Гапирган одамнинг кимлигига эмас, нима гап гапирганига қараш керак!
Аллома Мулла Алиюл Қорий

Ота дуоси ижобат, бироқ… битта истисно!

Алиюл Қорий ҳаётига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, унинг Ислом илмлари оламида кирмаган ва эгалламаган кўчаси қолмаганини кўриб, тўғриси, ҳайратдан ёқа ушламасдан иложимиз йўқ.

Алломанинг ўзлари ривоят қилиб беришича, оталари унга, “Олим бўлишингдан қўрқаман ўғлим. Шу, олим бўлмасангмикан, а?! Олим бўлсанг ҳозирги сиёсий ишларга аралашиб қолишингга тўғри келади,” деб кўп қайғурган, кўп таъкидлаган эканлар.

Лекин барибир тақдир тақозоси билан олим бўлганлар. Аммо, сиёсат ва давлат ишларига аралашмаган, илм билан мустақил шуғулланувчи олим. Ҳаттотликларидан тирикчилик воситасида фойдаланганлар. Мусҳаф нусхалаб бериш эвазига пул топганлар. Битта мусҳаф битиб беришлари бир йиллик эҳтиёжларини қоплаган. Ҳеч қандай расмий вазифада ишламаганлар. Манбаъларда келишича ҳар йил битта мусҳафни ёзиб тугатганлар.

Нега Қорий, Ҳиравий, Маккий?

Алиюл Қорийнинг тўлиқ исмлари Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий ал-Ҳиравийдир. Мулла Алиюл Қорий деб машҳур бўлганлар. Фақат ўзлари ёзган китобларида “Али ибн Султон Муҳаммад” деб ёзганлар.

Алиюл Қорий Ҳиротда туғилган. Исмоил Шоҳнинг шиалаштириш сиёсатидан қочиб, Макка шаҳрига жойлашдилар. Маккада яшаганлари учун ўзларини “ал-Маккий” деб ҳам номлаганлар. Қуръондан чуқур илмга эга бўлган олим қироат илми билан ҳам машғул бўлганлари учун “ал-Қорий”, илми ва мавқеи юксак бўлгани сабабидан “Мулла” дейилганлиги эҳтимол қилинади.

Вазият қанақа эди?..

Алиюл Қорий яшаган давр ҳижрий 10 асрда (мелодий XVI аср) Ислом дунёсининг ғарбида Усмонли давлатининг чегаралари Европанинг марказигача етиб борган эди. Сурия, Миср, Фаластин ва Ҳижоз ҳам Усмонлиларга қарар эди. Эронда Сафавийлар, Мавороуннаҳрда Шайбонийлар (ўзбеклар), Афғонистон ва Ҳиндистонда Бобурийлар ҳукмрон эди. Исмоил шоҳ бошлиқ Сафавийлар томонидан кучли даражада шиалаштириш сиёсати юритилаётган эди. Алиюл Қорий шиалаштириш сиёсати сабабли Маккага кетганлиги тахмин қилинади.

Кўчиб ўтганларининг тарихи ҳам номаълум. Эҳтимол шиалаштириш сиёсати 916/1510 билан Маккадаги илк устози Абул Ҳасан ал Бакрийнинг вафот этган 952/1545 йиллар ўртасида бўлиб ўтгандир.

Алиюл Қорий туғилган ва илк таълим олган Ҳирот шаҳри бугунги Афғонистонинг марказида жойлашган. Бу тарихий шаҳар у даврларда сунний ўзбеклар билан сафавий шиалар ўртасида доим қўлдан қўлга ўтиб турганидан, аҳоли сони анча камайиб кетган эди. Алиюл Қорий умрининг кўп қисмини ўтказган ҳамда вафот этган Макка шаҳри ҳам у пайтда Усмонли турклар қўлида бўлган.

Устозлар…

Таҳсил олган устозларига келсак, Алиюл Қорий отасининг Қуръони Каримдан ва қироатдан илми борлиги ҳақида Мустақимзода қайд қилган. Биринчи устозлари оталари бўлган. Бундан ташқари қироат илмини Ҳиротда Муиниддин Ҳафиздан таълим олганларини ўзлари айтиб ўтганлар.

Бир жиҳатда қараганда, алломанинг “олий таълим” даргоҳи Макка бўлган, десак ҳам адашмаган бўламиз. Алиюл Қорий бу муборак шаҳарда бир нечта етук уламодан дарс оладилар. Абул Ҳасан ал-Бакрий (952/1545), Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (974/1567), Али Муттақий ал-Ҳиндий (975/1567), Мир Калон (973/1565), Атиййа бин Али ас-Суламий (983/1576), Қутбиддин Муҳаммад ан-Наҳравоний (990/1082), Муҳаммад бин Муҳаммад Ал-Бакрий (993/1585), Синониддин ал-Амасий (1000/1591).

Алиюл Қори ҳаттотликда ҳам машҳур эди. Айниқса, сулус ва насх ёзувларида моҳир эдилар. Ҳаттотликни Шайҳ Ҳамдуллоҳдан (926/1520) ўргангани алоҳида эътиборга эгалиги билан бирга қаерда ва қандай ўрганганлари ҳам машҳурдир.

Ақида мусаффолиги йўлида

Аллома тавҳид илмини илмларнинг энг шарафлиси деб қабул қилган. У киши ақоидни шундай таърифлаганлар: “Ақоид (усулиддин) имон келтириш, ишониш керак бўлган нарсалар ҳақида баҳс юритадиган илмдир.” “Шарҳул фиқҳул акбар” асари ақоид китобларининг энг бошида туради. Алиюл Қори доим Абу Ҳанифа (150/767) қарашларига содиқ бўлган. Шу сабабдан, салаф эътиқодини мудом ҳимоя қилиб келганлар. Бу эътиқодга қайтишни ўзларига асосий мақсад қилиб қўйганлар.

“Салаф йўли аслам, халаф йўли эса аҳкам” йўл эканлиги умумий қабул қилинган қоида. Шу билан бирга, ўз замонида энг чўққисига чиққан ақл тарафдорлиги, бунга боғлиқ халаф йўли бўлган каломчиликни танқид қилганлар. Бу танқидларни салафнинг каломни мазаммат қилганларини нақл қилиш орқали сўзларини қувватлантирганлар.

Ким гапиргани эмас, нимани гапиргани муҳим…

“Ким динда бўлмаган нарсани пайдо қилса у рад қилингандир,” ҳадисини далил келтирган Алиюл Қорий “Фиқҳул Акбар”нинг шарҳида калом илмининг ёмон кўрилиш сабаблари орасида, каломчилар Исломнинг аслидан юз буриб, аҳамияти йўқ нарсалар билан овора эканлигида, деб кўрсатади. Инсонлар шошма-шошарликка, шубҳаларга эргашишлари ва фақат ақлга таяниб ҳукм чиқариб, оят ва ҳадислардан эмас, балки файласуфлар сўзларига ўралашиб қолишганини шу сабаблар сирасига киритадилар.

Алиюл Қорий наздиларида, динда шиддат ва таассублик тақиқланган ва зарарлидир. Шунинг учун ҳам, шиалардан қанча зулм кўрганига қарамасдан, уларнинг такфир қилинмаслиги (кофирга чиқарилмаслиги) ва уларни ўлдириш жоиз эмаслигини айтганлар. Шиаликни ҳам ислом фирқаларидан бири, деб ҳисоблаганлар. Бундан ташқари, суфийликда чуқур кетганларни, айниқса, Муҳйиддин ибн Арабийни (638/1240) қаттиқ танқид қилганлар, ҳатто куфрда ҳам айблаганлар. Чунки уларга кўра, тўғри йўл Қуръон, Суннат ва ижмоъга таянган йўлдир. Алийюл Қорий тасаввуф соҳасида ибни Таймия ва шогирди ибн Қайюм илмий қудратларини тақдирлаб, уларни ҳимоя қилганлар. Бундан алломанинг салаф давридаги барча илм мактабларига илиқ муносабатда бўлганларини англаб олишимиз мумкин.

Алиюл Қорий, “Гапирган одамнинг кимлигига эмас, нима гапирганига қараш керак,” деб ҳисоблар эди. Хато ким томонидан бўлса бўлсин, мазҳабига ҳам қарамасдан тўғрилашга ҳаракат қилар, айниқса, ўз давридаги бидъатлардан динни ҳимоя қилишда биринчилардан эдилар. Юқорида таъкидлаганимиздек, ўз меҳнати билан кун кечирганлари боис, ҳеч кимдан тиллари қисқа бўлмаган.

Дорул Бақо сари…

Алиюл Қорий Маккаи Мукаррамада 1014/1605 йилнинг шаввол ойида вафот этганлар. Тариқат шайхи бўлган Абдуллоҳ ас-Синдийнинг қабри олдига дафн қилинганлар. У кишининг вафот этганини эшитган Миср уламолари ал-Азҳар Олийгоҳи жоме масжидида ғоиб жаноза намозини ўқиганлар.

Эътироф

Алиюл Қорий Ислом илмларининг барчасини эгаллаб, ҳар соҳада камида биттадан ортиқ асар ёзиш билан ўша илмлардан воқиф эканликларини исботлаганлар, ҳамда ўз ҳиссасини қўшиб қўйганлар. Ал-Азҳарда ғоибона жаноза намоз ўқилиши у кишининг Ислом оламига салмоқли ҳисса қўшган шахс эканлигини кўрсатади. Етук уламолар томонидан битилган бир қанча таржимаи ҳолларида китобларининг машҳурлиги, муҳимлигидан бахс юритилади. Юздан ортиқ асарлари бизгача етиб келиши бунинг яққол далилидир.

Шавқоний (1270/1834) Алиюл Қорийни мақтаб, “Ижтиҳод қиладиган олим” дея таърифлайди. Лакнавий (1304/1886) эса, у кишини “Мужаддид” деб қабул қилганлар . Айниқса, замонасида мавзу ҳадисларга доир қилган ишлари билан етакчилик қилганлар.

Асарлари ичида, Ақоид, Фиқҳ ва Ҳадис илми алоҳида шуҳрат қозонган. Ул зотни дунёга танитган асарлари ҳам айнан шулар жумласидан. Юртимиздаги исломий таълим муассасаларида ҳам назмий услубда битилган “Зовъул Маалий аъла Баъдил Аъмолий” ақоидий асарлари дарслик сифатида севиб мутолаа қилинади.

Залворли мерос

Аллома Мулла Алиюл Қорий исломий илмларнинг барча соҳасида 180 га яқин ўта қимматбаҳо асарлар ёзиб қолдирганлар. Булардан аксарининг ёзма нусхалари кунимизгача етиб келган. Жумладан, ақоидга доир китоблари 15 та, ақоидга ёзган шарҳлари 4 та, Тафсир ва Қуръон илмига доир китоблари 10 та, Ҳадис илмига доир 19 та, Фиқҳ илмига доир асарлари 45 та, Тасаввуф илмига доир китоблари 15 та, Сияр ва тарожими аҳвол китоблари 7 та, Араб тили ва адабиётига доир 9 та китоб ва турли масалаларда 5 та муҳим асарларни битганлиги маълум.

Мана шу маданий меросга кўз ташлаб ҳам у кишининг юрагида чўғи бор серқирра олим бўлганлигига ишонч ҳосил қилмасдан иложимиз йўқ. Ислом дунёси илм оламига назар соладиган бўлсак, алломанинг биронта асари ҳақида ёқимсиз сўз юритилмаганининг шоҳиди бўлишимиз мумкин. Аксинча, ҳар бир соҳада битган китоблари қимматли манба сифатида ўрганилади, фойдаланилади.

Аллоҳ Алломанинг буюк меросини то қиёматга қадар садақаи жория сифатида жорий қилсин!

Усмонова НИГОРА,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси


Аллома Алиюл Қорийнинг қўл меҳнатларидан намуналар.

159500cookie-checkАлийул Қорий – илмнинг барча марраларини забт этган
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting