Жўйбор – тожикча сўз бўлиб, “катта оқар ариқ”, “ариқ бўйи” маъноларини англатиб, ушбу нисбат тарихи Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари – Фотима разияллоҳу анҳунинг набиралари Зайнулобиддин ибн Ҳусайн авлоди Хожа Саъд “Жўйборий Хожалар”га бориб тақалади.

“Жўйбори калон” аёл-қизлар мадрасаси тарихи

Али ибн Ҳусайн Хуросондан Бухорога келгандан кейин у билан бирга ўша машҳур Чор Бакрлар – Абу Бакр Саъд Яманий, Абу Бакр Тархон, Абу Бакр Фазл, Абу Бакр Ҳомидлар ҳам бу юртга келиб, бир умр шу ерда қолиб кетадилар, Бухорода ислом динининг тарғиботи, дунёвий илмлар ва фалсафий адабиётнинг ривожига улкан ҳисса қўшадилар.

Айниқса, ҳарб илмини пухта эгаллаган соҳиби каромат Хожа Саъд (Имом Ҳусайннинг невараси) Бухоро амири Исмоил Сомонийнинг ҳарбий юришларида маънавий мадад бериб, қўллаб турган. Йиллар ўтиб, Хожа Саъд вафот этганда унинг жасади, васиятга кўра, Сумитан (Чор Бакр) қишлоғидаги қадимий қабристонда кўмилган. Кейинчалик бу жой Жўйборий саййидзодаларнинг мангу хобгоҳлари бўлиб қолган.

Чор Бакрларнинг кароматлари билан амир Исмоил ғалаба қилиб, катта ўлжа, мол-мулкни қўлга киритган. Уларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд бўлган амир Исмоил Сомоний Чор Бакрлар учун Шаҳристондан жануб томонидан Жўйи Мўлиён деган хушҳаво, серҳосил ва гўзал жойлардан ерлар ажратиб, уларга вақф қилди.

Жўйи Мўлиён ерлари қадим вақтларда Тағшода (Бухоро шодшоҳи, Бухорхудотнинг ўғли) мулки бўлиб, у ўз ўғиллари ва куёвларининг ҳар бирига тақсимлаб берган эди. Амир Исмоил Сомоний бу ерларни халифага Мустаин ибн Муътасимнинг лашкарбошиси бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан 10000 дирҳамга сотиб олди. Амир Исмоил Жўйи Мўлиёнда саройлар ва боғлар барпо қилиб, кўпроқ қисмини маволийларга берди.

Маволий “мавло” сўзининг кўплиги бўлиб, “озод этилган қул” маъносида қўлланган. Исмоил Сомоний лашкари орасида асир тушиб, қул бўлган, кейин озодлик олиб, аскар сифатида хизмат қилганлар бор эди.

Бухоро шаҳри яқинидаги бу ерларни араблар “Фаровиз ул-улё” (Шаҳристонинг нари ёғидан оқиб ўтувчи сув) дейишарди. Исмоил Сомоний озод бўлган қулларни жойлаштиргач, бу ерлар Жўйи Маволиён деб атала бошланди. Халқ буни қисқартириб, Жўйи Мўлиёнга айлантирди.

Чор Бакрлар ўша Исмоил Сомоний даврида обод, фараҳли Жўйи Мўлиёнда ўрнашиб, бутун авлод шу ерда умр кечирганлар. Бу ер кейинчалик халқ томонидан соддароқ Жўйбор деб ҳам атала бошлаган. (Ҳозирги Чор Бакр мажмуи жойлашган Сумитан қишлоғи). Шунинг учун ҳам Чор Бакрларни Жўйбор хожалари, шайхлари, авлиёлари деб ҳам тилга оладилар. Уларнинг ерлари жуда кўп бўлган.

Минг йил давомида Чор Бакрлар Бухорода катта нуфузга эга бўлиб, бу ерларнинг илму маърифати, маънавий ҳаётида иштирок этганлар. Бухоро ҳукмдорлари улар билан доим ҳисоблашган. Қийинчилик пайтларида маслаҳат олганлар. Юртнинг озодлиги, осойишталиги учун курашда уларнинг ёрдамларига суянганлар. Ҳар хил туҳфа, инъомлар ҳам қилганлар. Аммо бу зоти шарифлар қўлларида бор нарсани сарфлаб, масжидлар, мадрасалар қурганлар. Кутубхоналар, шифохоналар, очганлар. Айниқса, ғариблар, муҳтожларни ҳимояларига олиб, ҳаётини таъминлаганлар. Ўзлари камтарона, хокисор, дабдабасиз яшаганлар, кейинги авлодларга шундай тарбия бериб, инсон камолотини намойиш этганлар.

Жўйбор хожалари ва уларнинг зурриётлари асосан шаҳарнинг Жўйбор мавзеида истиқомат қилишган. Хожа Саъдиддин (1531-1589 Калонхожа) ибн Хожа Исломнинг (1493-1563) авлодлари шу мавзенинг Ҳавзи Нав гузарида яшаганлар. Бу гузарда масжид бўлиб, унинг биноси (XVII аср) Абдулазизхоннинг онаси ўз маблағи билан қурдирган. Масжид рўпарасида йўлнинг шимолий томонида катта мадраса бўлиб, у “Жўйбори Калон” мадрасаси деб номланган. Мазкур мадраса Субҳонқулихон даврида XVII асрнинг иккинчи ярми, аниқроғи, 1670-71 йилларда Хожа Саъдиддин ибн Хожа Исломнинг невараси, Хожа Абдураҳим Жўйборнинг қизи Ойпошша биби меросий мулки маблағи ҳисобидан қурдирган. У бир неча таноб ерлар, дўконларни ўша мадрасага вақф қилган. Ойпошша солиҳа, фозила, зоҳида ва тақводор аёллардан бўлиб, унинг насаби қуйидагича: Ойпошша бинт Абдураҳимхожа ибн Хожа Саъдиддин (Хожа Калон) ибн Хожа Ислом ибн Хожа Аҳмад ибн Хожа Яҳё…

Мадраса талабаларининг моддий таъминоти Жўйбор шайхлари зиммасида бўлган. Хожа Саъдиддиннинг катта ўғли Хожа Тожиддин Ҳасан Жўйборий (ваф. 1646) отаси вафотидан кейин нақшбандия тариқати давомчиси сифатида танилган бўлиб, унга ота-боболаридан катта мол-мулк мерос қолган. У жуда саховатпеша бўлиб, ҳар куни новвойхоналарда 1001 дона нонни таваккалий (70-80 см. ли бухорий оби нон) ёпиб, уни ҳар куни Жўйбор фуқароларига, шаҳар мадрасаларининг талабаларига тарқатган.

Шуни ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Хожа Ислом Жўйборийдек нақшбандия тариқатининг буюк қутбининг мазкур Жўйбор мадрасаси кутубхонасида 8 минг жилддан ортиқ ноёб китоблари сақланган.

Мадраса жойлашган Жўйбор мавзеи қалъа ичига кирмагани учун “Жўйбори Берун” деб аталади.

Мадрасанинг баланд пештоқли эшиги жануб томонга қараб очилади. Дарвоза рўпарасида ихчамгина ҳовуз – Ҳовузи Нав жойлашган. Мадраса, масжид, ҳовуз меъморий мажмуани ташкил этади. Шўролар даврида ҳовуз ёнидаги минор бузиб ташланган.

Ойпошша биби мадраса қурилишида азалий анъанага риоя қилган. Ҳашаматли пештоқ ичидаги дарвоза орқали Миёнсаройга кирилади. Чап қўлда масжид. Ўнг қўлда томга чиқиладиган пиллапоя ва ҳужралар тизилмаси. Мадраса бир қаватли – 21 ҳужраси бор. Равоқлари кенг. Ҳужралар бир-бири билан том усти гумбазлари орқали туташтирилган. Кўча ва саҳна томонга қаратилган ёруғкирар гумбазлари орқали туташтирилган. Кўча ва саҳна томонга қаратилган ёруғкирар гиреҳлар панжаралари мавжуд. Мадраса ичкари ҳовлисининг девори безаксиз. Ҳужралар юза қисми, эшиклар устига оби ғишт кесмалари билан зеб берилган. Ҳовли ўртасида обрав (чиқинди сувлари тушиб кетадиган йўл) мавжуд. Пештоқ чап қанот деворида (ташқаридан) учта ҳужра бор. Деворларнинг кўча томон юзига аркалар билан безак берилган. Пештоқ икки томонида гулдаста, гулдастада кўшк йўқ. Мадрасани безаклари гулнорий (баҳор гуллари рангидай безак бериш санъати) рангда кошин билан парчинкорий қилинган. Китеба (бинонинг ёзувли безак қисми)сида ёзувлар бўлган. Бугунги кунда ёзувлардан биронта сўз қолмаган. Пештоқнинг юза қисмида кошинкорийдан намуналар мавжуд.

Шўролар даврида мадраса молхона, кейинчалик новвойхона, сўнгра шиша идиш қабул қиладиган масканга айлантирилган.

Алҳамдулиллaҳ, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, аёл-қизлар ҳам диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлиб, мамлакатимиз маънавиятини шакллантиришда ҳисса қўшишлари учун мазкур “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йил 1 сентябрда ўз фаолиятини бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилди. Билим юрти ўрта маълумотли Бошланғич араб тили мураббийси, Диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчиси тайёрлайди. Мадраса ташкил топган йилларида 60 нафар талаба қизлар таҳсил кўрган.

Ҳозирги кунда билим юрти талабаларига 21 нафар мударрису мударрисалар дунёвий илмлар билан бир қаторда Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, ақоид, араб тили (сарф, наҳв), хаттотлик каби фанлардан сабоқ бераётир.

Мадрасада 100 ўринли ошхона, 25 ўринли дам олиш хонаси, 8 та фан хоналари, 15 ўринли маънавият ва маърифат хонаси, 16 ўринли компьютер хонаси, спорт майдончаси, масжид, қироатхона, янги таъмирдан чиқарилган талабалар турар жойи талабалар ихтиёрида.

Мадраса 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтди ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг махсус лицензиясини ҳам олиб, Бухоро вилояти ҳокимлигидан рўйхатдан ўтказилди.

Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти диний таълим фаолиятини олиб бориш учун зарур шароитлар ва моддий техник базасига эга. Билим юрти ўз фаолиятини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус жамғармаси ва талабалар билан тузилган шартномалар асосида тушган маблағлардан олиб боради.

Таълим муассасасида қирқ саккиз кишидан иборат малакали ўқитувчи ва тарбиячилар жамоасига ҳозирда соҳа мутахассиси, тажрибали устоз, ўткир воиз Азизхўжа домла Иноятов раҳбарлик қилмоқда.

2020-2021 ўқув йилига қабул тартиби

Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига кириш:

Таълим йўналиши – исломшунослик.

Таълим шакли – кундузги.

Абитуриентлар ёши: 18 ёшга тўлган коллеж, лицей ва 11-синфни тугатган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Ўқиш муддати – 3 йил.

Ўқув шартнома пули (2019-2020 ўқув йили) – 7.500.000 сўм (янги ўқув йили учун ўқув шартнома пули ошади).

Ажратилган квота – 25 нафар.

Қабул имтиҳонлари ва таълим давлат тилида олиб борилади.

Кириш имтиҳонлари 2 та фандан ўтказилади:

Хорижий тил (тест синови) 30 Х 3.2 = 96 балл;

Тарих (тест синови) 30 Х 3.1 = 93 балл.

Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:

– паспорт (электрон шаклда);
– аттестат ёки диплом (академик лицей, ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисида) электрон шаклда;
– тил билиши тўғрисидаги сертификат (аттестат ёки дипломида ёзилган чет тилидан бошқа хорижий тилда топширмоқчи бўлганлар учун) электрон шаклда.

– фотосурат (3 х 4 ҳажмдаги).

Ҳужжатлар http://qabul.muslim.uz портали орқали онлайн қабул қилинмоқда. Қабул 20 июнь куни бошланган бўлиб, 10 июль куни ниҳоясига етади.

Билим юрти манзили:

Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри Жўйбор кўчаси.

Сайт: https://juyborikalon.uz

Телеграм канал: https://t.me/juyborikalon

Телефон: (65) 221-77-44

160190cookie-checkБухорои шарифдаги аёл-қизлар мадрасасига ўқишга марҳамат!
Дўстларга улашинг:

4 та изоҳ бор

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting