Ҳаж ибодатининг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб хушхабарларни айтганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « مَنْ حَجَّ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, фаҳш гапни гапирмаса, маъсият қилмаса, унинг олдин ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Демак, бандаларнинг ҳақларига тааллуқли бўлмаган барча гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳлаган ҳожи, албатта, ушбу ҳадисдаги кўрсатмаларга риоя қилиши лозим. Бошқа бир ҳадисда эса Умра ва мабрур ҳажнинг мукофотлари нақадар улуғ экани қуйидагича хабар берилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ تُكَفِّرُ مَا بَيْنَهُمَا وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра (олдин қилинган) умрагача (бўлган) иккаласининг ўртасидаги (сағира гуноҳлар)га каффорот бўлади. Мабрур ҳажнинг мукофоти албатта жаннатдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Умранинг фазли, яъни иккита умра ўртасидаги бандаларнинг ҳақларига тааллуқли бўлмаган сағира гуноҳлар кейинги умра сабабидан ювилиб кетиши хабар берилган. Ҳадис давомида мабрур ҳажнинг мукофоти жаннат бўлиши таъкидлаб баён қилинган. Бу эса ҳожиларни қилаётган ҳажларини мабрур ҳаж бўлишига ниҳоятда эътиборли бўлишга тарғиб қилиш ҳисобланади. Мабрур ҳажнинг қандай бўлиши ҳақида бир-бирига яқин бир қанча таърифлар берилган:

– Гуноҳ маъсиятлар аралашмаган ҳаж;
–Қабул қилинган ҳаж;
– Риё ва сумъадан (биров кўрсин ё эшитсиндан) холи бўлган ҳаж;
– Кейин бирор маъсият қилинмаган ҳаж.

Ҳожилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак дуоларига сазовор бўлиш бахтига эришган кишилар ҳисобланади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « اَلَّلهُمَّ اغْفِرْ لِلْحَاجِّ وَلِمَنِ اسْتَغْفَرَ لَهُ الْحَاجُّ ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, ҳожиларни ҳам, ҳожилар мағфират сўраган кишиларни ҳам мағфират қилгин”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мабрур ҳаж қилганларни ва улар дуо қилган кишиларни ҳам мағфират қилинишини сўраб дуо қилганлар. Шунга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур дуоларига эришиб қолиш учун ҳам ҳожилардан дуо олишга ҳаракат қилинади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

163420cookie-checkҲАЖНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ-2
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting