада бўлса намози бузилмаслигига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар. Аммо маъноси бузиладиган даражада хато ўқиш сабабли намоз бузилиши ё бузилмаслиги тўғрисида ихтилоф қилинган. Агар ўқилган оятнинг маъноси қасддан ўқилса куфр бўладиган даражада хато бўлса, бу ҳақида Ҳанафий мазҳабида икки хил қараш айтилган:

1. Ҳанафий мазҳабидаги олдинги уламоларнинг қарашларига кўра намози бузилади.

2. Ҳанафий мазҳабидаги кейинги уламолари бўлган Муҳаммад ибн Муқотил, Абу Наср Муҳаммад ибн Салом, Абу Бакр ибн Саъийд Балхий Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл ва Шамсул аимма Ҳалвонийларнинг қарашларига кўра намози бузилмайди.

“Фатавои Ҳиндия” китобида бу ҳақда бундай дейилган: “Олдинги уламоларнинг қарашлари эҳтиёткорроқ йўлдир. Чунки қасддан бундай ўқиш куфр бўлади. Куфр бўладиган лафз эса Қуръон бўлмайди. Кейинги уламоларнинг қарашлари эса кенгроқ олинган йўлдир. Чунки авом халқ эъроблар орасини ажрата олмайди”. Фатво кейинги уламоларнинг сўзига берилган” .

Аммо фатво маълум замон ва макон тақозосига кўра берилган шаръий жавоб эканини, замон ва макон ўзгариши билан фатво ҳам ўзгариши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳозирги кунимизда Қуръонни ўрганиш имконияти узрга ўрин қолдирмайдиган даражада жуда катта бўлгани сабабли олдинги уламоларнинг қарашлари мўътабар ҳисобланади.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳарфларни алмаштириб ўқилганда намоз бузилиши ё бузилмаслиги ҳақида баҳс қилинмоқда. Бундан араб алифбосидан бошқа алифболарда ёзиб ёдланган оятларни қироат қилиш умуман мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки бошқа бирор тилдаги ҳарфлар араб тилидаги ҳарфлар талаффузини ифодалаб бера олмаслиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида унинг араб тилида экани баён қилинган. Масалан:

“Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки ақл юритсангиз” (Зухруф сураси, 3-оят).

Шу каби кўплаб оятларнинг маъносига кўра араб тилидан бошқа ҳарфларда ёзилган “сура ва оятлар” Қуръон бўлмайди. Чунки Қуръоннинг арабча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар берган. “Фотиҳа” ёки бирор қисқа сурани араб тилидан бошқа алифбода ёзиб ёдлашга зарурат юзасидангина рухсат берилган. Яъни, бу рухсат араб тилидан мутлақо хабари йўқ инсон исломни қабул қилганда қироатни ўргангунича намознинг фарзини адо этиши учун маълум вақтгагина берилган рухсат ҳисобланади. Бундай ҳолатдаги кишига зудлик билан намоз жоиз бўладиган даражада қироатни ўрганиши фарз бўлади. Мазкур заруратдан ташқари сура ва оятларни кирил алифбосида ё бошқа алифболарда ёдлашга зарурат йўқлиги туфайли рухсат берилмайди. Чунки зарурат юзасидан берилган рухсат, фақат зарурат миқдорида чегараланиши шаръий қоидадир.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

149230cookie-checkНАМОЗ ҚИРОАТИДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙИШ-2
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting