Савол: Айрим фирмалар уларнинг маҳсулотини сотиб олганингиз учун сизга бошқа харидор олиб келиш ҳуқуқини тақдим этади. Улар қўйган шартларга кўра ва улар айтган миқдорда харидор олиб келсангиз сизга маълум миқдорда маблағ ёки биронта қимматбаҳо буюм берадилар. Бу иш жоизми?
Жавоб: Бугунги кунда бу иш турли кўринишларда ва турли шартларга кўра амалга оширилмоқда. Лекин уларнинг барчасида топиладиган ҳолат яъни уларни жамлаб турувчи нарса маҳсулот сотиб олган шахс занжир қаторига қўшилади ва бошқа харидорлар излашга киришади. Гоҳида муваффақиятга эришиб маълум маблағларга эга бўлиши мумкин.
Бу ишларнинг шаръий ҳукми келишув шартлари ва ҳолатларига қараб ўзгариб боради:
1. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш яъни бошқа харидор олиб келиш шарт қилинса бу бай фосид ҳисобланади. Масалан, бир пачка дорини 100 долларга бошқа харидор олиб келиш шартига кўра сотилса жоиз эмас.
2. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш шарт қилинмаса ва сотиб олувчи унга қўшилмаса бу бошқа оддий байлар каби жоиз ҳисобланади.
3. Агар маҳсулотни сотиб олишда савдо занжирига қўшилиш шарт қилинмаса, лекин маҳсулот ўзинининг бозордаги ҳақиқий қийматидан юқори нархга сотилса савдо занжирига қўшилиш учун уни сотиб олиш жоиз эмас. Масалан, баъзи фирмалар 200 долларлик дорини 500 долларга сотади ва сотиб олувчига “Хоҳласангиз занжирга қўшилинг ва даромад олинг, хоҳласангиз йўқ, шарт эмас” деб айтади. Сотиб олувчининг асл мақсади дори эмас, балки ана шу занжирга қўшилиб олиш бўлса бай жоиз эмас.
4. Агар маҳсулот ўз нархида сотилаётган бўлса ва уни сотишда занжирга қўшилиш шарт қилинмаса, лекин уни сотиб олувчи занжирга қўшилиб даромад топиш учун сотиб олса ва унга қўшилса бу олдинги байдан алоҳида иш ҳисобланади. Фиқҳий қоидаларга кўра у воситачи ёки даллол ҳисобланади. Бунда воситачига ҳақ бериш масаласи асосида ҳукм чиқарилади. Одатда бу шаклда юритиладиган келишувларда воситачи бир нечта, масалан иккита харидор топсагина бериладиган маблағга ҳақли бўлади. Бу тариқа келишув ҳам жоиз эмас.
Бундан ташқари у ўзи топган харидорлар орқали топилган одамлар ҳисобидан ҳам маблағ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу хусусда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ қуйидагиларни айтади: “Тажриба шуни кўрсатдики, ушбу ҳолатларда сотилаётган маҳсулот қимматбаҳо, гоҳида бозорлардан топилмайдиган нарса бўлади. Одамлар уни савдо занжирига қўшилиш учунгина сотиб оладилар. Бундан олдинроқ фирмалар маҳсулотни сотмасдан ҳам бу ишни амалга оширганлар. Улар одамлардан яхшигина пул олиб уларнинг қўлига биргина карточка берганлар. Карточкани олган одам занжирга қўшилган ва бошқа одамларни унга қўшиб маълум миқдорга етганда маълум маблағларни қўлга киритган. Бу айни қиморнинг ўзгинаси ҳисобланади. Бу “Пирамида..” деб аталади. Кўп давлатлар бу шаклдаги савдо амалиётини қонун билан таъқиқлаб қўйдилар. Шундан кейин улар карточка ўрнига баъзи маҳсулотларни нархидан баландроқ нарх эвазига сота бошладилар. Лекин, мазмун ва мақсад пирамида системасининг айни ўзи. Буни кўп давлатлар ҳали таъқиқламади. Лекин шариат ҳукмига кўра бу жоиз эмас.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний фатволарига асосан ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.

@habib_uz

149540cookie-check“Сетевой” маркетинг жоизми?
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

  1. Ассаломалекм!
    Ман сетевой маркетинг учун жавобингиз учун котта рахмат! Ўзимам сезардим жоиз эмаслигини, ман ишламиман сет.маркетингда ва ишламоқчи ҳам эмасман, лекн манга таклиф қилишган ва хозиргача таклиф қилишяпти. Гап шундаки, уни мақсулоти йўқ, компаниясини номи inCruises деган, манимча буям сетевойга кирса керак?! Гап шундаки ўша таклиф қилаёткан одамга қандай маслахат беришни билмаяпман, ман умуман ишламиман ва азо ҳам бўлмайман албатта, у адашмасин дейманда. Олдиндан рахмат!

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting