4. Арафа куни рўза тутиш. Ҳаж амалларини адо этаётган ҳожилар арафа куни рўза тутмайдилар. Аммо улардан бошқа кишилар учун арафа кунида рўза тутиш ниҳоятда савобли амаллардан саналади. Шунинг учун имкон қадар бу кунда рўза тутишга ҳаракат қилиш лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича хабар берганлар:

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ وَالسَّنَةَ وَالَّتِي قَبْلَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمُ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа куни рўза тутиш ўзидан кейинги бир йилга ва олдинги бир йилга каффорот бўлади, деб Аллоҳ таолодан умид қиламан”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

5. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш. Рамазон ойидан сўнг Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутишга улкан ажр мукофотлар ваъда қилинган:

عَنْ أَبِى أَيُّوبَ الأَنْصَارِىِّ رضى الله عنه أَنَّهُ حَدَّثَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ». رَوَاهُ مُسْلِمُ.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини гапириб берган: “Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра Шавволдан олти (кун)ни эргаштирса, тўлиқ бир йил рўза тутгандек бўлади”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу олти кун рўзани кетма-кет тутиш ҳам ёки бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз ҳисобланади.

6. Муҳаррам ва Шаъбон ойларида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилиш. Бу ойлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп рўза тутган ойлар ҳисобланади. Бунга Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзлари ёрқин далилдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Шаъбон ойидан кўра кўпроқ (нафл) рўза тутганларини кўрмаганман”.

Муҳаррам ойида рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: « أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ شَهْرِ رَمَضَانَ شَهْرُ اللَّهِ الْمُحَرَّمُ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойидан сўнг рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

7. Зулҳижжа ойида тўққиз кун рўза тутиш. Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида яъни, Қурбон ҳайити кунигача рўза тутиш ҳам афзал рўзалардан ҳисобланади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур кунларда рўза тутишлари ривоят қилинган. Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз куни нафл рўза тутишдан ташқари имкон қадар такбир, таҳлил ва таҳмид айтиш ҳамда тавба қилиш сингари солиҳ амалларни кўпайтиришга тарғиб қилинган кунлар ҳисобланади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

161410cookie-checkРЎЗА ТУТИШГА ТАРҒИБ ҚИЛИНГАН ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР – 2
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting