ҲАСБУНАЛЛОҲУ ВА НЕЪМАЛ ВАКИЛ

Абдуллоҳ ибн Алий Аббосий Дамашққа аскар билан кирганида бир соат ичида бир минг ўттиз олтита мусулмонни ўлдирди. Хачирлари ва отларини умавийлар қурдирган катта жомеъ масжидга ҳайдаб киритди. Кейин одамларни тўплади ва вазирларига қарата деди:

– Менга қарши чиқадиган яна бирон киши борми?
– Йўқ – дейишди вазирлар.
– Мени танқид қиладиган-чи?
– Танқид қиладиган бўлса фақат Авзоий қилиши мумкин – дея жавоб беришди.

Авзоийнинг куняси Абу Амр, тарки дунё қилган обид, Бухорий ва Муслимнинг ровийларидан бири, ҳадис илмида мўъминларнинг пешвоси бўлган зот эди.

Абдуллоҳ ибн Алий Аббосий уни дарҳол ҳузурига келтиришларини буюрди.

Синохийлар унинг уйига кираркан, Авзоий ўтирган ўрнидан жилмади. Уни Абдуллоҳ ибн Алий чақираётганини айтишди. Авзоий:

– Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил, мени бироз кутинглар! – деганича ичкарига кириб кетди.

Ғусл қилди, кўйлагини ичидан кафан кийди. Чунки у ўлим ва қонга рўпара бўлаётганини биларди. Сўнгра ўзига ўзи деди:

– Эй Авзоий! Мана ҳақ сўзни айтмоққа фурсат келди, шундай экан Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқма!

Авзоийнинг ўзи қаттол султон ҳузуридаги воқеаларни шундай ҳикоя қилади:

– Саройга кирдим, саф-саф аскарлар қилич яланғочлаб турарди. Улар орасидан ўтиб, султон қошига етдим. У тахтда ўтирган эди, қўлида бамбук қамиш. Ғазабдан пешонаси тиришган. Яккаю ёлғиз Аллоҳга қасамки, султонга қарарканман назаримда у пашшадек эди.

«Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил!» дея зикр қилдим. Ўшанда на аҳлимни ва на молимни эсладим. Балки, ҳисоб куни одамларга намоён бўладиган Раҳмоннинг аршини ўйладим.

Султон нигоҳини менга тикди. Қанчалик дарғазаб эканлиги юз-кўзидан маълум эди.

– Эй Авзоий! Биз тўккан қонлар хусусида нима дейсан?

– Фалончи бизга Ибн Масъуддан Расулуллоҳнинг бундай деганларини айтиб берган: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ” деб гувоҳлик берган мусулмоннинг қонини тўкиш ҳаром бўлади. Лекин уч ҳолатда – зино қилганда, бир мусулмонни ноҳақ ўлдирган ва жамоатдан айри бўлиш учун динни тарк этганда қатл этиш ҳалолдир. Шундай экан, сен қатл этган мусулмонлар шу уч тоифадан бўлса, айни ишни қилибсан. Аммо, аксинча бўлса, уларнинг қони сенинг бўйнингдадир.

Султон қўлидаги бамбукни синдирди. Мен бўйнимга қилич тушишини кутардим. Вазирлар кийимларига қон сачрамаслиги учун орқага тисарилишди.

Султон яна савол берди:
– Мол дунё ҳақида фикринг қандай?
– Агар ҳалол бўлса, ҳисоб-китоби бор, харом бўлса, азоби – деб жавоб бердим.

Абдуллоҳ ибн Алий тилло тўла халтачани менга узатди. Дунёга хоҳишим йўқлигини айтдим. Аёнлардан бири “ол” деган маънода мени туртди. Чунки султон мени ўлдириш учун кичик бўлса ҳам баҳона қидираётган эди. Мен халтани олдим-да, энг сўнги чақасигача аскарларга улашиб чиқдим. Сўнг бўшаб қолган халтани улоқтириб, саройдан чиқиб кетдим.

Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакийл – Бу калимани кирганимизда айтган эдик, чиққанимизда, ҳам айтдик.

Тошкент ислом институти Матбуот котиби Аброр Мухтор Алий

150310cookie-checkБизга Аллоҳ етади ва У нақадар яхши вакилдир
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting