Ўртача катталикдаги шинам емакхона. Бу ерда асосан парҳез таомлар тайёрлангани боис бинода ишлайдиган кўпчилик бошқа жойларда овқатланишни маъқул кўришади. Менга бу ернинг тинч ва шинамлиги ёқади. Фикримни жамлаб олиш учун ҳам қулай жой.

Ўзимга керакли нарсаларни олиб бир чеккадаги тоза столга жойлашдим. Тушлик вақтидан сал ўтиб қолгани сабабли одам камроқ, столларда эса хўрандалардан қолган кўплаб нон бўлакларини кўриш мумкин. Миямга келган биринчи фикр “Ўзларига етарли нон олса бўлмасмикан?” бўлди.

Манзарани кўриб бўғзимга бир нарса тиқилди. Фикрларим тўзғиди. Нон билан боғлиқ хотираларим кўз олдимга кела бошлади…

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошлари… Кенг далаларда қўй боқиб юрган дамлармиз эди. Қишлоғимиздаги магазинга ун келса, ҳамма ишини ташлаб чопарди. Ҳар бир хонадонга нечта одам бўлишидан қатий назар ўн килограмм ун ажратилган бўлиб, ортиқча сотиб олишнинг деярли имкони йўқ эди.

Катталар ишда бўлгани сабабли ҳар сафар ун олиш учун мен борар эдим. Магазин олдида тумонат одам. Ур йиқит, тўполон эди. Кичкина бўлганим учунми, билмадим бир сафар ҳамма ун олиб бўлганидан кейин охирида қолиб кетдим. Маҳалла раиси “ун қолмади, кейинги сафар пишиқроқ бўласан”, деди. Ўша куни уйга унсиз қайтдим. Жуда алам қилди.

Ойим маккажўхорини келида майдалаб ун қилиб нон пиширганди. Сариқ печеньега ўхшайдиган маккажўхори нонининг таъми ҳали ҳам оғзимда қолган. Ўша пайтда одамлар негадир томорқасига буғдой экишга ор қиларди. Буғдой ўстиришга уқувлари ҳам йўқ эди. Шундай бўлсада, кейинги йили кузда буғдой экишга қарор қилдим.

Қишлоғимизда фақат бир инсон буғдой экар эди. У ҳам бўлса ноиложликдан, забони йўқ Худойберди ака! (Бир умр миннатдорман). У билан имо-ишора орқали гаплашиб, охири икки қоп маккажўхорига бир қоп буғдой алмаштиришга келишдим. Ҳовлимиздаги чамаси 8 сўтих ерга гўнг ташидим. Кейин тракторда ҳайдатиб буғдой сепдим.  Кетмонда жўяк олдим.

Ҳар ишлов бериш қоидаларини Худойберди ака билан имо-ишора орқали маслаҳатлашардим. Баъзи қишлоқдошлар устимдан кулган ҳам бўлишди. Аммо бу мен учун магазин олдида унга навбатда туриб, ола олмай изза бўлиб қайтгандан кўра минг марта афзал эди. Баҳорда буғдой тизза бўйи бўлиб ўсганда бегона ўтлардан тозалаб чиқдим. Ҳар ҳафтада бир марта суғораман. Энди қилаётган ишимдан завқ ола бошлагандим.

Май ойида буғдойлар бошоқ чиқариб нақ кўкрагимдан келадиган бўлди. Узоқ куттирмай июн ўрталарида буғдойларим пишди. Синфдошларимни ҳашарга чақириб, ғаллани тутамлаб ўрдик ва ғарамлаб қўйдик. Яхшилаб қуригандан сўнг янчиб донни ажратдик. Донни шамолда совуриб қопларга солдик. 14 қоп буғдой бўлди. Бу чамаси ярим тонна эди.

Бир қопини тозалатиб тегирмонда ун қилдириб келдим. Ойим нон ёпди. Завқдан танамга сиғмас эдим. Тандирдан биринчи узилган иккита нонни ойим қўлимга тутдида, “бувингга олиб бор”, деди. Бувимнинг олдига дастурхонга нонларни қўйдим. Бувим эканга, тикканга, олиб келганга, етказганига шукрона айтиб чиройли дуо қилди.

Кейин нонни ушатиб, бир бурда нонни менга узатди. Нонни оғзимга солдиму кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди… Дунёдаги энг ширин таъм эди бу. Меҳнатнинг таъми эди. Ҳалол ризқнинг таъми эди. Шундан кейин ҳар йили буғдой экадиган бўлдик.

Орадан йиллар ўтиб халқимиз буғдойни оммавий экадиган бўлди. Лекин нон билан боғлиқ ҳислар ҳеч қачон унутилмайди.

Бундан ўн икки йил аввал Лондонда ўқиётган пайтим эди. Тўқ жамият. Британияда одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам бизга нисбатан анча тўқ. Тўкин-сочинликда яшайди. Кўчада кетаётган ит мушукка қарамайди, мушук сичқонга қиё боқмайди. Чунки уларни махсус тайёрланган озиқ-овқатлар билан боқишади. Натижада ўз хусусиятини йўқотиб борса керак. Ит итлигини, мушук мушуклигини ҳис қилмайди. Тўқчилик сабаб ҳатто баъзи одамлар ҳам хусусиятини йўқота бошлаган.

Хуллас одатдагидек ёмғирли кунларнинг бирида King’s cross автобус бекатига яқинлашган эдим. Йўлда сувга бўккан француз батонига кўзим тушди. Нонни олишга чоғланиб уч-тўрт қадам ташлаган эдим икки қаватли қизил автобус нонни янчиб ўтиб кетди. Ўнга яқин одам хотиржам қараб турибди.

Аламимдан бўзариб кетдим, шекилли бекатда вазиятни кузатиб ўтирган чолу кампир ишора қилиб ёнига чорлади. Афтидан осиёлик мусулмон жуфтлик. Салом-аликдан сўнг чол қаерданлигимни сўради. Самарқандданман, дедим (Одатда мусулмонларга шунақа дейман. Улар Самарқандни яхши билишади). Асли покистонлик бўлган Сиддиқхон билан нонга бўлган муносабат ҳақида мен чиқадиган ўнинчи автобус келгунига қадар дилдан суҳбатлашдик.

Тезда хайрлашиб автобусга чиқарканман, Сиддиқхон кампирига ғурурланиб “Pure islam over there” (“Соф ислом аслида у ёғда”, яни менинг юртим Ўзбекистонда эканини) гапирди.

…Мана шундай хаёлларга берилиб тушликни ҳам ўтказдим. Дастурхонда бир бурда нон қолди. Уни қўшни столда ўтирган танишимга илиндим. “Илтимос, мана шу нон увол бўлмасин!”.

Бунёд Абдуллаев, халқаро журналист

162550cookie-checkБир бурда нон
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting