Бу ҳодиса Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бироз олдин содир бўлган бўлиб, тарихда “қиртос“ воқеаси номи билан қолган. Бу воқеа Шиаларнинг Рофизия тоифаси билан Аҳли сунналар ўртасида кўп илмий мунозарага сабаб бўлган.

Имом Бухорий ўзларининг “Саҳиҳул Бухорий“ʼ китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши дедилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни дардлари кучайгач “Менга бир хат олиб келинглар, сизларга ёзиб бераман, ундан сўнг адашмайсизлар“ -дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дардлари ғолиб келди, бизга ҳузуримиздаги Аллоҳнинг китоби етади“ -дедилар. Шу сабаб ихтилоф ва жанжал кўтарилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени олдимдан кетинглар, менинг ҳузуримда тортишилмайди! “ -дедилар “.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ташқарига чиқиб: “Мусибатларнинг мусибати Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хатнинг орасига тушишдадир“ – дедилар.

“Қиртос“ араб тилида “қоғоз“ деган маънони англатади. Бу ҳадис “қиртос ҳадиси“ номи билан машхурдир.

Рофизийлар шу ҳадисни ўзларига далил қилиб, Умар розияллоҳу анҳуни бир неча айблар билан айблайдилар ва бу ҳадис Али розияллоҳу анҳунинг ҳалифа бўлишлари кераклигига очиқ далил дейдилар. Улар Умар розияллоҳу анҳуга қуйидаги 3 та айбни қўядилар:

1.Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига итоат қилмади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “менга қоғоз келтиринглар“-дедилар, Умар розияллоҳу анҳу эса келтирмадилар.

2.Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим гапни ёздирмоқчи бўлганлар, у киши эса бунга тўсқинлик қилган.

3.Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳнинг шаънларига ёмон гапларни айтган, дейдилар.

Аҳли сунна уламолари Рофизийларнинг бу эътирозларига қуйидагича жавоб берадилар:

1.Баъзан киши бошқа кишини шунчалик яхши кўрадики, яхши кўрган кишисига зарар бўладиган ўринларда унинг буйруқларига итоат қилмайди. Бунга мисол қилиб, Ҳудайбия сулҳида мушриклар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини сулҳ битимидан ўчиришни талаб қилганларида, Али розияллоҳу анҳу уни ўчириш борасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига итоат қилмаганлар.

Бунга яна бир мисол қилиб, бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолганларида, аҳли оилалари ўзаро маслаҳатлашиб, у зотга мажбурлаб дори ичирадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келганларидан сўнг оғизларига мажбурлаб дори солганларнинг барчасига дори ичирадилар. Бу ерда ҳам Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ севганларидан, у зотнинг жонлари қийналмасин деб, уларни уринтирмайлик деб, хатни ёзишларига қаршилик қилганлар.

2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим гапни ёздирмоқчи бўлганлар, дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёздирмоқчи бўлган нарсалари икки хил нарса бўлиши мумкин. Биринчиси, бу нарса рисолатнинг муҳим қисми бўлган бўлиши мумкин. Агар шундай десак, Аллоҳ таоло бу муҳим ишни етказмасларидан аввал Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларини олмаган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни хатто унга бутун уммат қарши чиқса ҳам ёздирган бўлар эдилар.

Иккинчидан, рисолатнинг муҳим қисми бõлмаган, яъни жуда муҳим иш бўлмаган бўлиши мумкин. Агар шундай дейилса, бу борада Умар розияллоҳу анҳуни айблашларига ҳеч қандай асос қолмайди.

Бундан ташқари, Умар розияллоҳуда “Токи мунофиқлар ўлиб тугамагунча Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмайдилар“ деган тушунчалари бўлган. Шу сабабли шундай иш тутган бўлишлари мумкин. Ҳадиснинг сўнгида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтган гаплари кўринишидан Умар розияллоҳу анҳуга қарши айтилгандек бўлса ҳам, аслида бу гап Рофизийларга қарата айтилгандир, яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар хатни ёзганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳалифа бўлишлари ҳақида ёзардилар ва бу билан Рофизийларнинг оғизлари ёпиларди, демоқчи бўлганлар.

3.Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳнинг шаънларига ёмон гапларни гагирган, дедилар. Ҳадиснинг бошқа тариқларида “Аҳажаро Росулуллоҳ“ калимаси ҳам келган. Бу ердаги “ъҳажаро“ калимаси икки ўзакдан чиқади. Агар “ ҳужрун“ ўзагидан чиқса, “Росулуллоҳ бўлмағур гапларни гапирдиларми?“ – маъносида бўлади. Рофизийлар шуни далил қилиб Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига ёмон гапларни гапирганлар дейдилар. Лекин, “ҳажаро“ феъли “ҳажрун“ ўзагидан ҳам чиқади. Бунда маъно “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни тарк этяптиларми?“ маъносида бўлади., Жумҳур уламолар, Умар розияллоҳу анҳу шу маънони ирода қилганлар деб Рофизийларнинг эътирозларига жавоб берадилар.

3-курс толибаси Мухлиса Махаматхонова

161640cookie-check“ҚИРТОС“ ВОҚEАСИНИ БИЛАСИЗМИ?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting