Тафоул ‒ шумланишнинг зидди, яхши гумон ва тахминда бўлиш дегани. Оиша розияллоҳу анҳо таъкидлаганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сертафоул зот бўлганлар. Ҳар бир ҳолат, ҳар бир ишда яхшилик истаб, яхшилик кутар эдилар.

Бу эса у зотнинг Парвардигорларини яхши таниганларидан, Унинг бандаларига раҳму шафқатини, ҳар бир ишдаги чексиз ҳикматини, қудратини яхши билганларидан ва Унга чин дилдан суяниб, таваккул қилганларидан эди. Шунинг учун ҳам у зот бемисл машаққатлар, ўта оғир ҳолатларда ҳам ўзни йўқотмай, барчасини енгиб ўтдилар, ҳар бир вазият учун энг тўғри ечимни, “олтин чизиқ”ни танлай билдилар ва муваффақият қозондилар. Бўлмаса, йигирма йилдан ортиқ узликсиз аёвсиз ва ҳар тарафдан ёвлик, ўн йиллар тарбиялаб, етиштирган шогирдлари, энг яқин кишиларидан кетма‑кет айрилиш, фарзандларни бирин‑кетин дафн қилиш, даъват йўлидаги машаққатлар… Буларга қарши тик туриш осон эмасди. Бироқ, у зот тақдирга бўлган иймон ва тафоул билан барча оғирликларни кўтара олдилар.

Ҳар бир мусибатда, ҳатто танага кирган тиканда ҳам савоб борлиги, вабо, талофат, ички оғриқ билан вафот этганлар шаҳид мақомида бўлиши ҳақидаги ва бошқа шу мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам айнан тафоул тушунчаси атрофидаги, уни мустаҳкамлайдиган маъноларга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморни кўрганларида: «Ҳечқиси йўқ, тозаланиш, иншооллоҳ», дейишлари ҳам ҳар жиҳатдан тафоул тушунчасини қувватлайди.

Бугунги вазият ҳам қанчалар ваҳимали, хатарли ва оғир бўлмасин, биз уни аввало тақдирга бўлган иймон ва тафоул билан қабул қилишимиз керак. Мана шунинг ўзи касалликка қарши энг муҳим чора бўлади, дардга ярим даво бўлади. Буни мутахассислар ҳам таъкидлашмоқда. Бошқа чора‑тадбирларни мана шу пойдевор устига қуриб, билим ва холислик билан амалга иш тутилса, иншооллоҳ, ҳаммаси жойига тушиб, мусибатдан ютуқ билан чиқамиз.

Тафоул кишини муаммолар қаршисида заиф, тутқин бўлишдан асрайди ва вазиятга пастдан эмас, юқоридан баҳо бера олиш ва тўғри ечим тақдим этиш муҳитини яратади.

Айтишларича, касалнинг ўзидан ҳам кўра ваҳимаси хатарли экан. Инсон ваҳимага тушганда ундаги иммунитет пасайиб кетар экан ва эшик қоқиб киролмай турган бошқа касалликларга ҳам қулай фурсат юзага келар экан. Мана шунинг ўзи энг катта дарддир.

Келинг, тақдирга иймон, Меҳрибон Роббимизга таваккул ва Ундан яхшилик умид қилишни ўзимизга шиор қилиб олайлик. Шунинг ўзи энг яхши ҳимоя ‒ карантин ва ярим даводир.

165310cookie-checkТафоул ‒ ярим даводир
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting