Ўзбекистондаги диний вазиятга ҳар ким турлича муносабат билдиради. Дин пешволарининг юртимиздаги ислом дини бўйича вазиятга баҳоси эса кўпчилик учун қизиқ. Ислом илмида беназир бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бу борадаги фикрлари қандай бўлганини уларнинг фарзанди Исмоил Муҳаммад Юсуф билан бўлган суҳбатда сўрадик.

II-қисм
— Шайх ҳазратлари кўпчиликдан фарқли ўлароқ муносабат билдиришга эмас, ҳолатни ислоҳ қилишга кўпроқ эътибор қаратганлар. Яъни Ўзбекистондаги дин сиёсати ҳақида йиллаб гапириш мумкин. Лекин айтилган гаплардан қанчалик фойда бўлишини вақт кўрсатади. Ҳазрат гапиришни эмас, иш қилишни афзал билганлар. Танқид қилиш, қайта-қайта гапириш билан бир нарсага эришиб бўлмаслиги мумкин. Ҳадиси шарифда келганидек, яъни мункар ишни – одамлар ёқтирмайдиган ҳолат, шариатнинг мезонида ёқимсиз бўлган ишни пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. кўрсалар қўллари билан уни ўзгартиришга ҳаракат қилганлар. Ҳадиснинг давомида қўли билан мункар ишни тўхтата олмаса, тили билан. Агар тили билан ҳам ёмон ишни тўхтата олмаса, дили билан унга қарши чиқсин. Ана шу иймоннинг энг заифи, деб айтганлар. Ҳазрат доим қўллари билан ўзларининг имкониятлари даражасида китоб ёзадилар, маъруза қиладилар, вазиятни ислоҳ қилишга интилдилар. Улар ҳеч қачон вазиятдан шикоят қилиш билан вақт ўтказмаганлар. Ҳозирги кунда кўпчилик афсуски шундай. Бир китобни таржима қилсам, ҳозирги диний вазиятда китоб дунё юзини кўрадими, йўқми, деб ишни бошлашдан хавфсирайди. Ҳазрат эса китобларни тайёрлаб, унинг чиқишини Аллоҳга ҳавола қилганлар. Яъни, ҳамма сабабларни рўёбга чиқариб, ундан у ёғини Аллоҳга ҳавола қиладиган инсон бўлганлар.

Албатта, диний вазиятдан доимо хабардор бўлганлар. Чунки у кишининг олдиларига келадиган одамлар асосан диний йўналишда ишлайдиган – мударрислар, имом хатиблар, бугунги кунда халқимизни диний тарбияси билан машғул бўлган одамлар бўлган. Шу сабабли вазиятдан келиб чиқиб, ўз тавсия, маслаҳатларини ҳам бериб борганлар.
ЭСЛАТМА: Биринчи қисмда Шайх ҳазратларининг Ўзбекистонни тарк этиши ва И.Каримов билан муносабатлари ҳақида сўз борган эди.
Манба: uza.uz

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting