Маълумки, ҳар бир мазҳабнинг фиқҳий матн китоблари мавжуд. Фиқҳ илмида матн услубида ёзилган асарлар ибораларининг қисқалиги, ўқилиши осонлиги, далил ва ҳужжатлари зикр этилмагани, заиф ривоятлар ва кучсиз сўзлар учрамаслиги ҳамда энг аҳамиятли масалалар зикр қилингани билан батафсил ёзилган фиқҳий манбалардан ажралиб туради. Уламоларимиз томонидан ҳанафий фиқҳига доир кўплаб фиқҳий матнлар ёзилган. Буларга мисол тариқасида “Мухтасарут Таҳовий”, “Хизонатул фиқҳ”, “Мухтасарул Кархий” ва “Туҳфатул фуқаҳо” каби асарларни зикр қилиш мумкин. Бироқ кейинги уламолар “Мухтасарул Қудурий”, “Виқоятур ривоя”, “ал-Мухтор лил фатво” ва “Канзуд дақоиқ” асарларини ҳанафий фиқҳидаги энг мўътабар фиқҳий матнлар, деб эътироф этишган.
Имом Маҳмуд Тожуш-шариъа Бухорийнинг «Ал-Виқоя» асари кўп асрлар давомида ислом ҳуқуқини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилди ва ҳозирда ҳам ўз эътиборини йўқотган эмас. Бу китоб Ҳанафий мазҳабида Марғилоний яратган «Ҳидоя» асаридаги таълимотни кенг кўламда талқин этишда ва бу йуналишнинг ривожи йўлида улкан ҳисса қўшиб келди. Унинг кичик ҳажмли бўлишига қарамасдан, уни диққат билан уқиган киши ислом ҳуқуқининг асосий масалаларини ўзлаштириб олишга эришади. Шу сабабли машҳур ҳуқуқшунос олимлар томонидан араб, турк ва форс тилларида унга бағишлаб кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган ҳамда узоқ муддат давомида исломий дорилфунунлар дастурларига киритилган .

Шунинг учун ҳам биз «Ал-Виқоя» асарини «Канзу-д-дақоиқ» билан солиштиришга ҳаракат қилдик ва қўйидагиларни аниқладик.

1. Муаллиф «Ал-виқоя» асарини «Хунаса» фасли билан хотималаган бўлсалар, имом Насафий (роҳимаҳуллоҳ)нинг «Канзул-дақоиқ» асарлари эса фароиз, яъни мерос масалалари боби билан тугалланган.

2. Имом Маҳбубий «Ал-виқоя»да 56 китоб зикр қилинган бўлса («турли масалалар» бобини ҳам китоб қаторига киритилади), «Канзу-д-дақоиқ» асарида китоблар сони эллик тўққизта ёки олтмиштани ташкил қилади. Баъзи китоблар «Ал-виқоя»га умуман кирмай қолган. Жумладан, Фаройиз, яъни мерос тақсимлаш китоби «Ал-виқоя»да йўқ.

Имом Маҳбубий Бухорий «Ал-виқоя»ни ёзаётган вақтда Фаройиз илми фиқҳдан ажралиб алоҳида илм сифатида жорий бўла бошлаган эди. Фаройиз илмининг етук билимдонлари кўзга кўринган пайти бўлган.

Бундан ташқари «Ал-виқоя» аслида «Ҳидоя»нинг масалаларини қисқартмаси ҳисобланади. Малумки, «Ҳидоя»да Фаройиз китоби йўқ. Шунинг учун ҳам уни «Виқоя»га киритилмаган бўлса керак.

3. «Канзу-д-дақоиқ»да боблар сони ҳам «Ал-виқоя»никига нисбатан кўп. «Ал-виқоя»да баъзи боблар бир-бирига қўшиб юборилган бўлса, баъзилари умуман бобга ажратилмаган. «Канз уд-дакоиқ»да эса мавзуларни кенгайтиришга ҳаракат қилинади. Шунинг натижасида «Ал-виқоя»да бир-икки оғиз билан гапириб ўтилган ёки бир неча қатор бағишланган мавзулар «канзу-д-дақоиқ»да бобларга ажратилиб, алоҳида ва батафсилроқ тушунтирилади.

Масалан, Талоқ китобининг аввалидаги талоқнинг умумий тушунчалари, талоқнинг иккига бўлиниши, сариқи талок, кинояли талоқ ҳамда вақт билан боғлиқ талоқ қилиш турлари «Ал-виқоя»да бир сарлавҳа остида берилгани ҳолда «Канзу-д-дақоиқ»да икки боб ва бир фаслга ажратиб баён этилади .

4. «Ал-виқоя»да фасл сифатида берилган мавзулар «Канз уд-дақоик»да боб деб берилган. Масалан, намоз китобидаги азон, намознинг шартлари ва сифатлари ҳақидаги фасллар боб сифатида берилган. «Канзу-д-дақоиқ»да намоз ўқиш тартиби алоҳида фасл сифатида берилган. Бу «Ал-виқоя»да «Намознинг сифати баёни» фасли ичида берилган.

5. «Ал-Виқоя»да суннат бўлган ғусллар айтилади. Вожиб ғусллар ҳақида бирор оғиз гапирилмайди. «Канз уд-дақоиқ»да эса вожиб бўлган ғусллардан иккитаси саналган:

ووجد للميت ولمن اسلم جنبا الا ندب

«Маййит учун (ғусл) ва жунуб ҳолда мусулмон бўлган одамнинг ғусли вожибдир. Янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, бундан мустасно (яъни ғусл қилиш вожиб эмас, мустаҳаб) ».

6. «Ал-виқоя» китобида очиқ қолиб кетган масалаларга «Канзу-д-дақоиқ»да жавоб топиш мумкин. Жумладан, маҳсига масҳ тортишда ният шартми, шарт эмасми, деган савол туғилиши мумкин. Бунга «Канзул-дақоиқ»да аниқ жавоб бор:

ولا يفتقر الي النية في مسح الخف و الرأس

«Маҳсига ва бошга масҳ тортишда ният қилишга муҳтож бўлмайди ».

Шунингдек, «Азон боби»да бомдод намозига азон айтишда «Ас-солату хойрун минан навм» жумласини қўшиш кераклиги «Мухтасар»да айтилмаган. Ҳолбуки, «Канзу-д-дақоиқ» асарида бу алоҳида зикр этилган .

7. Ҳар икки матнннинг ўзига хос афзалликлари бор. Баъзи масала «Канзу-д-дақоиқ»да қўшимчаси билан яхширок ифодаланса, баъзилари ундай эмас. «Ал-виқоя»да бу аксинча бўлиши мумкин. Масалан, азон айтиш макрум бўлган кимсалар «Канзу-д-дақоиқ»да бундай саналади:

او کره اذان الجنب و اقامته و اقامة المحدث و اذان المرءة و الفاسق و القاعد و السكران لا أذان العبد وولد الزني و الاعمي و الاعرابي

«жунубнинг азони ва унинг иқомати ва тахорати синганнинг иқомати ҳамда хотин, фосиқ, ўтирувчи, мастнинг азони макруҳ бўлади. Қул, валади зино, кўр ва аъробийнинг азони макруҳ эмас».

Энди, айни масала «Ал-виқоя»да бу тарзда ифодаланган:

وجاز أذان المحدث وكره اقامته ولم تعادا وكره أذان الجنب وإقامته ولا تعاد هي بل هو كاذان المرءة و المجنون والسكران

«Таҳорати синган одамнинг азони жоиз, иқомати макруҳ бўлади. Икковини (Иқомат ва азони) ҳам (агар таҳорати йўқ ҳолда айтиб куйган бўлса), қайтариб айтмайди. Азон ва иқомат жунубдан макруҳ бўлади. (агар икковини жунуб ҳолда айтиб қуйса), уни (иқомат)ни қайтармайди, балки, ўша (азон)ни қайтаради. Хотиннинг, жиннининг ва мастнинг азони кабидир .

(Яъни, бу учови азон айтиб қўйсалар, азонни қайтиб айтилади)». Бу ерда ҳар икки матннинг ўз афзалликлари мавжуд. «Канзу-д-дақоиқ»да азон айтиши макруҳ бўладиганлар жумласига фосиқ ва ўтирувчи қўшилган, лекин мажнун (жинни) йўқ. «Ал-виқоя»да эса бу аксинча. Шунингдек, қул, валади зино, кўр ва аъробийларнинг азони макруҳ эмаслиги «Ал-виқоя»да айтилмаган. Лекин. «Ал-виқоя»нинг бошқа афзал томони бор. Азони макруҳ бўладиганларнинг азонини қайтариб айтиш кераклиги ёки айтмаслик ҳақидаги фатволар ҳақида «Канзу-д-дақоиқ»да лом мим дейилмайди.

Шунга ўхшаш ўз уйида намоз ўқимоқчи бўлган одам азону такбир айтмаса, макруҳ бўлмаслиги икки мўътабар матнда ҳам бор. Бирок ”Канзу-д-дақоиқ»да ўша одам азону такбирни айтиши мандуб (мустаҳаб) бўлишини қистириб кетган. Бу «Ал-виқоя»да йўқ.

8. “Ал-виқоя”да баъзи масалалар қисқартирилиб, умумий тарзда айтиб кетилган. Жумладан, намознинг фарз ва вожиблари саналгандан сўнг бу икковидан бошқа амаллар суннат ёки мустаҳаб бўлади, дейилади унда . «Канзу-д-дақоиқ»да бўлса, намознинг суннат ва мустаҳаблари алоҳида бирма-бир баён этилган. Уларнинг сони йигирма икки (суннат) олти (мустаҳаб)дир.

9. Фақиҳлар маълум бир бобга жамлолмаган масалаларини “Масаилу шатта” бўлимида беришга ҳаракат қилганлар. Бундай бўлим «Ал-Виқоя»нинг энг охирида ҳам бор. «Канзу-д-дақоиқ»да эса бу бўлим «Фароиз» китобидан аввал «Хунсо (Хунасалар)» китобидан сўнг келтирилган. «Ал-виқоя»да 2 бетдан ошмайдиган бу бўлим «Канзу-д-дақоиқ»да саккиз саҳифадан иборат.

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси “Ислом ҳуқуқи” йўналиши 2-курс магистранти Лутпиллаев Шамсиддин

149640cookie-checkИМОМ МАҲБУБИЙНИНГ “ВИҚОЯТУР-РИВОЯ” АСАРИ ҲАНАФИЙ ФИҚҲИГА ДОИР МУҲИМ МАНБА
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting