Қурбонлик қилиш ибодатида кўплаб ҳикматлар бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:

1. Қурбонлик қилиш банда учун ўзига берилган ҳаёт неъмати ва бошқа кўплаб сон-саноқсиз неъматларга шукроналик ифодаси бўлади;

2. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйин эгишдаги сабру-тоқатлари ва фидокорликларини ҳамда Аллоҳ йўлидаги фидокорлик қандай тақдирланишини ёдга солади;

3. Қалбдаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни нафсу ҳаво истакларидан муқаддам қўйишга ўргатади;

4. Гуноҳларга каффорот бўлади;

5. Аҳли оиласига ва бошқаларга кенгчилик қилишга сабаб бўлади.

Қурбонлик сўйиш яъни, бир жониворнинг қонини оқизиш қандай қилиб неъматларга шукроналикни ифодалайди, деган саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: маълумки банда ўзига берилган неъматларнинг шукрини келтириши лозим. Неъматларга шукр қилиш эса шу неъматларни ато қилувчи Зотни улуғлаш ва Унинг кўрсатмаларига мувофиқ сарфлаш билан бўлади. Шунга кўра қурбонлик сўйиш икки жиҳатдан неъматларга шукроналик ифодаси ҳисобланади:

1. Қурбонлик сўйиш туфайли аҳли оиласига, қавму-қариндошу, қўни-қўшниларга серобчилик қилинади, камбағал бева-бечораларга садақалар қилинади. Бу ишлар эса банда учун Аллоҳ таолонинг берган неъматларидан шоду хурсанд бўлиб яшаётганини изҳор қилиш ҳисобланади. Зеро Қуръони каримда бандалар ўзларига берилган неъматлар ҳақида сўзлашлари лозимлиги айтилган:

“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Қурбонлик қилиш туфайли банда ўзига берилган неъматларни “сўзлаётган” бўлади. Шунинг учун қурбонликка айбу нуқсонлардан саломат бўлган энг яхши ҳайвон танланади.

2. Қурбонлик сўйиш Аллоҳ таолонинг берган хабарини тасдиқлаш ҳисобланади. Яъни Аллоҳ таоло чорва ҳайвонларини инсонлар манфаатланишлари учун яратган ва уларни сўйиб тановул қилишларига рухсат берган:

“Ва чорвалардан ҳаммоларини ва (сўйгани) ерга ётқизиладиганларини пайдо қилди. Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар” (Анъом сураси, 142-оят).

Демак қурбонлик қилувчи мўмин Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган нарсани шукроналик билан тановул қилаётган ва Аллоҳнинг берган хабарини амали билан тасдиқлаётган бўлади.

Шунинг учун қурбонлик қилувчи мўмин ҳайвонни бўғизлаб сўйиб ташлайдиган “шафқатсиз” киши эмас, балки ўзини ҳам, шу ҳайвонни ҳам яратган ҳамда бу жониворни ўзига ризқ қилиб берган Зотнинг хабарини тасдиқлаётган, жониворларга азият беришдан қатъий сақланадиган, ҳатто сўйиладиган ҳайвоннинг ёнида пичоқ қайрашни ҳам жоиз деб билмайдиган энг меҳр шафқатли банда ҳисобланади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

164410cookie-checkҚУРБОНЛИК ҲИКМАТЛАРИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting