“Маъазаллоҳ” сўзини Қуръонда Юсуф алайҳиссалом ишлатган. Юсуфга Миср ҳокимининг хотини васваса қилиб келганда “Маъазаллоҳ” дейди.

“Маъазаллоҳ” مَعَاذَ الله – арабча сўз бўлиб, “Аллоҳ сақласин” деган маънони англатади. Луғатда “Маъаза” сўзи “дарахт танасига ўралган чирмовиқ барглар” ёки “суякка ёпишган, олиниши қийин бўлган гўшт” маъноларини англатади.

“Маъаза” مَعَاذَ сўзини одамлар ўртасида муносабатда ҳам тасвирлаш мумкин. Яъни, ёшгина қизалоқ кўчада ўйнаётиб кучукдан қўрқиб кетса, ёнидаги отаси ёки онаси ёпишиб, қаттиқ тирмашиб олади, ўзини хавфдан холи ҳис қилади.

Аслида “Маъазаллоҳ” сўзини Қуръонда Юсуф алайҳиссалом ишлатган. Эсингизда бўлса, Юсуфга Миср ҳокимининг хотини васваса қилиб келганда қўрқиб кетиб “Маъазаллоҳ”, яъни Аллоҳ сақласин, дейди. Юсуф сураси 23-оят:

وَرَٰوَدَتۡهُ ٱلَّتِي هُوَ فِي بَيۡتِهَا عَن نَّفۡسِهِۦ وَغَلَّقَتِ ٱلۡأَبۡوَٰبَ وَقَالَتۡ هَيۡتَ لَكَۚ قَالَ مَعَاذَ ٱللَّهِۖ إِنَّهُۥ رَبِّيٓ أَحۡسَنَ مَثۡوَايَۖ إِنَّهُۥ لَا يُفۡلِحُ ٱلظَّـٰلِمُونَ

У (Юсуф) уйида бўлган аёл уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб «келақолгин», деганида, (Юсуф) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар».

Шундай қилиб, “Маъазаллоҳ” қийин вазиятларда ёрдам учун ёлғиз Аллоҳга талпинмоқ, интилмоқ экан.

“Маъазаллоҳ”, нақадар ажойиб ва ҳайратланарли сўз.  Бугунги кунда биз ҳам ижтимойи тармоқлар, телефон ва мессенжерларда одамлар билан мулоқот қилишда, гуруҳ ва каналларда тарқалаётган видеоларда турли хил беҳаё ва ахлоқсиз нарсаларни кўрганда Юсуфга ўхшаб “Маъазаллоҳ” дея олайлик.

Доим эсда тутингки, шайтон жуда сабрли, у аста-секин ҳаётингизга киришга ҳаракат қилади, гуноҳни чиройли кўрсатиб, вақт ўтган сайин онгингизни ҳам, юрагингизни ҳам бузади.  Ҳеч биримиз мукаммал эмасмиз, ҳаммамиз гуноҳ қиламиз, лекин Аллоҳ: “Мена дуо қилинг, жавоб бераман”, деган.  Бундай вазиятда энг муҳим нарса, қилган гуноҳ учун тезда тавба қилишдир.

Шундай қилиб, агар шайтон гуноҳларга васваса қилса ёки “сенинг гуноҳинг жуда катта” деган фикр билан тавбани ортга сурмоқчи бўлса,  “Маъазаллоҳ” денг. Аллоҳни чорланг.  Яна гуноҳ қилмаслик учун Аллоҳга тавба қилинг.

Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоят қилсин ва тўғри қарорларни қабул қилишда Ўзи кучли ирода ато қилсин, Маъазаллоҳ!

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси

ўқитувчиси Зафар Маҳмудов

158230cookie-checkМаъазаллоҳ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting