Айни кунларда Сирдарё вилоятидаги сув тошқинидан зарар кўрган «Алишер Навоий» ва «Юсуф» жоме масжидларини қайтадан қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Масжидлар миллий обидалардан андоза олган ҳолда шарқона усулда қурилади. Лойиҳада намозхонлар сиғимини кўпайтириш, масжидни мўмин-мусулмонларга ҳар томонлама замонавий ва қулай қилиб қуриш, хавфсизлик жиҳатларига алоҳида эътибор берилган.

Июнь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ва вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров Сардоба туманида бўлиб, иккита жоме масжидини қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида қатнашди.

Муфтий Усмонхон Алимов масжидлар тамал тошини қўйиб бериб, қурилишга оқ фотиҳа берди. Муфтий бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётганлар ҳаққига дуо қилди.

Ҳозирда сахий кишилар кўмаги билан масжидларга пойдевор қўйиш ишлари бажарилмоқда.

Қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилмоқда, жараённи «Вақф» хайрия жамоат фонди кузатиб турибди. 3-5 июль кунлари Фонд бошқарув раиси Искандар Халилов Сирдарё вилоятида бўлиб, масжидларнинг қурилиш ишлари билан танишди.

Масжид қуриш, намозхонлар учун қулай шароит яратиб, обод этиш – афзал амалдир. Зеро, ушбу садақаи жориянинг савоби инсон вафотидан кейин ҳам тўхтамай етиб туради. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнингрозилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислиниқуриб беради», деганларини эшитганман». Бошқа бир ривоятда «жаннатда бир уй»дейилган.

162660cookie-checkСардобада сув тошқинидан зарарланган икки масжид «Вақф» фонди томонидан қайта қурилмоқда
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting