Саудия Арабистони 2020 йилги Ҳаж сафарларини бекор қилиши мумкин. Сўнгги маълумотларга кўра, якуний қарор бир ҳафта ичида қабул қилинади. Саудия Арабистони коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши сабабли «Ҳаж-2020» зиёратини бекор қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Covid-19 дунё бўйлаб кундалик ҳаётнинг кўплаб жиҳатларига, шу жумладан саёҳат, савдо ва бошқа муҳим иқтисодий соҳаларга таъсир кўрсатди.
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги вакили ҳар бир мусулмон ўзи ва атрофидагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини эслатиб ўтди.

Ҳаж зиёратининг тўхташи қиёмат аломатларидан биридир

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لَيُحَجَّنَّ البَيْتُ ولَيُعْتَمَرَنَّ بَعْدَ خُرُوجِ يَأْجُوجَ ومَأْجُوجَ»

«Қасамки, Яъжуж ва Маъжуж чиққанидан кейин ҳам Байт-Каъбада ҳаж қилинади ва умра ҳам қилинади» (Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда айтадилар:

«لاَ تَقُومُ السَّاعَةٌ حَتَّى لاَ يُحَجَّ الْبَيْتُ»

«Байт, Каъба ҳаж қилинмай қолгунча Қиёмат соати қоим бўлмайди».

Саҳиҳул-Бухорий шарҳида имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса, қуйидагича шарҳлайдилар:

«Иккала ҳадисни ҳам бир-бири билан жамлаш мумкин. Яъжуж ва Маъжуж чиқиб, сўнг уларнинг фитнаси тугаб, ҳалок бўлиб кетганидан кейин ҳам одамлар ҳажга борадилар. Қиёмат соати зоҳир бўлиши яқинлашган даврларнинг қайсидир бир вақтида, Қиёмат соати жуда ҳам яқинлашиб қолган пайт ҳаж тўхтаб қолиши мумкин. Аллоҳ Ўзи билгувчироқ Зот, «Ҳаж қилинади ва умра ҳам қилинади…» деган сўзларидан кўзланган мақсад шуки, унинг макони ҳаж қилинади. Чунки, кейинроқ келадиган бобда батафсилроқ хабари келади, ҳабашлар Каъбани бузиб ташлаганларидан сўнг у қайта қурилмайди. Яъни, Каъба биноси йўқ қилинганидан сўнг бўшаб қолган ўша ерида, унинг белгилари қолиб, ўша белгилар атрофидан тавоф қилиниб, ҳаж ва умралар ўша пайт ҳам шу тарзда давом этади» (Фатҳул-борий).

Демак, Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг шарҳларига биноан, охири замонда ҳабашистонлик кофир босқинчилар томонидан Каъба биноси вайрон қилиб ташланганидан кейин ҳам ҳаж ва умралар давом этади, гарчи Каъба биноси йўқ бўлса ҳам. Кейин яна қанчадир замон ўтиб Қиёмат соати жуда ҳам яқин бўлиб қолганда ҳаж ва умралар бутунлай тўхтаб қолади.

Лекин, ундан олдинги даврларда ҳам қисқа муддат давомида ҳаж ва умралар тўхтаб қолиб, кейин яна қайтадан ҳаж қилиш бошланиши ва узоқ асрлар давом этиши мумкин. Тарих бунга гувоҳ. Исломнинг 14 асрлик тарихи давомида бир неча марта шунга ўхшаш улкан мусибатлар рўй берган. Аллоҳга шукрки, ана шу мусибатларнинг ҳеч қайси бири узоқ давом этмаган, балки бутун дунёдан келадиган мусулмонлар тез орада яна қайтадан тўп-тўп бўлиб келишиб, ҳаж ва умралар қилишда давом этганлар.

islam-today.ru ва бошқа интернет материаллари асосида тайёрланди

150540cookie-checkҲаж зиёратининг тўхташи қиёмат аломатими?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting