1. Номланиши:

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.

2. Санаси:

У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади.

3. Номлари:

1. Лайлатул муборока – баракали кеча;
2. Лайлатур роҳма – Аллоҳ таолонинг хос раҳмати ёғиладиган кеча;
3. Лайлатус сок – ризқлар белгиланадиган кеча;
4. Лайлатул бароъа – дўзахдан қутулинадиган, озод бўлинадиган кеча.

4. Бу кечага хос ибодат борми?

Ушбу кеча учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи қанча вақт Аллоҳ таолони ёд этишга қодир бўлса, ўшанча вақтни Қуръон ва ҳадис тиловати билан ёки уларни эшитиш билан ўтказиш лозим. Шу билан бир қаторда тасбеҳ, дуруду шариф ва нафл намозларни ўқиш лозим. Баъзи бир улуғлар бу кечада тасбеҳ намози ўқишни одат қилиб олган эдилар. Агар тасбеҳ намозини ўқий олса, уни ўқийди. Чунки у ҳақда келган ҳадисларда унинг фазилати жуда катта, деб айтилган.

5. Бароат кечасида қилинадиган ишлар:

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилишга эътибор қилиш;
2. Бу кечада ибодат қила олмаса ҳам, гуноҳлардан сақланишга қаттиқ эътибор қаратиш. Хусусан, бу кечанинг фазилатларидан маҳрум қиладиган гуноҳлардан сақланиш лозим;
3. Бу кечада тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилиб, ҳар ҳил бидъатлардан сақланиш;
4. Ўзи ва барча уммат учун хайрли дуолар қилиш;
5. Тоқат етганича зикрлар, нафллар, тиловати Қуръонлар қилиш;
6. Имкон топган киши шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиши.

6. Қабристон зиёрати:

Ҳазрати Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида қабристонларга бориб, ўтганлар ҳаққига дуои хайр қилиш ва уларга Аллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳадис билан собит бўлган мустаҳаб амаллардандир».

Шуни эсда тутиш керакки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бароат кечасида қабристонни зиёрат қилишга жамоат билан эмас, ўзлари ёлғиз борганлар ва шариат кўрсатмасига биноан Фотиҳа сурасини тиловат қилиб, орқаларига қайтганлар. Бу кечада қабристонни зиёрат қилишга аёллар эмас, эркаклар борадилар. Бу кечада аёллар қабристонларни зиёрат қилишлари жоиз эмас. Яна шуни эсда тутиш лозимки, бароат кечаси каби фазилатли кечаларда қабристонларни зиёрат қилишни фарз ёки вожиб деб тушунмаслик лозим.

7. Бароат кечасининг расм-русумлари ва бидъатлари:

Бу кечада ҳаддан зиёд ибодат қилиш, масжидларда тўпланиб, кечаси бедор бўлиш, махсус нафл намозлар ўқиш каби амалларнинг шариатда бирорта асли йўқ. Нафллар, тасбеҳу таровеҳни жамоатда ўқиш, овоз кучайтиргич орқали байтлар айтиш, бозорларда айланиш, ҳолва пиширишни зарур деб тушуниш, хусусан, бу кечада савоб етказишни зарур деб тушуниш, қабристонда чироқ ёқиш, бу кечада уйларга руҳлар келишига эътиқод қилиш, ўлган шахсннинг руҳи келади, деб тушуниш, буларнинг барчаси шариатга хилоф ишлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буларнинг ҳеч бири бизга етиб келмаган. Шунинг учун бу бидъат ва расм-русумларни тарк қилиш, жамоат ичидан бу бидъатларни йўқотиш ҳар бир мусулмонга тоқати етганича фарздир.

8. Бароат кечасида Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум шахслар:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:
«Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон» (дейди)» дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Лекин қуйидаги тоифалар бу неъматдан маҳрум бўладилар:
1. Мусулмонларга гина сақловчи;
2. Ширк келтирувчи;
3. Ноҳақ одам ўлдирувчи;
4. Зино қилувчи;
5. Силаи раҳмни узувчи;
6. Шим ёки шалворини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб, судраб юрувчи;
7. Ота онасига оқ бўлувчи;
8. Доимий ҳамр ичувчи.

Islom.uz сайти ва бошқа манбалар асосида 2-курс толибаси Муҳсина Исоқжонова

161700cookie-checkБароат кечаси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting