Совет даврида, ҳатто ҳозир ҳам халқимизнинг бир фарзандини яхшироқ, ижобий фаолият кўрсатган деб тасвирлаш учун иккинчи бир тарихий шахсни салбий шахс сифатида талқин қилиш одат тусига айланган эди. Бу ўринда Бобур ва Шайбонийхонни бир-бирига ўта зид равишда талқин қилинганини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Тарихчиларимиз зиммасига ўлкамиз тарихини холисона ва ҳаққоний ёритиш, унга адолат нуқтаи назаридан ёндашиш ва баҳо бериш каби улкан вазифалар қўйилмоқда. Ўзбекистоннинг қадимги тарихи ва маданияти, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, илк шаҳарсозлик маданияти, қадимги маданий алоқалар мавзуларига катта эътибор бери-лаётганлиги аҳамиятга моликдир. Зеро, Ўзбекистон тарихидаги иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнларни акс эттирувчи ёзма манбалар ва ҳужжатларни янги асосларда таҳлил этиб умумлаштириш муҳим. Халқимиз тарихини ўрганиш ва уни тарғиб этишда, ўзбек давлатчилиги тарихида, унинг маданий ривожланишида сулолалар бошқаруви, ҳукмдор сулолаларнинг айрим вакиллари алоҳида ўрин тутади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, совет даврида (ҳатто ҳозир ҳам) халқимизнинг бир фарзандини яхшироқ, ижобий фаолият кўрсатган деб тасвирлаш учун иккинчи бир тарихий шахсни салбий шахс сифатида талқин қилиш одат тусига айланган эди. Бу ўринда Бобур ва Шайбонийхон (ёки темурийлар ва шайбонийлар) бир-бирига ўта зид равишда талқин қилинганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Адолат билан иш тутсак, Бобурни халқимиз тарихида тутган ўрни бўйича улуғлашимиз табиий. Аммо Шайбонийхон ва шайбонийларнинг ҳам давлатчилигимиз тарихидаги хизматларини инкор этиб бўлмайди. Бу масалага ёндашувнинг яна бир жиҳати шундаки, 1500 – 1501 йилларда юртимизда ҳокимият алмашинуви юз берди, у темурийлардан шайбонийлар қўлига ўтди, лекин эл-юрт ўз жойида қолди, миллий давлатчилик анъаналари давом этди.

Шайбонийларга нисбатан қарашларнинг салбийлашиш омиллари ўша даврга оид тарихий манбаларнинг йўқлиги эмас, балки уларнинг хилма-хиллигидир. XVI асрдаги Ўрта Осиё халқлари тарихининг муфассал, кўп сонли тарихий манбаларга асосланган таҳлиллари мавжуд бўлсада, уларнинг аксариятида темурийлар ва шайбонийлар ўртасида муносабатлар ўзаро ҳарбий-сиёсий аҳамиятга моликлиги нуқтаи назаридан илгари сурилади.

Дашти Қипчоқ қабилаларини бирлаштириш ва ўзбек давлатини қайта бунёд этиш вазифасини Шайбонийхон амалга оширди. Шайбонийхоннинг сиёсат майдонига чиқиши Темурийлар салтанатининг парокандаликка учраган даврига тўғри келди. Мовароуннаҳрдаги тарихий вазиятни тўғри баҳолай олган Шайбонийхон унинг ҳудудларини ишғол этишга киришди. Шайбонийхон билан кескин уруш ҳаракатларини олиб борган темурийлар авлоди – ўз даврининг йирик давлат арбоби Бобур подшоҳ эди. Муҳаммад Шайбонийхон тарихда темурийлар ҳукмронлигини йўққа чиқарган кучнинг
тимсоли сифатида қолди. Аммо темурийларнинг Мовароуннаҳр тарихи саҳнасидан тушишига, энг аввало, уларнинг ўзлари айбдор эдилар, яъни Соҳибқирон боболари бирлаштирган салтанатнинг парчаланиши тахт талашган набиралар ғавғоси туфайли, ўзаро иттифоқнинг йўқлигидан юз берди; бу тарихий ҳақиқат ва тарихнинг қайтарилмас ҳукми эди.
Бу хусусда одил ва холис баҳони Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида аниқ-равшан битиб қўйган. Орадан неча асрлар ўтди, Бобур билан Шайбонийхоннинг ўзаро зиддияти тарих мулкига айланди, таниқли ёзувчи Хуршид Даврон таъбири билан айтганда, бу зиддиятни бугунгача «кўтариб юриш» илмга мутлақо зид ва тарихий воқеаларни холис баён этишга халақит берувчи сохтакорликдан бошқа нарса эмас. Аслида, битта миллатга, битта халққа мансуб бўлган ҳар икки давлатнинг ҳукмрон табақалари бир-бирлари билан қуда бўлишга интилганлар. Хусусан, кўпгина темурий шаҳзодалар Дашти Қипчоқдан келин олган бўлсалар, баъзи темурий маликалар у ерга келин бўлиб тушганлар. Буни қуйидаги қатор мисолларда кўриш мумкин. Жумладан, ҳали Муҳаммад Шайбоний ва Бобур сиёсий майдонга келмай туриб, XV асрнинг ўрталарида Абу Саид Мирзо (1451 – 1469) ва Дашти Қипчоқ хони Абулхайрхон (1428 – 1468) ўртасидаги иттифоққа биноан Мирзо Улуғбек (1409 – 1449)нинг қизи Робия Султонбегим Абулхайрхонга турмушга берилган ҳамда улардан туғилган ўғиллар – Кўчкунчихон (1512 – 1529) ва унинг авлодлари 1578 йилга қадар Самарқанд ва унинг атрофларида ҳукмронлик қилган бўлса, иккинчи ўғли Суюнчхожахон (вафоти 1525 йил)нинг авлодлари 1583 йилга қадар Тошкентда ҳукмронлик қилган. Шунингдек, XV аср ўрталарида Астраханда ҳукмронлик қилган шайбоний сулоласи вакилларидан бири бўлган Аҳмадхон ҳам Султон Ҳусайннинг синглиси Бадакабегимга уйланган. Улардан туғилган ўғиллар кейинчалик, 1469 йили Султон Ҳусайн Ҳирот тахтини эгаллагач, шу ерда султон хизматида бўлганлар. 1497 – 1501 йилларда Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон ўртасида Мовароуннаҳр ҳукмронлиги учун кураш кечган йиллар ва ундан кейинги даврда ҳам темурийлар ва шайбонийлар ўртасида қуда-андачилик тўхтаб қолмади, аксинча, янада ривожланди. Бобурнинг беш нафар опа-синглисидан уч нафари шайбоний султонлар никоҳида бўлган. Энг аввало, 1501 йили Самарқанд қамалининг натижаси ўлароқ Бобурнинг опаси Хонзода бегим Шайбонийхон никоҳига ўтди. Муҳаммад Шайбонийхоннинг уч ўғлидан иккинчиси – Хуррамшоҳ султон (1502 – 1511) Хонзода бегим ҳамда Шайбонийхоннинг ўғли, Бобурнинг жияни бўлган ва унга Балх вилояти суюрғол қилиб берилган эди. Бобурнинг Ёдгор Султонбегим исмли синглиси 1504 йили, Ахси ва Андижон Шайбонийхон

томонидан эгаллангач, Ҳамза султоннинг Абдулатиф султон исмли ўғлига олиб берилган. Кенжа синглиси Руқия Султонбегим 1512 йили Бобурнинг шайбонийлардан енгилиши ва чекиниши натижасида Жонибек султон (Абулхайрхоннинг невараси, Шайбонийхоннинг амакиваччаси, шайбонийларнинг етук вакили Абдуллахон II нинг бобоси, 1529 йили вафот этган) қўлига тушган ва султон уни ўз никоҳига олиб, ардоқли малика сифатида эъзозлаган ҳамда ундан бир нечта фарзанд кўрган.
Бобурнинг амакиси, Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад мирзо (1469 -1494)нинг икки қизи шайбоний султонлар никоҳида бўлган. Хусусан, катта қизи Робия Султонбегим (Қоракўзбегим ҳам дейишган) Тошкент хони Султон Маҳмудхон никоҳида бўлган, 1508 йили хон ўлдирилгач, Робия Султон шайбонийлардан Жонибек султон никоҳига ўтган ва умрининг охирига қадар шайбонийлар харамида олий маликалар сафида бўлган. Тўртинчи қизи Султонбегимни 1501 йили Шайбонийхоннинг тўнғич ўғли Темур султон олган.
Шайбонийлар сулоласининг энг йирик вакили бўлган Абдуллахоннинг отаси Искандархон она томондан Султон Маҳмудхон (Бобурнинг тоғаси, Тошкент хони)нинг набираси эди. Шу жиҳатдан, Абдуллахоннинг Бобурга қариндошлиги ҳам бўлган.

Шайбонийларнинг энг йирик намояндаларидан Абдуллахон даврида Бухоронинг нуфузи янада ортди. Абдуллахон Ҳиндистондаги бобурийлар билан илиқ дипломатик муносабатлар ўрнатди, бир неча марта элчилар юборди, бобурий Акбаршоҳ элчиликларни қабул қилди. Мазкур икки машҳур ҳукмдор ўртасидаги дастлабки ёзишмаларда Акбаршоҳ Абдуллахонга она томондан қариндош бўлганликларига ҳам ишора қилади, бу ҳам мамлакатлар ўртасидаги муносабатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлайди.
Темурийлар ва шайбонийларнинг қариндошлиги ва қуда-андачилиги масаласидаги бундай мисолларни кўплаб давом эттириш мумкин. Лекин 1512 йили Мовароуннаҳрда шайбонийлар ҳукмронлиги узил-кесил ўрнатилиб, Бобурнинг бу ҳудуддаги илинжи буткул узилгач, Бобур ва бобурийлар ҳамда шайбонийлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар узилиб қолмади. Бобур Ҳиндистонни эгаллаб, империя пойдеворини барпо этгач, Мовароуннаҳр билан кенг кўламли алоқаларни йўлга қўйди. Ўз феъл-атворига мос равишда шайбоний султонларга нисбатан кўнглида ҳеч қандай кек сақламади. У ўзининг «Бобурнома» асарида ёзишича, Бобур ҳали Шайбонийхон тириклиги пайтидаёқ (1510 йил ёз ойларида) унинг Пўлод султон (Темур султоннинг ўғли, 1530 йили вафот этган) исмли ёш набираси билан ёзишмалар олиб борган. Мазкур шаҳзоданинг назмга мойиллиги борлиги учун унга ўз девонини туҳфа қилган ҳамда қуйидаги шеърий байтни ўз хатига илова қилган:
Ул сарвнинг ҳарамиға гар етсанг, эй сабо,
Бергил бу ҳажр хастасидин ёд кўнглига.
Раҳм айлабон соғинмади Бобурни, бор умид,
Солғай Худой раҳмни Фўлод кўнглига [4:179].
Шунингдек, 1528 йили Бобур Аградаги элчиларни қабул қилиш маросими ҳақида ёзар экан, Мовароуннаҳрдан келган Кўчкунчихон элчиларига чап томондан жой берилгани, уларга Эрон, ҳинд ва бошқа юртлардан келган элчилар билан бир хил муносабатда бўлинганлигини таъкидлайди. Бобур бу манзарани таърифлай туриб бошқа давлат элчиларининг кимлиги, уларни ким юборганлиги, уларга қандай муносабатда бўлинганлиги сингари масалаларга тўхталмасада, Мовароуннаҳрдан келган элчиларни номма-ном санаб, уларнинг Абу Саид султон (1530 – 1533), Меҳрибон хоним (Шайбонийхоннинг келини, Темур султоннинг хотини) ва унинг ўғли Пўлод султон томонидан юборилгани, уларга қандай совғалар улашилганини батафсил ёзади. «Бобурнома»нинг 1528 йил воқеалари баён қилинган қисмида шайбонийлардан бўлган Балх ҳокими Кистан Қора султон (шайбонийларнинг машҳур вакили Абдуллахоннинг амакиси)дан келган элчилар, уларни қабул қилиш ва кузатиш ҳолатларига тўхталади.

Жараённи баён этишдаги бундай ёндашув Бобурнинг ўз она ватанига муҳаббати билан бир қаторда шайбонийлар сулоласи вакилларига илиқ муносабатда бўлганлиги, ҳатто уларнинг Ҳиндистонга ташрифи Бобурнинг кўнглини кўтарганлигидан далолат беради. Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида 1506 йилги воқеаларни тасвирлар экан, бу даврга келиб Мовароуннаҳрда Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмронлиги ўрнатилганлиги, темурийларнинг айримлари хон билан курашда ҳалок бўлгани, айримлари у томонга ўтиб кетганлиги ва биргина ўзи ёлғизланиб қолганлигини надомат билан ёзади. Шундай бўлса-да, Бобурнинг ҳарбий-сиёсий фаолиятига назар солсак, шайбонийлар сулоласига мансуб кўплаб султонлар унинг хизматида бўлганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, шайбонийлардан бўлган Бахтиёр султоннинг ўғиллари – Ҳамза султон ва Маҳди султон дастлаб Шайбонийхонга хизмат қилган бўлса-да, кейинчалик Ҳисорда ҳукмронлик қилиб турган темурий ҳукмдор Султон Маҳмуд мирзо (1494 йилга қадар Ҳисор ҳокими, 1494 – 1495 йилларда Мовароуннаҳр ҳукмдори) хизматида бўлган. Султон Маҳмуд мирзо вафот этгач, 1495 йили Андижонга келиб Бобур хизматида бўлган ва унинг дастлабки жангларида иштирок этган. Шайбонийлар наслидан бўлган яна бир давлат арбоби, саркарда Одил султон 1525 йилдан Бобур хизматида бўлган. 1525 йилги Миёни Дуоба, 1526 йилги Панипат, 1527 йилги Канва жангларида Бобур қўшинининг асосий қисмларига бошчилик қилган ва ғалабани таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. У 1528 йили Ҳиротдан Кобулга келган Султон Ҳусайн Бойқаронинг невараси Шодибегимга уйлантирилган. «Бобурнома»да ёзилишича, шайбонийлардан бўлган яна бир султон Тонготмиш султон 1528 йили Бобур ҳузурида уюштирилган зиёфатда ҳукмдорнинг чап томонида ўтирган. У шу йили Ганг дарёсининг Ҳалдий гузарида Бангола қўшини билан бўлган жангда иштирок этган ва Бобурнинг эътирофига сазовор бўлган. Шунингдек, Бобур қўшинида шайбонийлардан бўлган Муҳаммадий султон Панипат жангида (1526), Тўламиш султон Канва жангида (1527) жасорат кўрсатиб садоқатини намоён қилган. Бобур қўшинида Маҳди султон, Ҳамза султон, Одил султон, Тўламиш султон сингари шайбонийларнинг садоқат билан хизмат қилиб юқори мартабага эришгани Бобурнинг барча туркий қавмларга, шу жумладан, шайбонийларга бир халқ сифатида қараганини кўрсатади. У ўз ғаними бўлган Муҳаммад Шайбонийнинг қариндошларини ўзининг душмани сифатида кўрмайди ва душманлик қисматида уларнинг айби ёки ўрни борлигига бағрикенг ҳукмдор сифатида аҳамият бермайди. Юқорида Бобурнинг Шайбонийхон набираси Пўлод султон билан назмий ёзишмалари ҳақида тўхталган эдик. Адабиёт соҳасида ҳам бобурий ва шайбоний шеъриятида узвийлик ва боғликликни кузатиш мумкин. Хусусан, ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти Убайдуллахон (1486 – 1540) номи билан боғлиқ. Ўзбек адабиётида Убайдий (Убайдуллахон)нинг туркий тилда қилган ижодида Бобур назмига тақлид ва унинг ижодига хайрихоҳлик сезилиб туради. Мазкур муштаракликдан қуйидаги «фироқ» радифли рубоийни мисол тариқасида келтириш мумкин:

Бобур:

Андин бериким қасдим учун турди фироқ,
Юз дарду аламни манга еткурди фироқ,
Мени эшикингдин, нетайин, сурди фироқ,
Қил чора, йўқ эрса, мени ўлтурди фироқ.

Убайдий (Убайдуллахон):

Меҳнат ёсин жоним учун қурди фироқ,
Жонимға менинг жафо ўқин урди фироқ,
Ўзгага раво кўрмайин ул меҳнатни,
Ваҳ-ваҳ, не қилай, менга раво кўрди фироқ .

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, давлатчилик нуқтаи назаридан шайбонийлар даврида Мовароуннаҳрда темурийлар давридаги ижтимоий-сиёсий, маданий-иқтисодий муносабатларда айтарлик ўзгаришлар юз бермади. Мамлакат бир сулоладан иккинчи сулола бошқарувига ўтди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, темурийларнинг кучи

бир-бирига тенг бўлган бир нечта ҳукмдорлари ўзаро курашиб мамлакатни инқирозга бошлаётган бир шароитда барчасидан қудратлироқ бўлган Муҳаммад Шайбонийхон уларнинг мақсадини ўзи рўёбга чиқарди. Бу ҳодиса давлатчилигимиз тарихи учун муҳим аҳамият касб этади. Мовароуннаҳрда бир аср давомида ҳукмронлик қилган шайбонийлар сулоласига маълум маънода ўгай кўз билан қараб келинди.
Аслида, улар темурийлар, маҳаллий аслзодолар билан сингишиб, қон-қариндош бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тараққиётида муҳим рол ўйнади. Шайбонийларнинг энг йирик намояндаларидан Убайдуллахон ва Абдуллахон даврида Бухоронинг нуфузи янада ортди. Ҳатто Абдуллахон Ҳиндистондаги бобурийлар билан илиқ дипломатик муносабатлар ўрнатди, бир неча марта элчилар юборди, элчиликларни қабул қилди.

1501 – 1512 йиллар оралиғида шайбонийлар ва Бобур ўртасидаги кураш кейинги даврларда давомий тус олмаган. Бундан ташқари, шайбоний султонлар ҳарамида бўлган темурий маликалар ҳам султонларга ўзаро тинчликсеарликка асосланган ғояларни сингдиришга ҳаракат қилганлар. Демак, шу даврда темурий маликаларнинг шайбонийлар никоҳида бўлганлигини темурийлар учун заифлик эмас, балки халқлар учун тинчликпарвар сиёсатнинг шаклланишидаги муҳим ҳодиса эканлигини кўриш мумкин.

Акбар Замонов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.

“Водийнома” журналининг 2019 йил 4-сонидан.

165460cookie-checkМирзо Бобур ва Шайбонийлар ўртасидаги душманлик сурункали бўлган (миди)?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting