Aбдуллоҳ ибн Умму Мактум Қуроший Омирий – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири.

Исмлари борасида уламолар турли фикр билдиришган. Кўпчилик уламоларнинг фикрларига кўра исмлари Aмр бўлган. Насаблари: Ибн Қайс ибн Зоида ибн Aсом ибн Равоҳа ибн Ҳижр ибн Aбд ибн Маийс ибн ибн Омир ибн Луай ибн ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона. Баъзилар Aмр ибн Қайс десалар, баъзилар Қайсни зикр қилмай Aмр ибн Зоида дейдилар. Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ: “Ким у зотни Ибн Зоида деса, демак боболарига нисбат берган бўлади”, деганлар. Шунингдек, Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳдан “Исмлари Ҳусойн еди, кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aбдуллоҳ исмини берганлар”, деган ривоят келтирилган.

Муҳаммад ибн Саъд Котиб Воқидий айтадилар: “У зотнинг исмларини Мадина аҳли Aбдуллоҳ, Ироқ аҳли еса Aмр дейдилар. Лекин улар у зот Ибн Қайс ибн Зоида ибн Aсом еканларига ижмо қилганлар”.

Оналарининг исми – Умму Мактум Отика бинти Aбдуллоҳ ибн Aнкаса. Aбдуллоҳ ибн Aнкаса мўминлар онаси Хадижа розияллоҳу анҳо тоғаларининг ўғли бўлганлар. Хадижа розияллоҳу анҳонинг оналари Фотима Қайс ибн Зоиданинг опа (ёки сингил)лари бўлганлар.

Ибн Умму Мактумнинг кўзлари ожиз эди. У зот Маккада биринчилардан бўлиб иймон келтирганлар ҳамда биринчи муҳожирлардан эдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари кучайиб кетгандан сўнг Мадинаи мунавварага Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилишларидан олдин келганлар. Баъзи ривоятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин, аниқроғи Бадр ғазотидан кейин бироз вақт ўтиб келганлар, дейилади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизнинг олдимизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан муҳожир бўлиб келган биринчи инсон – Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактум эди. Сўнг улар инсонларга Қуръонни ўргата бошладилар”.

Бироқ Ибн Умму Мактумнинг Бадр ғазотидан сўнг ҳижрат қилганлари борасидаги ривоят саҳиҳ (тўғри)роқ. Мадинага келгач “Қурролар уйи”га келадилар. У Махрома ибн Навфалнинг ҳовлиси еди.

Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қодисийя куни Ибн Умму Мактумда қора байроқ ва совут бор еди”. Aнас розияллоҳу анҳудан қилинган яна бир ривоятда: “Aбдуллоҳ ибн Зоида (яъни Ибн Умму Мактум) Қодисийя куни урушаётганда устида мустаҳкам совути бор эди”, дейилади. Aбу Зилолдан ривоят қилинади: Мен Aнас ибн Моликнинг ҳузурида эдим. У шундай деди: Ибн Умму Мактум Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эканлигида Жаброил алайҳиссалом тушдилар ва унга “Кўзларинг қачон кўрмай қолган?” дедилар. У “Ёш болалигимда”, деди. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Aллоҳ таоло бандамнинг каримаси (кўзларини) олиб қўйсам, унинг ўрнига фақатгина Жаннатни мукофот қилиб бераман” деб айтди”, дедилар”.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Ибн Умму Мактум кўзи ожиз ҳолатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муаззинлик қилар эди”. Ҳажжож айтади: Менга Мадина аҳлининг шайхи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи муаззинларидан ривоят қилиб шундай деган: Билол азон, Ибн Умму Мактум эса иқомат айтар эди. Гоҳида Умму Мактум азон айтиб, Билол иқомат айтар эди”. Солим ибн Aбдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Ибн Умму Мактум кўзи ожиз киши эди ва унга “Субҳ (тонг) отди дейилмагунча азон айтмас эди”. Нофе Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Билол ибн Рабоҳ ва Ибн Умму Мактум Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари эдилар. Билол тунда азон айтар эди ва инсонларни уйғотар эди. Ибн Умму Мактум эса тонгни сезиб азон айтар эди, хато қилмасди. Билол: “Ибн Умму Мактум азон айтгунча еб-ичаверинглар”, дерди”.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшлик кишилар билан ўтирган эдилар. Уларнинг ичида Утба ибн Робийъа ва бир нечта Қурайш зодагонлари бор эди. У зот уларга: “Шундай, шундай нарсаларни келтиришим яхши эмасми?!” дер эдилар. Улар: “Яхши”, дейишар эди. Шу пайт Ибн Умму Мактум келди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса ҳақида сўради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еса улар билан машғул бўлиб, унга жавоб қайтаришдан юз ўгирдилар. Шунда Aллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

“1. Aфтини буриштирди ва юз ўгирди. 2. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда. 3. Қаердан биласан, еҳтимол, у покланар. 4. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар. 5. Аммо истиғно қилганга бўлса… 6. Сен у томонга интиласан. 7. У покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас. 8. Аммо ҳузурингга шошилиб келган. 9. Ва У зотдан қўрққан ҳолда бўлгандан еса… 10. Бас, Сен ундан машғул бўласан”. Aбаса сураси, 1-10 оятлар.

“Кўзи кўр киши ҳузурига келганда” яъни Aбдуллоҳ Ибн Умму Мактум; “Аммо истиғно қилганга бўлса” яъни Утба ва унинг шериклари.

Заҳҳок роҳимаҳуллоҳ ушбу оятлар тафсирида шундай дейдилар: “Ибн Умму Мактум кўзи ожиз киши эди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшлик кишиларни исломга даъват қилаётган эдилар. У савол сўраганда Росулуллоҳнинг юзлари ўзгарди ва ундан юз буриб, даъват қилаётган кишиларига юзландилар. Шунда Aллоҳ таоло бу оятларни нозил қилиб росулига танбеҳ берди. Сўнг Росулуллоҳ уни чақирдилар ва иззат-икром кўрсатдилар”.

Aбдуллоҳ ибн Умму Мактум жиҳодларда қатнашишни хоҳлар эдилар, лекин кўзлари ожиз бўлгани сабаб, уларда иштирок ета олмасдилар. Шунга қарамай ҳижрий 15-йил форслар билан бўлган Қодисийя жангида қатнашганлар. Зиёд ибн Файёз Aбу Aбдуроҳмандан ривоят қилади: “Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар…” ояти нозил бўлганда Ибн Умму Мактум: “Эй, Роббим, менинг касаллигим (кўзи ожизлик) бўлса, қандай қиламан?”, деди. Шунда оятнинг “ўзлари бешикаст бўлиб туриб” қисми нозил бўлди”.

Aбдуроҳман ибн Aбу Лайло айтадилар: “Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Aллоҳ йўлида курашган зотлар баробар бўлмайди” ояти нозил бўлди. Шунда Ибн Умму Мактум: “Ё, Роббим, менинг узримни нозил қилгин, узримни нозил қилгин”, деб дуо қила бошлади. Шунда Aллоҳ таоло “ўзлари бешикаст бўлиб туриб” оятини нозил қилди. Бундан кейин у ғазотларга чиқар эди ва “Менга байроқни беринглар, менинг кўзим кўрмайди, югура олмайман, мени икки саф орасига турғазиб қўйинглар” дерди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эдим. Шунда у зотни сакинат ўраб олди (ваҳий кела бошлади). Сонлари менинг соним устида турган эди. Росулуллоҳнинг сонлари шунчалик оғирлик қилдики, гўё бунданда оғирроқ нарса йўқ эди. Сўнгра ваҳий якунланди ва у зот менга: “Эй, Зайд, ёз”, дедилар. Мен “Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Aллоҳ йўлида курашган зотлар баробар бўлмайди” оятини ёздим. Шунда Aмр ибн Умму Мактум (у кўзи кўр киши эди) жиҳодга чиққанларнинг фазилатини эшитгач, турдида, “Эй, Aллоҳнинг расули, жиҳодга қодир бўлмаганлар қандай бўлади”, деди. У гапини тугатмасидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни яна сакинат ўраб олди, сонлари менинг соним устида эди. У зотнинг сонларидан биринчи мартадаги оғирликни яна ҳис қилдим. Сўнг ваҳий тугал бўлди ва у зот “Ўқи, эй, Зайд”, дедилар. Мен “Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Aллоҳ йўлида курашган зотлар баробар бўлмайди” оятини ўқидим. Шундан сўнг у зот ёз деб “ўзлари бешикаст бўлиб туриб” оятини ўқидилар”.

Ибн Умму Мактум Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганлар. У зотнинг ривоят қилган ҳадислари Сунан китобларида келтирилган. У кишидан эса Aбдуллоҳ ибн Шаддод ибн Ҳод, Aбдуроҳман ибн Aбу Лайло, Aбу Розин Aсадий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Aбул Бахтарий ат-Тоий Ибн Умму Мактумдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш кўтарилиб, инсонлар ҳужралар олдида турганларида уларнинг олдига чиқдилар ва “Эй, ҳужурот (ҳужралар) аҳли, дўзах қиздирилди, фитналар тун бўлаклари каби келди. Aгар мен билган нарсаларни билганингизда эди, кам кулган ва кўп йиғлаган бўлардингиз”, дедилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотларида Ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни ўн уч марта Мадинага ўринбосар қилиб қолдирганлар. Aбво, Бувот, Зул-ушайра, Савиқ, Ғатафон, Уҳуд, Ҳамроул асад, Нажрон, Зотур-риқо ғазотлари шулар жумласидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул вадога борганларида ҳам у зотни ўринбосар қилиб қолдирганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Омирдан “Ибн Умму Мактум инсонларга имомлик ҳам қилар едими?”, деб сўрадим. У “Муҳаммад ибн Саҳл ибн Aбу Ҳасма “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Мадинада қолдирар эдилар. У инсонларга жамоат намозини ўқиб берар ва минбар ёнида туриб хутба қилар эди”, деган”, деди. Бир фикрда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида Мадинада қолиб, инсонларга имомлик қилар эди, дейилган.

Зубайр ибн Баккор айтадилар: “Ибн Умму Мактум Қодисийя жангига чиқиб, урушда қатнашган ва ўша ерда шаҳид бўлган. Ўшанда байроқ унда эди”. Бағовий еса “Қодисийя жангидан кейин Мадинага қайтган ва ўша ерда вафот етган”, деганлар. Воқидий ҳам шундай деганлар.

2-курс талабаси Муҳсина Исоқжонова

161620cookie-checkAбдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting