Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) салавоту саломлар айтиш ила бошлади, сўнгра: Суюклиларим, Ислом, яъни бўйинсуниш маъносида келади. Зеро мусулмон Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эккан ва ҳукмларни ижро этган кимсадир. Ислом, разийлатларга қарши курашувчи, фазийлатларга ва ахлоқларнинг карамлисига чақирувчи, раҳмату-муҳаббат, тинчликка, мусулмонлар орасида биродарликка чақирувчи улуғ дийндир. Шу маънони қисман ўз ичига олган ҳадийслардан бири Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бирингиз иймон келтирмаган бўлади токи ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродарларига яхши кўрмагунча” деганлар.

(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Фотима: Ҳадийснинг маъноси мусулмон киши ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродари учун яхши кўрмаса кофир бўлиб дўзахга тушади, деганими?

Ота: Йўқ Фотима! Асло ундай эмас. Ушбу ҳадийсдаги сўз сен айтаётган мақсад учун эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “иймон келтирмайди”  деган сўзларидан мақсад, мусулмон кишининг қалбидаги иймони токи у ўзи учун яхши кўрган нарсани дийндош биродарларига ҳам яхши кўрмагунча мукаммал бўлмайди, деганидир.

Холид: Демак, менда бир чиройи ўйинчоқ бўлиб, уни бир ўзим ўйнасам, синглимга ёки дийндош биродарларимга биргаликда ўйнашга беришни ёқтирмасам, шунда қалбимдаги иймоним мукаммал бўлмас эканда?

Ота: Яхши тушунибсан Холид. Худди шундай. Ислом дўстлик ва муҳаббатга чақиради, худбинликдан огоҳлантиради. Ўзингда бир нарса бўлса дийндош биродарингга ҳам ундан бер, яхши нарса емоқчи бўлсанг дийндош биродарингга ҳам уни яхши кўр, жаннатга киришни яхши кўрганингдек дийндош биродарингга ҳам жаннатга киришга ёрдам бер, уни намоз ўқишга, Қуръон ўқиш, ёдлашга чақир.

Фотима: Ислом гўзал дийндир ва мен уни жуда яхши кўраман. Ва Аллоҳга мен муслима қилгани учун ҳамд айтаман.

Холид: отажон бугун зикрлардан қай бирини ёдлаймиз?

Ота: тонгги ва кечки зикрлардан кимки уни айтса жаннатга кириши вожиб бўладиган зикр:

رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً

“Розийту биллаҳи роббан ва билислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама расула”

Маъноси: (Аллоҳни робб деб, Исломни дийн деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлдим).

(Абу Довуд ривояти)

Фотима: отажон Аллоҳнинг гўзал исмларидан бугун қай бирларини ёдлаймиз?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Латийф, (ўта лутф кўрсатувчи, барча нарсаларни нозик жойлаштира олувчи) Хобийр, (ҳар бир нарсадан ўта хабардор) ЪАзийм, (ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ) Ғофур, (кўплаб гуноҳларни мағфират қилувчи) Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи).

Бугунги дарсимизни бир набавий қисса ила якунлаймиз.

Холид: Набавий қиссалар дегани нима отажон?

Ота: Набавий қиссалар, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга айтиб берган воқеъалардир.

Бу қиссаларда маънолар ва одоблар бор бўлиб, Ислом шу одобларга чақиради.

Фотима: Қиссани эшитишга иштиёқим ошди отажон.

Ота: Қисса бундай болаларим…

Бир омонатдор киши бошқа бир кишидан уй сотиб олади. Уйни қабул қилиб олгандан кейин ичи тўла тилло бўлган бир катта хум топиб олади.

У: Бу уйнинг олдинги эгасининг ҳаққидир, буни унга қайтаришим керак, дебди. Унинг олдига бориб: Бу хумни уйдан топиб олдим, бу сенинг ҳаққинг, тиллоингни ол, мен сендан тилло эмас, уй сотиб олганман, дебди. У эса: мен сенга уйни, ерни ва ичидагиларни сотганман, бу сенинг ҳаққинг, дебди.

Бу икки кишининг омонатли, тақводор эканига ҳамда ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсани олишга қўрқишларини қаранг!

Холид: Субҳаналлоҳ, икковлари ҳам тиллони олмаяптилар… хўш нима қилишди экан отажон?

Ота: Оқил, донишманд кишининг олдига боришибди, у икковларини эшитиб… Фарзандларингиз борми? дебди. Биринчиси: менда ўғил, дебди. Иккинчиси: менда қиз, дебди. Донишманд ундай бўлса икковларини никоҳлаб қўйинг ва тиллони уларга бўлиб беринг. Ўша тиллодан озгина садақа қилишни ҳам унутманг, дебди.

Фотима: Бу ибратли қисса экан отажон.

Ота: Ҳа Фотима. Бу мусулмонларнинг ахлоқи. Бу улуғ Исломдир. Бу икки омонатдор киши молларига шубҳали нарса аралашишдан қўрқдилар. Фарзандларини никоҳлаб қўйишни айтган донишмандни ҳам эсдан чиқармайлик. Ҳаммаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Манба:islom.uz

160930cookie-checkФарзанд тарбияси (11-дарс)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting