Россия Истанбулдаги Аё София мақомини масжидга ўзгартириш қарори бўйича АҚШникидан фарқли бўлган муносабатни илгари сурди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, Аё София мақомини ўзгартириш қарори Туркиянинг ички ишидир, дея хабар беради “gazeta.ru”.

У Патриарх Кирилл ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Верхинин билан бу ишни муҳокама қилиб бир тўхтамга келган:

“Мен шуни айтишим мумкинки, албатта, Аё Софиянинг Умумжаҳон мероси объекти мақоми инобатга олинади деб умид қиламиз”, деди Кремл вакили.

Унинг таъкидлашича, Аё София дунё маданиятининг мумтоз асари, шу жумладан рус сайёҳлари учун ҳам, муқаддас ва маънавий аҳамиятга эга.

“Албатта, биз буларнинг барчасини турк ҳамкасбларимиз ва шерикларимиз томонидан эътиборга олинишини кутмоқдамиз”, – дея хулоса қилди Песков.

Шунингдек, Россия Мусулмонлар марказий диний идораси раиси Талгат Тожиддин Истанбулдаги Аё София жомесини мусулмонлар ва насронийлар учун умумий ибодат жойига айлантириш ғоясини илгари сурмоқда. Бу ҳақида у “Интерфакс” га, Туркия Олий судининг Аё-София музей мақомини мамлакат президентининг қарори билан ўзгартириш мумкинлиги тўғрисидаги қарорига изоҳ бераркан, маълум қилди.

Хабарингиз бор, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Туркия раҳбариятини Аё Софияни масжидга айлантирмаслик ва унинг музей мақомини сақлаб қолишга чақирган эди.

Қатор давлатларнинг эътирозларига жавобан Туркия раҳбари Эрдўғон:

“Биз бошқа мамлакатларда ибодат қилмаётганимиз сабабли, бошқа давлатлар бизнинг ибодатларимизга аралашишга ҳақли эмас. Аё София мавзусида илгари сурилган айбловлар бизнинг суверен ҳуқуқларимизга тўғридан-тўғри ҳужумдир”, деган.

161200cookie-checkКремль: Аё София масаласи Туркиянинг ички ишидир
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting