Инкор қилиб бўлмас ҳақиқатлардан бири шуки, ҳар қандай саодат Аллоҳ таолога яқин бўлишда, ҳар қандай омонлик ва хотиржамлик тоатда, ҳар қандай қазо ва тақдирга рози бўлиш Аллоҳ таолони танишда ва ҳар қандай келажакка ишонч орзуларни Аллоҳ таолога боғлашда.

Аллоҳ таолодан узоқлашиш ортидан ҳар қандай бахтсизлик, хавотир, изтироб, шумланиш келиб чиқади.

Баъзида инсон бирор бир ёмон амал қилганидан кейин қалбида қандайдир қаттиқлик бўлиб қолганини, унда ҳеч қандай руҳият қолмаганини сезади. Бирор яхшилик қилганидан кейин, молини инфоқ қилганидан, Қуръони Карим тиловат қилганидан кейин қалбида бошқача хотиржамлик, руҳият пайдо бўлади.

Аллоҳ таолодан тўсадиган бир қанча амаллар борки, банда Аллоҳга яқин бўлиши учун улардан четланиши лозим бўлади.

1. Нотўғри ақида. Мисол учун, инсон Аллоҳ таоло уни яратганига ишонса-да, лекин бир инсонни гуноҳ қилиши, кофир бўлиши фақат Аллоҳ таолонинг ихтиёри билан бўлади, бандада бу борада умуман ихтиёр йўқ деб билиш нотўғри ақида ҳисобланади, тўғриси эса инсон иймон ёки куфрни ихтиёр қилади, Аллоҳ таоло эса ундан бирини бандада яратади.

2. Аллоҳ таолога нисбатан ёмон гумонда бўлиш. Масалан, Аллоҳ таоло мени кечирмайди деб эътиқод қилиш ёки бирор мусибат етганда Аллоҳ таоло менга ёмонликни истайди деб ўйлаш. Бундай эътиқод ҳам фосид ақида ҳисобланади. Тўғриси эса, инсон қанча катта гуноҳ қилмасин, Аллоҳ таоло мени кечиради деб умид қилиш, унинг бошига қандай мусибат тушмасин, аслида бунинг ортида катта ҳикматлар бор, бунинг ортидан бир неча яхшиликлар келади, деб ишониш лозим. Чунки ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандамнинг гумонидаман, агар Мен борамда яхшиликни ўйласа, унда яхшилик бўлади, агар ёмонликни ўйласа, унда ёмонлик бўлади.” (Аҳмад ривояти)

3. Ширк – Аллоҳ таолога ибодатда бирор нарсани шерик қилиш. Ширк икки ҳил бўлади – катта ва кичик. Катта ширкка Аллоҳ таолонинг шериги бор деб эътиқод қилиш, Аллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига бут-санамларга ибодат қилиш, Аллоҳ таолога дуо қилиш ўрнига авлиёлар қабрига бориб, қабрдаги инсонлардан ҳожатини сўраш каби амаллар киради. Кичик ширкка риё, ўз-ўзидан ажабланиш, бирор амални бошқа инсонлар эшитишлари, мақташлари учун қилиш, Аллоҳ таолога суянишниг ўрнига бир инсонга суяниш, ўзининг илмига, мансабига, молига суяниш, фалон инсон унинг мартабасини кўтаради, фалончи эса унинг мартабасини туширади деб, Аллоҳ таоло эмас, балки бирор бир инсон унга ризқ беради деб эътиқод килиш. Аллоҳ таоло Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади: ”Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларида иймон келтирадилар ҳолос.” (Юсуф, 106)

4. Ботиний гуноҳи кабиралар – бунда кибр хисси, инсон ёлғиз ўзини ҳидоят топган, қолганларни эса адашган деб, ёлғиз ўзи жаннатга лойиғ-у, қолганларни дўзахий деб билиши киради. “Одамларнинг бари ҳалок бўлди”, деб айтиш, чунки ким шундай дейдиган бўлса, энг ҳалок бўлувчиси унинг ўзи бўлади.

5. Зоҳирий гуноҳи кабиралар – буларга Аллоҳ таоло қатъий манъ қилган, унинг қилувчисининг жазоси дўзах бўлиши таҳдид қилинган гуноҳлар киради. Шуни билиш лозимки, зоҳирий гуноҳи кабиралардан кўра ботиний гуноҳи кабираларнинг ҳолати ашаддийроқ, чунки зоҳирий гуноҳи кабира қилган инсон кўпинча гуноҳи учун тавба қилади, лекин ботиний хислатлар инсоннинг табиатига сингган хиссиёт бўлиб, кўп ҳолларда инсон буни ўзида борлигини билмайди ва унга тавба қилмайди. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муқарраб бандаларидан қилсин.

(Набулсий мавъизалари асосида тайёрланган)

2-курс толибаси Матлуба Фозилова

162560cookie-checkАллоҳ таолодан тўсадиган амаллар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting