Абу Ҳанифанинг (раҳматуллоҳи алайҳ) машҳур шогирдларидан бири Вакиъ ибн Жарроҳдир (милодий 746-812 йиллар яшаган). У ҳадис соҳасида ҳофиз даражасига кўтарилган. Ироқ ва Куфанинг муҳаддиси бўлган. Унинг отаси Жарроҳ ҳам ҳадис ривоят қилган муҳаддислардан ҳисобланади. Вакиъ ибн Жарроҳ ҳадис ёдлаш бўйича енг этук кишилардан бири бўлган. Бу қобилиятини кўрган Хорун ар-Рашид Куфада қози вазифасини таклиф этади. Бу вазифада ишлашни у устози Абу Ҳанифа каби рад этади. У бир неча китоблар тасниф этди. Жумладан: “Тафсирул Қуръон”, “Ас-сунан”, “Ал-маърифату ват-Тарих”, “Китобаз-Зуҳд”
Вакиъ ибн Жарроҳ ҳақида Яҳё ибн Аҳсам: “Мен сафарда ҳам, муқимликда ҳам Вакиъ ибн Жарроҳ билан тонг оттирганман. У доим рўза тутар ва ҳар кеча Қуръон хатм қилар эди, деган.

Имом Заҳабий “Тазкира” номли асарида: “Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифанинг раҳматуллоҳи алайҳининг энг таниқли шогирдларидан. У Ироқ аҳлининг муҳаддиси, ҳофиз имоми ва фақиҳлардан биридир”, деб ёзади.

Ибн Муъин айтади: Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг сўзи билан фатво берарди ва ҳадисларни эшитиб, унинг ҳаммасини ёдлаб оларди”.

Қози Сийморий: “У барча илмларини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан олди”, деган.

Ҳишом ибн Урва, Ибн Журайж ва бошқа тобеъинлар: “Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотидан сўнг энг машҳур шогирдларидан Абу Юсуф ва Зуфар билан кеча –кундуз илмий мунозаралар олиб борарди. Баъзи вақтларда улардан ўзиб кетарди”, деб хабар беради.

Аҳмад ибн Ҳанбал бундай деган: “Мен ҳадис ёдлашда, фиқҳда, музокара қилишда, ижтиҳод борасида ва тақвода Вакиъ ибн Жарроҳдан бошқасини кўрмадим”.

Абу Хотим айтади: “Вакиъ ибн Жарроҳ ҳадис ривоят қилишда Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам ҳофизроқдир”.

Ибн Аммор айтади: “Куфада Вакиъ ибн Жарроҳ замонида ундан кўра фақиҳроқ ва ҳадис соҳасида ундан кўра билимлироғи йўқ эди”.

Ибн Ҳашрим бундай деган: “Вакиънинг қўлида китоб кўрмадим. У ҳамма китобдаги нарсаларни ёдлаган эди. Мен ёдлаш ҳақида сўрадим.

У: “Гуноҳ бўладиган барча нарсаларни ташла, кейин ёдлашга ҳаракат қил”, деди”.

Тошкент ислом институти кабинет мудири Урол Назар Мустафо тайёрлади.

161290cookie-checkҲОФИЗ МУҲАДДИС ВАКИЪ ИБН ЖАРРОҲ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting