Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири, ХХ аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан, адиб ва шоир М.Абдурашидхонов Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласида 1878 йил зиёли оиласида туғилган. Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон ўғли мадрасада мударрис, онаси Хосият отин Хонхўжа Шораҳимхўжа мударрис қизи отинойи бўлган. У отасидан ёш етим қолгани туфайли дастлабки таълим-тарбияни онасидан ол-ган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан қироат илми ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885-1890 йилларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган. Тошкентга қайтиб, имомлик ва муаллим-лик билан шуғулланади. Шу билан бирга Эшонқули додхоҳ мадрасасида таҳсилни давом эттиради. 1901 йилда Тошкентда усули жадид мактабини очиб, шу мактаб учун махсус ўқув дастурини тузган, дарсликлар яратади. 1904 йилдан ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётга аралаша бошлайди. 1906 йилдан фаолият кўрсата бошлаган “Ўрта Осиёнинг умргузорлиги, тараққий”, “Тараққий” газетасининг таъсисчиларидан бири ҳисобланган М.Абдурашидхонов ушбу газеталар ёпилгач, “Хуршид” газетасини ташкил этади. 1907-1908 йилларда нашр этилган миллий газеталардан “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Осиё” газеталарини ғоявий бошқарган ва адабий муҳаррири бўлган. Сўнг 1914-1915 йилларда “Садойи Туркистон” газетасининг масъул муҳаррири муовини, кейин “Ал-ислоҳ” журналида муҳаррир, 1917 йили “Нажот” ва “Кенгаш” газеталарида масъул муҳаррир вазифаларида ишлаган.

М.Абдурашидхонов таълим-тарбия, хайрия каби мақсадларда тузилган турли жамият ва уюшмалар ташкилотчисидир. У “Жамияти Имдодия” (1909), “Турон” (1913), “Туркистон кутубхонаси” (1914), “Умид” (1914), “Мактаб” (1914), “Кўмак” (1921) жамият, ташкилот, ширкат ва уюшмаларида муассис, муовин, раис, аъзо сифатида фаолият олиб боради. Совет ҳукумати даврида Халқ дорилфунуни шўросининг раиси, Туркистон Маориф халқ комиссарлиги турк шўъбасининг иш юритувчиси (1918), Тошкент шаҳар маориф нозири, Бухоро халқ республикаси Маориф нозирлиги вақф бўлими бошлиғи, Тошкент шаҳар ижтимоий тарбия бўлими мудири вазифаларида ишлаб, шунингдек, Навоий номидаги мактаб, Наримонов номидаги педагогика техникуми, аёллар педагогика институтларида таълим беради. Кейин Самарқанд шаҳридаги музейда илмий ходим, Ўзбекистон осори-атиқаларни сақлаш қўмитасининг Тошкент-Фарғона бўлимида масъул котиб сифатида фаолият олиб боради. Ўрни келганда шуни айтиш мумкинки, Ҳамза, Элбек, Акмал Икромов, Абдулҳай Тожиев, Салимхон Тиллахонов, Қаюм Рамазон, Баҳром Ҳайдарий, Манон Уйғур каби маданият арбоблари М.Абдурашидхоновнинг ўқувчилари бўлишган.

М.Абдурашидхонов педагог сифатидаги фаолияти давомида кўплаб дарсликлар ёзган. Унинг “«Алиби аввал” (1907), “Адиб ус-соний” (1907), “Усули ҳисоб”, “Тарихи қавм турк”, “Тажвид” (1911), “Ҳавойижи диния”, “Тарихи анбиё”, “Тарихи исломия” (1912), “Ер юзи” (1916-1917), 4 қисмдан иборат “Ўзбекча тил сабоқлиги” (Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазон билан ҳаммуаллифликда) дарсликлари бир неча марта чоп этилган.

Мунавварқори Абдурашидхонов ижодкор сифатидаги хизматлари ҳам беқиёсдир. Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуот ва ўзи тузган ҳамда ёзган дарсликларига киритилган. Шунингдек, у ўткир публицист адиб сифатида танилган. Даврий матбуотда нашр этилган мақолаларида инсон ва жамият, дин ва илм, ахлоқ, мустамлакачилик ва ҳуррият, озодлик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратади.

М.Абдурашидхоновнинг 1917 йили Туркистонда мустақил давлат ташкил этиш йўлида жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб боради ва шу сабабли совет ҳукумати у кишига нисбатан адоватли муносабатда бўлган. У Европа савдо-саноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. Россия империяси ва совет ҳукуматлари олиб борган мустамлакачилик сиёсатига қарши изчил кураш олиб бориб, 1917-1924 йилларда “Шўройи ислом”, “Турк адам марказият”, “Иттиҳод ва тараққиёт”, “Миллий иттиҳод”, “Нашри маориф” каби жамият, фирқа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган. 1917 Қўқон шаҳрида ташкил топган Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил давлат ҳолда кўришни истаган. Шу интилишлари туфайли 1929 йил ноябрда қамоққа олиниб, 1931 йили Москва шаҳрида совет ҳукумати мустабид сиёсатининг қурбони бўлади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқ дарди билан яшаган М.Абдурашидхонов каби аждодларимизнинг юртимиз, элимиз тараққиёти йўлида олиб борган ишлари тўғрисида ҳақиқатлар қарор топди. Бугунги кунда алломанинг фаолияти ва ижодини ўрганиш бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб борилмоқда.

149750cookie-checkЎзбек миллий матбуоти ва янги усул мактаблари асосчиси – Мунавварқори Абдурашидхонов
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting