Саҳарлик қилиш рўзадорлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларидир:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ:« تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِى السَّحُورِ بَرَكَةً ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликда барака бор”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйидаги маънолар келган:

1. “Саҳарлик қилиш” маъносини англатадиган “Суҳур” калимаси, саҳар вақтидан олингандир. Бундан “Саҳарлик қилиш”нинг вақти кечанинг охири экани билинади.

2. Ҳадиси шарифдаги “Саҳарлик қилинглар” деган буйруқ вожиб учун эмас, мустаҳаб учундир. Бунга Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйдаги маънодаги ҳадис далолат қилади: “ Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор (ейдиган) нарсангиз борми ? дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизда ҳеч нарса йўқ”, дедим. У зот: “Ундай бўлса мен рўзадорман”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ибн Мулқин: “Уламолар саҳарлик қилишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилганлар, у вожиб эмасдир”, деган.

3. Ҳадиси шарифдаги буйруқ мустаҳаб учун бўлганидан кейин, саҳарлик қилишнинг ҳукми суннат эканига далолат қилади.

4. Матнда “саҳарликларда барака бордир” дейилди. Барака “ўсиш” ва “зиёда бўлиш” каби маъноларни ўз ичига олади. Шунга кўра, саҳар пайтларида бедор бўлиш дунёга тааллуқли ишлар ҳам охиратга тааллуқли ишлар ҳам баракали бўлишига сабаб бўлади.

5. Саҳарлик қилишдаги барака бир қанча ишларда бўлади:

А. Аввало суннатга эргашиш бўлади .

Б. Аҳли китоблардан фарқли бўлиш.

Саҳарлик қилишдан ушбу маъно ҳам қасд қилинган. Чунки Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзалари орасидаги фарқ, саҳарлик қилишдир”, деганлар.

В. Унинг воситасида тоатга қувват тўплаш, Ибн Ҳиббон ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинглар”, деганлар.

Г. Саҳарлик қилиш ва истиғфор айтиш вақтида уйғониш. Бу эса қуйидаги ояти каримада васф қилинган инсонлар тоифасига кириш бўлади:

“Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар” (Зарият сураси, 18-оят).

Ифторлик қилиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тавсия қилганлар:

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى الله عليهِ وَسَلّمَ قَالَ:« لاَ يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الفِطْرَ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар модомики ифторликни тезлаштирар эканлар, доимий яхшиликда бўладилар”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф бир қанча маъноларда шарҳланган:

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳу Муслим”нинг шарҳида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу ҳадиси шарифда қуёш ботганлигини аниқ билганидан сўнг ифторликни тезлаштиришга тарғиб бор. Ҳадиснинг умумий маъноси шуки, модомики ушбу суннатни маҳкам ушлар эканлар, умматнинг иши тартибли равишда бўлиб, ўзлари хайр барака ичида бўладилар. Агар уни тезлаштирмасдан орқага сурсалар бу улар орасидаги фасоднинг аломати бўлади”.

Зайниддин Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул қадир”да бундай деган: “Яъни модомики ушбу суннатда бардавом бўлар эканлар доимий яхшиликда бўладилар. Чунки қуёш ботганлигини аниқ билганидан сўнг тез оғиз очишлик пайғамбарларнинг суннатларидир. Ким ушбу суннатни маҳкам ушласа, уларнинг хулқлари билан хулқланган бўлади. Қолаверса, бунда ифторликни юлдузлар чиққунига қадар ортга сурадиган аҳли китоблардан фарқли бўлиш ҳам бор. Шунга кўра, бундай кишилар суннатга эргашганлари учун доимий яхшиликда бўладилар. Бироқ кимки ортга суришликни вожиб ё мандуб деб билмасдан ортга суриб очса, зарари йўқдир”.

Аммо Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ: “Ифторликни ўз вақтидан ортга суришда суннатни тарк қилиш бўлганлиги сабабли зарар бордир”, деган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

159610cookie-checkСАҲАРЛИК ВА ИФТОРЛИК ВАҚТЛАРИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting