Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ табиатан ўта камтар ва босиқ эди. Буни қуйидаги воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салоту саломларимиз бўлсин.

Машҳур ҳанафий олим Муҳаммад Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ 1863 йилда Ҳиндистоннинг Музаффарнагар вилоятига қарашли Таҳона Баҳун қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси қишлоқда кўзга кўринган, зиёли ва бадавлат киши эди. Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлигида Қуръони тўлиқ ёд олиб, араб ва форс тилларини ўргана бошлади. Кейинчалик “Девбанд” мадрасасига ўқишга кириб, ўз даврининг етук олимлари Муҳаммад Қосим Нанунтавий, Рашид Аҳмад Ганговий, Муҳаммад Ёқуб Нанунтавий ва Маҳмуд Ҳасан Девбандийлардан дарс олди.

Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ табиатан ўта камтар ва босиқ эди. Буни қуйидаги воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин. Мадраса битирувчиларига ҳужжат топшириш маросимидан олдин, Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ баъзи дўстлари билан мадраса мудири шайҳ Муҳаммад Ёқуб Нанунтавий раҳматуллоҳи алайҳни қабулига кириб: “Биз мадрасани битирганимиз тўғрисида гувоҳнома бериб, бошимизга салла кийдирилар экан, лекин биз бунга лойиқ эмасмиз, ҳали кўп ўқиб, ўрганишимиз керак. Биз каби илмсиз талабалар “Девбанд”ни битириб чиқса, мадраса номига доғ тушмасин деб, хавотирдамиз. Шунинг учун бизга салла ҳам кийдирманг, гувоҳнома ҳам берманг”, дейишади. Шунда шайҳ Муҳаммад Ёқуб раҳматуллоҳи алайҳ: “Сизлар етук устозлар орасида юрибсиз, шунинг учун ўзингизни илмсиздек ҳис қиляпсизлар. Аминманки, мадрасани битириб чиққач, кўзга кўринган олим бўласизлар”, деган экан.

Ҳақиқатан ҳам, Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ мадрасани битиргач, Канпур шаҳридаги мадрасада узоқ йил талабаларга дарс берди. У қисқа муддат ичида ўз илми ва тафаккури билан халқ орасида машҳурликка эришди. Ёш бўлишига қарамай, шайҳ Муҳаннак (Тажрибали шайҳ) номини олди.

Олим ҳаёти давомида кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар илму маърифат соҳасида устозлари янглиғ, ўз номларини тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битириб қўйишди. “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ санади билан ёд олган шайҳ Муҳаммад Исҳоқ Бардаваний, кўплаб китоблар муаллифи Ҳаким Муҳаммад Мустафо Бажнуврий ҳамда “Иълоус Сунан” китоби муаллифи шайҳ Зафар Аҳмад Усмоний ва бошқалар шулар жумласидандир.

Таҳонавий умри давомида мингдан ортиқ китоб ва рисолалар ёзди. “Тафсирул Баён”, “Аҳкомул Қуръон”, “Имдодул фатаво” каби асарлари билан, айниқса, катта шуҳрат қозонди.

Ислом тарихида ёрқин из қолдирган, кўплаб асарлар муаллифи Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ 1943 йилда вафот этди ва ўз қишлоғи Таҳона Баҳундаги “Ишқи Базон” қабристонига дафн қилинди.

Аллоҳим барчаларимизни бу маълумотларга амал қиладиган муҳсинлардан қилсин.

Соллаллоҳу ъала сайидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам.

Саййидимиз ва мавлойимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, оилаларига ва саҳобаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.

“Эълоус Сунан” китобидан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби Уролназар Мустофо таржимаси.

160960cookie-checkУммат Ҳакими Ашроф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting